Фасод кўпайиб кетяпти, нима қилсак бўлади?

Бўлимлар: 14. Даъват, илм

Савол: Сиздан бир зарур маслаҳат сўрамоқчи эдик. Илтимос, маслаҳат берсангиз. Биз тарафларда фасод кўпайиб кетяпти. Биз 3-4 кишимиз, иймонимиз чидамаяпти, нима қилсак бўлади? Ушлаб олиб урсак ёки шарманда қилсак бўладими?

Фаҳриддин.

Жавоб: Биз алҳамдулиллоҳ, Аллоҳга ва Охиратга иймон келтириб, мусулмон бўлган эканмиз, динимизнинг маъно ва моҳиятини, мақсад ва воситаларини тўғри англамоғимиз лозим.

Ислом динини бу оламга Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқали юборган ва бу диндан кўзланган мақсад одамлар ўртасида яхшиликни ёйиш, адолат ва тенгликни қарор топтириш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёмонликлар олдини олиш экан, бу мақсадларга олиб борадиган воситаларни ҳам Аллоҳ ва Унинг расули баён қилиб беришади. Қуръон ва ҳадисларни, Ислом тарихи ва фиқҳини иймон ва холислик билан ўрганган одам Ислом жазо воситалари билан эмас, балки Аллоҳга иймон, илм, таълим-тарбия, тарғибот-ташвиқот, ҳусни хулқ, эҳсон, амри маъруф ва наҳйи мункар орқали қарор топганини тушунади. Қаердаки мана шу қоидага риоя қилинмаётган экан, ёки бу ишлар ўлда-жўлда қолиб кетган экан, у ерда Ислом ривожланмайди, аксинча жиноят ва маъсиятлар оммалашади. Саволда айтилганидек фасод тарқалади.

Тўғри, Шариатда жамиятнинг осойишталиги ва поклигини сақлаш, шахс ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоялаш мақсадида хатарли жиноят ва маъсиятлар учун тегишли чора-тадбирлар, жазолар белгиланган. Бу чора ёки жазо турларини гуноҳ ва жиноятнинг хилларига қараб, «ҳадд», «қисос», «таъзир» ва «таъдиб», деб номланади.

Булар ичидан «ҳадд» ва «қисос» деб аталган чоралар оғир жиноятлар учун қўлланадиган жазолар бўлиб, улар аниқ қоида, чегара ва меъёрларга эга. Энг муҳим нуқта шундаки, «ҳадд» ва «қисос»ни қўллаш фақат ҳокимнинг ваколатига киради. Ҳоким деганда давлат раҳбари ва у тайинлаган ваколатли шахслар назарда тутилади. «Таъзир» ва «таъдиб» эса Шариатда жазо белгиланмаган кичикроқ ҳажмдаги тартиббузарликлар учун қўлланади. «Таъзир» ва «таъдиб»ни амалда татбиқ қилиш ҳуқуқи ҳоким, ота ва муаллим кабилар ўртасида муштаракдир. Масалан, талабага «таъдиб» беришни валийнинг розилиги билан муаллим қўллаши мумкин. Бу ерда ҳам аҳамият бериш керак бўлган масала шуки, «таъзир» ва «таъдиб»нинг моҳияти, тури ва меъёрини белгилаш ҳоким ва унинг ўрнини босувчи муносиб доираларнинг ижтиҳодига қолдирилган. Демак, таъзир бериши мумкин бўлган одамга ҳам истаганча ҳаракат қилишга рухсат берилмайди.

Аммо одамларни иймонга, ҳақ йўлга даъват қилиш, илм бериш, таълим-тарбия ва амри маъруф билан шуғулланиш қодир бўлган ҳар бир мусулмон бажариши керак бўлган ишлардир. Бу амалларни адо этишнинг шарти тартиб-қоидаларни яхши билиш ва тажриба ҳосил қилишдир.

Саволда зикр қилинган «фасод» калимасини бугун одамлар кўпроқ фаҳш ва бузуқлик маъносида ишлатишади. Шундай экан, саволни «Бузуқлик ва фаҳш тарқалган ерда истиқомат қиладиган мусулмонлар нима қилишлари лозим?» деб тушунсак бўлади. Агар бундай ҳолат аксарияти мусулмонлар бўлган шаҳарда содир бўлаётган бўлса, тушунган инсонлар сабр билан қўлларидан келганича даъват, таълим-тарбия, амри маъруф, наҳйи мункар ва насиҳатда давом этишлари керак. Одамларни Аллоҳнинг йўлига, ҳалол-покликка даъват қилишлари лозим. Чунки шундай қилиш Аллоҳ ва Раусулуллоҳнинг кўрсатмаларидир. Бироқ оддий одамлар гуноҳ ва жиноятларга қарши куч қўллашдан тийиладилар. Чунки бу ишларни Аллоҳ таоло оддий инсонларнинг зиммаларига юкламаган.

قال الإمام النووي رحمه الله في المجموع: أما الأحكام فإنه متى وجب حد الزنا أو السرقة أو الشرب لم يجز استيفاؤه إلا بأمر الإمام، أو بأمر من فوض إليه الإمام النظر في الأمر بإقامة الحد، لأن الحدود في زمن النبي صلى الله عليه وسلم، وفي زمن الخلفاء الراشدين رضي الله عنهم لم تستوف إلا بإذنهم، ولأن استيفاءها للإمام.

 http://www.islamweb.net/ver2/Fatwa/ShowFatwa.php?Option=FatwaId&lang=A&Id=23376

«Ҳукмларга келсак, бас қачон зино ёки ўғирлик ё ароқ ичиш ҳадди вожиб бўлган бўлса, буларни фақат имомнинг (имом – давлат бошлиғи – тарж.) амри билан ёки жазо қўллаш ишини назорат қилиш учун имом тайинлаган шахснинг буйруғи билан амалга оширилади. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва хулафои рошидинлар разияллоҳу анҳум замонларида жазоларни қўллаш фақат уларнинг рухсатлари билан амалга оширилган. Ҳаддларни қўллаш имомнинг ҳаққидир». (Нававий)

Юқоридагилардан хулоса шуки, жиноят ва ёмонликларнинг жазосини бериш сизларнинг вазифангизга кирмайди. Сизлар ўзингизнинг зиммангиздаги ишларни бажаришингиз лозим. Агар имкониятингиз бўла туриб, ўз бурчингизни бажармаётган бўлсангиз, ўша фасод тарқалишида сизларнинг ҳам ҳиссангиз ўзингиз билмаган ҳолда қўшилаётган бўлади. Агар даъват ва таълим-тарбияда иштирок этиш вазифангизни адо этишга қурбингиз етмаса, шароитларингиз оғир, сонингиз кам бўлса, у ердан бошқа жойга кўчишингиз мумкин. Мусулмонлар ўз динларига амал қила олмай қолган пайтларида бемалол амал қила оладиган юртга ҳижрат қиладилар. Аммо ҳижрат ўз юртида сабр билан истиқомат ва ибодат қилишга ҳеч қандай имкон қолмаган пайтдаги сўнги чорадир.

Аллоҳ мусулмонларга нусрат ато қилсин.