Чақалоқнинг танглайини кўтариш ва хурмонинг фойдалари ҳақида
Савол: Бу сайт орқали ўзимизни тўғрилаб олишга кўпгина маълумотлар олаяпмиз. Қилаётган ишингизга Аллоҳдан ажрлар сўраймиз ва бизни ҳам бу ердан ўқиётган ва эшитаётган нарсаларга амал қилишни насиб этсин.
Домла, янги туғилган чақалоқни танглайини кўтариш бор нарсами? Умуман, янги туғиладиган чақалоққа қилинадиган амаллар одобларидан айтиб берсангиз. Жазакаллоҳу хойран.
Абу Умар.
Жавоб: Аллоҳ ҳаммамизга ҳидоят, фойдали илм ато қилсин ва билганимизга чиройли амал қилишни насиб этсин.
Танглай кўтаришнинг суннатлиги
Чақалоқнинг танглайини хурмо билан кўтариш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган суннатдир. Бу иш ҳар бир мусулмондан қатъий талаб қилинадиган вазифа бўлмаса ҳам Расулуллоҳга иймон билан эргашганлар учун улуғ савоблар келтирадиган, фарзандларимизнинг бахтли ва соғлом бўлиб етишишларига сабаб бўладиган муборак амаллардан биридир. Чақалоқнинг танглайини хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин тақво ва фазилат билан танилган, дуоси баракотли, деб умид қилинадиган инсонга кўтартирилади.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ ذَهَبْتُ بِعَبْدِ اللَّهِ بْنِ أَبِى طَلْحَةَ الأَنْصَارِىِّ إِلَى رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم حِينَ وُلِدَ وَرَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم فِى عَبَاءَةٍ يَهْنَأُ بَعِيرًا لَهُ فَقَالَ: «هَلْ مَعَكَ تَمْرٌ؟». فَقُلْتُ نَعَمْ. فَنَاوَلْتُهُ تَمَرَاتٍ فَأَلْقَاهُنَّ فِى فِيهِ فَلاَكَهُنَّ ثُمَّ فَغَرَ فَا الصَّبِىِّ فَمَجَّهُ فِى فِيهِ فَجَعَلَ الصَّبِىُّ يَتَلَمَّظُهُ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: «حُبَّ الأَنْصَارِ التَّمْرَ». وَسَمَّاهُ عَبْدَ اللَّهِ. (صحيح مسلم – (6 / 174).
Анас ибн Моликдан ривоят. У киши деди: «Мен Абдуллоҳ ибн Аби Талҳа Ал–Ансорий туғилган вақтда уни кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам абоага ўраниб туяларини тозалаётган эдилар. У зот сўрадилар: «Сенда хурмо борми?» Мен «ҳа», дедим ва бир неча дона хурмо узатдим. Расулуллоҳ хурмоларни оғизларига солиб чайнадилар. Сўнг боланинг оғзини очиб, унга солдилар. Бола тили билан уни ялай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ансорларнинг хурмони яхши кўришини қаранг!» дедилар ва болага Абдуллоҳ, деб исм қўйдилар. (Саҳиҳи Муслим- 6/174).
Муҳаддислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яна бир неча ҳадисларни ривоят қилишганки, уларда ҳам янги туғилган чақалоқларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлари ва уларнинг ҳаққига баракот тилаб дуо қилганлари зикр этилади.
قال النووي رحمه الله في شرح المهذب (8/424): السنة أن يحنك المولود عند ولادته بتمر، بأن يمضغه إنسان ويدلك به حنك المولود ويفتح فاه حتى ينزل إلى جوفه شيء منه، قال أصحابنا – يعني الشافعية: فإن لم يكن تمر فبشيء آخر حلو…
Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Суннат шуки, бола туғилган пайтда хурмо билан унинг танглайи кўтарилади. Инсон хурмони чайнайди ва боланинг озғини очиб, (чайналган) хурмо билан унинг танглайини ишқайди. Токи, хурмонинг бир қисми боланинг ичига кетсин». (Шарҳул-муҳаззаб – 8/424).
Суннат замиридаги мўжиза
Ҳозирги замонда айрим мусулмон врачлар Расулуллоҳнинг бу суннатлари замирига яширилган илмий мўжиза ҳақида қимматли маълумотлар беришган. Улар боланинг танглайига суриш учун танланган хурмо меваси ва янги туғилган чақалоқ қонидаги глюкоза даражаси орасидаги боғлиқликка эътибор қаратишган.
«Исламвеб» саҳифасида эълон қилинган мақолада ёзилишича, янги туғилган чақалоқлар қонида глюкоза даражаси пастроқ бўлади. Айниқса, бола чала туғилган ёки унинг вазни одатдагидан камроқ бўлса, бу модданинг даражаси ҳам шунчалик қуйи бўлади. Агар глюкоза маълум меъёрдан пастга тушиб кетса, болада асоратлар пайдо бўлади. Жумладан, пайларнинг бўшлиги, онани эма олмаслик ва нафас олишда узилишлар кузатилади. Агар керакли чоралар кўрилмаса, бундай нуқсонлар ўз навбатида бошқа хатарларни келтириб чиқаради. Бу вазиятда қўлланадиган муолажа аслида унчалик машаққатли иш эмас. Аммо билимсизлик ёки аҳамиятсизлик боланинг мажруҳ ёки нобуд бўлишига олиб келиши мумкин. Муолажа эса болага ё оғиздан ёки томирдан глюкоза эритмасини юборишни тақозо қилади. Бола айниқса муддатидан аввалроқ туғилган бўлса, туғилиши биланоқ глюкозага муҳтож бўлади. Унга керакли муолажалар кўрсатилгандан кейингина онаси эмизишга бошлайди. Янги туғилган пайтда танглайни хурмо билан кўтариш ҳар қандай чақалоқ учун ҳам фойдалидир. Чунки хурмо таркибидаги табиий шакар кичкинтой танасининг глюкозага бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун хайрли даракчи бўлади. (Манба: http://www.islamweb.net/media/index.php?page=article&lang=A&id=24301)
Хурмо мевасининг хусусиятлари билан танишиш орқали Расулуллоҳнинг чақалоқ оғзига оғиз суви билан эритилган хурмони солишларидаги ҳикматни чуқурроқ англасак бўлади.
Маълумки, дунёдаги барча диетолог врачлар инсонга иложи борича кўпроқ мева ва сабзавот истеъмол қилишни доимо тавсия этишади. Хурмо ҳақиқатда мевалар қаторида бўлса ҳам алоҳида хусусиятлари билан бошқа неъматлардан ажралиб туради. Мутахассиларнинг ёзишларича, унинг таркибида кўп миқдорда табиий шакар (фруктоза, глюкоза), 15 хил турдаги туз ва минераллар (мис, темир, магний, цинк, марганец, калий, фосфор, натрий, алюминий, кадмий, кобальт, сера, бўр, фтор, селен) мавжуд. Хурмода олма, апелсин, банан каби меваларда мавжуд бўлмаган 23 турдаги хар хил аминокислоталар, қоннинг глюкоза даражасини меъёрда сақлаб турадиган пантотен кислотаси, ҳамда А, А1, С, В1, В2, В6 витаминлари бор. (Манба: http://www.multifruit.ru/article/frukty/finik.html)
Ҳадислар сўнгидан табиий фанлар маълумотларини ўқир эканмиз, янги туғилган гўдакнинг танглайини хурмо билан кўтариш суннат қилинганлиги замирида нима сирлар борлигини яхшироқ тушунган бўламиз, алҳамдулиллоҳ. Бу Расулуллоҳ суннатларидаги мўжизалардан биридир. Зеро, у зот яшаган даврда ва ундан кейин ўтган узоқ асрлар давомида ҳам фаннинг бу ҳақиқатлари одамларга маълум бўлмаган. Аммо ўз нафсидан эмас, фақат Аллоҳнинг ваҳйи билан гапирувчи Пайғамбарга эргашган одамлар дунёдаги энг зарур неъматлардан ва бола тарбиясидаги фойдали услублардан фан ва техника кашфиётларидан анча олдинроқдан бошлаб баҳраманд бўлиб келаётган эканлар.