Мусодара қилинган молни сотиб олиш
Савол: Яқинда бир дўстимизнинг укалари арзонга машина олибди. 10 минг долларлик нексияни 4800-5000долларга олган. Менда шубҳа туғилди. Қанақасига яп-янги машина 5000 доллар, деб сўрасам, «Мусодара бўлган товарлар, ока», дейишди. Бу савдо дуруст бўлмаса керак, валлоҳу аълам, дедим. Улар мендан мана шу масалани сўраб беринг, деб илтимос қилишди. Шунинг жавоби қандай бўлади?
Абдуллоҳ.
Жавоб: Мусодара қилинган мол зулм йўли билан тортиб олинган мол саналади ва у мусодара қилган томон учун ҳам, бошқа учун ҳам ҳаром бўлади. Мусодара моли фақат ўз эгаси учун ҳалол.
Фиқҳий қомусда мусодаранинг таърифида мана бундай келтирилади:
مُصَادَرَةٌ
وَاصْطِلاَحًا : الاِسْتِيلاَءُ عَلَى مَال الْمَحْكُومِ عَلَيْهِ أَخْذًا ، أَوْ إِتْلاَفًا ، أَوْ إِخْرَاجًا عَنْ مِلْكِهِ بِالْبَيْعِ عُقُوبَةً
وَقَدْ غَلَبَ تَسْمِيَتُهُ فِيمَا يَأْخُذُهُ أَعْوَانُ السُّلْطَانِ ظُلْمًا عِنْدَ الْبَيْعِ وَالشِّرَاءِ…
ذَهَبَ جُمْهُورُ الْفُقَهَاءِ إِلَى أَنَّهُ لاَ يَجُوزُ أَخْذُ مَال الْمُسْلِمِ أَوْ إِتْلاَفُهُ أَوْ إِخْرَاجُهُ عَنْ مِلْكِهِ بِالْبَيْعِ عُقُوبَةً بِلاَ سَبَبٍ شَرْعِيٍّ ، لأِنَّ الشَّرْعَ لَمْ يَرِدْ بِشَيْءِ مِنْ ذَلِكَ عَنْ أَحَدٍ يُقْتَدَى بِهِ ، وَلأِنَّ الْمَقْصُودَ بِالْعُقُوبَةِ التَّأْدِيبُ ، وَالأْدَبُ لاَ يَكُونُ بِالإْتْلاَفِ. (الموسوعة الفقهية الكويتية – (37 / 353، 354).
«Истилоҳда мусодара маҳкамага тортилган одамнинг молини жазо сифатида олиб қўйиш, йўқ қилиш ёки соттириб, унинг ихтиёридан чиқаришдир… Мусодара сўзи асосан савдо–сотиқ пайтида давлат ходимлари ноҳақ тортиб оладиган нарсаларга қўлланиши одат бўлган…
Жумҳур фуқаҳолар мусулмоннинг молини шаръий сабабсиз жазо сифатида олиш ёки йўқ қилиш ё эса соттириш йўли билан унинг қўлидан чиқариш мумкин эмас, дейишган. Чунки Шариат бу борада сўзи ҳужжат сифатида қабул қилинадиган бирор шахсдан ҳеч бир ҳукм келтирган эмас. Жазодан мақсад тарбиядир. Тарбия йўқ қилиш билан амалга ошмайди». (Ал-мавсуатул-фиқҳийя – 37/353, 354).
Бировнинг молини зўравонлик билан тортиб олишни Шариатда «ғасб» деб ҳам айтилади. «Ғасб» Китоб ва Суннат билан ҳаром қилинган.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ (النساء:29)
«Эй иймон келтирган инсонлар, ўзаро бир–бирингизнинг молларингизни ботил йўллар билан емангиз, илло ўз розиликларингиз билан қиладиган тижоратингиз бундан мустасно». (Нисо, 29).
عن أبي بكرة قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «… إن دِماءَكُم وأمْوَالِكُمْ وأعْرَاضِكُمْ حَرامٌ عَلَيْكُمْ . . . » (البخاري ومسلم).
Абу Бакра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «… Шубҳасиз қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз бир–бирингиз учун ҳаромдир…». (Бухорий ва Муслим).
Бу ҳужжатларга кўра бировнинг молини унинг розилигисиз олиш, сотиш ва сотиб олиш мумкин эмас.
Мол эгасининг розилигисиз мажбуран соттирилиши мумкин бўлган ягона ҳолат, молнинг қарз учун гаровга қўйилган бўлишидир. Яъни агар бир инсон бировдан қарз олаётган пайтда бирор буюмни гаровга қўйган бўлсаю қарз тўлашнинг вақти келган, аммо уни тўламаётган бўлса, ундан гаровга қўйилган молни сотиш талаб қилинади. Агар қарздор бу ишни ўз ихтиёри билан қилмаса, гаров молини мажбуран соттирилиши мумкин. Бундан бошқа бирор сабаб билан ҳеч кимнинг молини мусодара қилиш, соттириш мумкин эмас. Агар шундай савдо амалга ошган бўлса у ҳақиқий саналмайди. Мусодара қилинган ёки тортиб олинган мол ўз эгасига қайтарилиши лозим.