Кофирларнинг гўдак фарзандлари жаннатга кирадими?

Бўлимлар: 01. Эътиқод

Савол: Кофирларнинг балоғат ëшига етмай ëки гўдаклик пайтида ўлиб кетган фарзандлари жаннатга кирадими?

Жалолиддин.

Жавоб: Бу мавзуда келган ҳадислардан турли хулосалар чиқади. Бу ҳақдаги тўғри жавоб, валлоҳу аълам – Аллоҳ билувчироқдир. Нима иш қилса ҳам Унинг иши тўғри бўлади. У ниҳоятда меҳрибон ва адолатли зот.

Самура ривоят қилган узун ҳадисда, жумладан, бундай сўзлар бор:

عن سمرة بن جندب رضي الله عنه قال: كان رسول الله صلى الله عليه و سلم يعني مما يكثر أن يقول لأصحابه: «هل رأى أحد منكم من رؤيا؟» قال فيقص عليه من شاء الله أن يقص وإنه قال ذات غداة: «إنه أتاني الليلة آتيان وإنهما ابتعثاني وإنهما قالا لي انطلق وإني انطلقت معهما … قال قلت لهما فإني قد رأيت منذ الليلة عجبا فما هذا الذي رأيت ؟ قال قالا لي أما إنا سنخبرك وأما الرجل الطويل الذي في الروضة فإنه إبراهيم صلى الله عليه و سلم وأما الولدان الذين حوله فكل مولود مات على الفطرة». قال فقال بعض المسلمين يا رسول الله وأولاد المشركين؟ فقال رسول الله صلى الله عليه و سلم: «وأولاد المشركين …» (صحيح البخاري – 6 / 2583).

Самура бир Жундаб разияллоҳу анҳудан ривоят. У киши деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига кўпинча: «Сизлардан биронта одам туш кўрдими?» деб айтар эдилар. Кейин у зотга Аллоҳ хоҳлаган одам тушини гапириб берарди. Бир куни у зотнинг ўзлари дедилар: «Бу кеча менинг олдимга икки киши келди ва мени турғазиб, «юр» дейишди. Мен улар билан кетдим…

Мен у икковларига айтдим: «Мен бу кеча ажойиб нарсаларни кўрдим. Хўш, мен кўрган нарсалар нималар?» У икковлари: «Мана энди сизга хабар берамиз», дейишди. «Боғда юрган бўйи узун киши Иброҳим соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. У кишининг атрофидаги болалар эса соғлом табиат билан вафот бўлган ҳамма болалардир». Шунда мусулмонлардан бир киши сўради: «Мушрикларнинг болаларичи?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мушрикларнинг болалари ҳам». (Саҳиҳул-Бухорий – 6/2583).

Мушрикларнинг вафот бўлган болалари ҳақида бошқа ҳадислар ҳам бор.

«Исламвеб» саҳифасида эълон қилинган фатвода бундай дейилади: «Илм аҳллари оталари кофир бўлган ва балоғат ёшидан аввал вафот этганлар ҳақида бир неча хил фикрлар билдиришган. Баъзилар улар жаннатда бўлади, дейишган ва Самуранинг ҳадисини ҳужжат қилишган. У ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Иброҳим алайҳиссалом билан бирга мусулмонларнинг болаларини ҳам, мушрикларнинг болаларини ҳам кўрганлари айтилган. Ҳадис СаҳиҳулБухорийда келган… Баъзилар эса улар Қиёмат куни имтиҳон қилинадилар, дейишган. Имтиҳон ҳақидаги ҳадислар биринчи гуруҳ ҳужжат қилиб келтирган ҳадислардан хосроқдир ва уларга қарши келмайди…

Баъзи уламолар эса бу масалада фикр билдиришдан тийилишган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Саҳиҳайнда келган: «Улар нима ишлар қилган бўлардилар, буни Аллоҳ билади», деган сўзларига суянишган».  

Манба: http://www.islamweb.net/ver2/Fatwa/ShowFatwa.php?lang=A&Id=2740&Option=FatwaId&x=41&y=10