Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлигида рўза тутиш ҳақидаги ҳадисларнинг ҳукми
Савол: Бир биродарнинг айтишича, Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлик рўзаси борасида Ҳафса онамиздан ривоят бўлган ҳадис заиф экан. Шунинг учун бу рўзани суннат дейилмас экан. Шу тўғрими ёки йўқми?
Абдуллоҳ.
Жавоб: Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида рўза тутиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир неча ҳадислар ривоят қилинган. Уларнинг ичида саҳиҳлари ҳам бор, заифлари ҳам. Ҳафса разияллоҳу анҳодан Суютий тахриж қилган ҳадисни шайх Албоний ва бошқа уламолар заиф, деб ҳукм қилишган. Аммо саҳиҳ ҳадислар бу кунларда рўза тутишнинг ниҳоятда савобли ва мустаҳаб амал эканига далолат қилади. Бу мазмундаги ҳадисларни Бухорий, Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Аҳмадлар ривоят қилишган. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.
***
عَنْ هُنَيْدَةَ بْنِ خَالِدٍ عَنِ امْرَأَتِهِ عَنْ بَعْضِ أَزْوَاجِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَتْ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَصُومُ تِسْعَ ذِى الْحِجَّةِ وَيَوْمَ عَاشُورَاءَ وَثَلاَثَةَ أَيَّامٍ مِنْ كُلِّ شَهْرٍ أَوَّلَ اثْنَيْنِ مِنَ الشَّهْرِ وَالْخَمِيسَ. (سنن أبى داود – 2 / 301، قال الألباني : صحيح).
Ҳунайда бин Холид аёлидан, у эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи аёлларидан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулҳижжанинг тўққиз кунида, Ошуро кунида, ҳар ойдан уч кун, биринчи душанбада ва пайшанба куни рўза тутар эдилар. (Сунани Аби Довуд, Албоний: саҳиҳ).
***
عن هنيدة بن خالد عن امرأته قالت حدثتني بعض نساء النبي صلى الله عليه و سلم : أن النبي صلى الله عليه و سلم كان يصوم يوم عاشوراء وتسعا من ذي الحجة وثلاثة أيام من الشهر أول أثنين من الشهر وخميسين. (سنن النسائي – 4 / 205 قال الشيخ الألباني : صحيح).
Ҳунайда бин Холид аёлидан ривоят қилади. У айтди: Менга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан бирлари дедилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро куни, Зулҳижжанинг тўққиз кунида, ҳар ойдан уч кун: биринчи душанбада ва икки пайшанбада рўза тутар эдилар. (Сунани Насоий, Албоний: саҳиҳ).
***
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ مَا الْعَمَلُ فِي أَيَّامٍ أَفْضَلَ مِنْهَا فِي هَذِهِ قَالُوا وَلَا الْجِهَادُ قَالَ وَلَا الْجِهَادُ إِلَّا رَجُلٌ خَرَجَ يُخَاطِرُ بِنَفْسِهِ وَمَالِهِ فَلَمْ يَرْجِعْ بِشَيْءٍ. (صحيح البخاري – 2 / 383).
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бошқа кунлардаги амаллар мана бу кунларда қилинганчалик афзал бўлмайди». Одамлар сўрадилар: «Жиҳод ҳам афзал бўла олмайдими?» Расулуллоҳ дедилар: «Жиҳод ҳам афзал бўла олмайди. Илло бир инсон нафси ва молини хатар остига қўйиб чиқсаю ундан бирор нарса қайтмаса». (Бухорий).
***
Маълумки, Саҳиҳи Муслимда Оиша онамиздан «Мен Расулуллоҳнинг ўн кунликда ҳеч рўза тутганларини кўрмадим», деган ҳадис ривоят бўлган. Шу сабабли баъзи одамларда чалкашлик пайдо бўлиши мумкин.
Уламолар бу ҳадисни шарҳлаб, Расулуллоҳнинг рўза тутмаганлари бирор узр билан бўлиши мумкинлигини ёки рўза тутганларини ҳамма ҳам билавермаган бўлишини эслатишган.
«Расулуллоҳ касаллик, сафар ёки бошқа бирор узр билан тутмаган бўлишлари мумкин. Ёки Оишанинг назарларида тутмагандек туюлгандир. Бундан ҳақиқатан ҳам рўза тутмаганлари келиб чиқмайди». (Нававий, Шарҳи Саҳиҳи Муслим 4/328). http://www.islamweb.net/ver2/fatwa/ShowFatwa.php?lang=A&Id=7166&Option=FatwaId
«Бу тўққиз кунда рўза тутишда кароҳат йўқ. Аксинча, бу амал – айниқса тўққизини кунда – жуда кучли мустаҳабдир». (Авнул Маъбуд – 7/75).
Бухорий ривоят қилган ҳадисга кўра «Бошқа кунлардаги амаллар бу кунларда қилинганчалик афзал бўла олмас» экан, фурсатни ғанимат билишимиз даркор. Аллоҳ ҳаммамизга комил ҳидоят насиб этсин.
(мақола сайтимизда аввал 2010 йил чоп қилинган)