“Салафлар” йўлидамиз, деб бизнинг намозимизни нотўғри дейишаяпти”
Савол: Мен бир йилдан бери Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ишлаяпман. Бу ерда баъзи танишларим «Биз салафлар йўлидамиз», дейишиб, бизнинг Ўзбекистонда ўрганган намозимизни нотўғри, дейишаяпти. Масалан, «Намозда ҳар бир рукнга ўтишдан олдин қўлни кўтариб тушириш суннат, кўтариб туширмасдан ўқиш эса суннатдан эмас», дейишаяпти. Яна бир қанча келишмовчиликларимиз бор. Шу тўғрида ва салафлар ҳақида тушунча берсангиз.
Худойберди.
Жавоб: Аҳли сунна вал-жамоа ақидасида бўлган мусулмонлар сунний фиқҳий мазҳаблар орасидаги ихтилофларга ёпишиб, бир-бирлари билан низолашишлари катта хато бўлади. Намозда бир рукндан иккинчисига ўтаётганда қўлни кўтариш фарз эмас. Бинобарин, намознинг тўғри ёки нотўғрилиги ҳеч қачон бунга боғлиқ бўлмайди. Намозда рукнлар орасида қўлни кўтариб-тушириш ҳам, кўтармасдан ўқиш ҳам саҳиҳ ривоятлар билан собит бўлган.
«Салафлар» сўзи эса Ислом умматининг дастлабки уч асрида яшаган мусулмонларни билдирадиган атама бўлиб, бу ҳақда қуйида баён қиламиз, иншоалолоҳ.
* * *
- «Салафлар» сўзининг маъноси;
- Салафлар ҳақида фатволар;
- Ихтилофли масалаларда салафлар ибрати;
- Салафийлик билан ва Аҳли суннанинг фарқи борми?
- Намозда қўлни кўтариш ёки кўтармаслик.
* * *
«Салафлар» сўзининг маъноси
«Салаф» деган сўз арабча «салафа» ( سَلَفَ – ўтди) феълидан олинган. Араб тилида «салафлар» деганда луғавий жиҳатдан инсоннинг ўтмиш аждодлари тушунилади. Шариат истилоҳида эса биринчи ҳижрий уч асрда ўтган мусулмонлар назарда тутилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дастлабки уч асрда яшаган инсонларни мақтаганлар:
عن عِمْرَانَ بْن حُصَيْنٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا. قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «خَيْرُ أُمَّتِي قَرْنِي ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ…» (رواه البخاري).
Имрон ибн Ҳусайн разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматларимнинг яхшиси менинг асримдагилардир, кейин – улардан сўнг келадиганлар, кейин – улардан сўнг келадиганлар…» (Бухорий).
Бу уч аср ичида энг афзали саҳобаи киромлар асридир. Чунки уларни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримнинг бир неча ерида мақтаган. Аллоҳ жалла ва ало саҳобаларга хитобан айтади:
{ … فَإِنْ آمَنُواْ بِمِثْلِ مَا آمَنتُم بِهِ فَقَدِ اهْتَدَواْ {(البقرة:137)
«Агар одамлар сизлар иймон келтирган нарсаларга иймон келтирсалар, албатта ҳидоят топган бўладилар». (Бақара 137).
Шундай экан, Аллоҳга иймон келтириш ва Исломга амал қилишда Аллоҳ ва Расулуллоҳ ибрат қилиб кўрсатган зотларга эргашиш лозим бўлади.
Салафлар ҳақида фатволар
فإن السلف رضي الله تعالى عنهم كما تميزوا بصفاء الاعتقاد وسلامة التصور، فإنهم تميزوا كذلك بحسن الخلق والسلوك الحسن، وتميزوا بالنشاط إلى العبادة، وبالزهد في الدنيا، وبالورع والأدب وإحسان الظن بالناس وغير ذلك.
«Салафлар разияллоҳу анҳум пок эътиқод, соғлом тасаввур билан танилганлари каби, ҳусни хулқ, яхши муомала, ибодатда астойдиллик, дунёга кўнгил қўймаслик, тақво, одоб, одамлар ҳақида яхши гумонда бўлиш билан ажралиб турганлар». (http://www.islamweb.net; 2060400 рақамли фатво).
* * *
وقول السائل: ما رأيكم في العلماء السلفيين؟ فجوابه أن كل علماء الأمة المتقدمين منهم والمتأخرين الذين ساروا على طريق الصحابة هم من العلماء السلفيين، فمالك وأحمد والشافعي وأبو حنيفة هم علماء سلفيون اتبعوا سبيل من سلفهم من الصحابة ولم يبتدعوا.
«Умматнинг аввалги ва кейинги замонда ўтган, саҳобалар йўлларидан борган уламолари салафий уламолардир. Демак, Молик, Аҳмад, Шофеий ва Абу Ҳанифалар ўзларидан аввал ўтган саҳобаларнинг йўларига эргашган ва динда янгилик киритмаган салафий уламолардир». (http://www.islamweb.net; 2077988 рақамли фатво).
* * *
ثم أصبح هذا الاصطلاح يطلق على من يدعو للتمسك بالإسلام عقيدة وشريعة على منهاج السلف الصالح من الصحابة والتابعين وتابعيهم، فهم جماعة من المسلمين يدعون لتمسك المسلمين بالكتاب والسنة،
«… Сўнг бу истилоҳ Исломга чақирганда ақида ва шариатга амал қилишда саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлардан иборат салафи солиҳлар йўлига даъват қилувчи одамларга ишлатиладиган бўлди. Улар мусулмонлардан бир жамоат бўлиб, мусулмонларни Китоб ва Суннатга амал қилишга даъват қиладилар». (http://www.islamweb.net/; 97237 рақамли фатво).
Салафларнинг ихтилофли масалалардаги ибрати
فالسلف كلهم يدعون إلى الاتفاق والالتئام حول سنة الرسول صلى الله عليه وسلم ولا يضللون من خالفهم عن تأويل، اللهم إلا في العقائد، فإنهم يرون أن من خالفهم فيها فهو ضال، أما في المسائل العملية فإنهم يخففون فيها كثيراً.
لكن بعض من انتهج السلفية في عصرنا هذا صار يضلل كل من خالفه ولو كان الحق معه، واتخذها بعضهم منهجاً حزبياً كمنهج الأحزاب الأخرى التي تنتسب إلى دين الإسلام، وهذا هو الذي يُنكر ولا يمكن إقراره، ويقال: انظروا إلى مذهب السلف الصالح ماذا كانوا يفعلون؟ انظروا طريقتهم وفي سعة صدورهم في الخلاف الذي يُسوغ فيه الاجتهاد … وتراهم أيضاً في مسائل الفقه يختلفون كثيراً، في النكاح، والفرائض، والبيوع، وغيرها، ومع ذلك لا يضلل بعضهم بعضاً. (الشيخ العثيمين، لقاءات الباب المفتوح(3/246)
«Салафлар ўзаро иттифоқ бўлишга, Расулуллоҳ суннатлари атрофида жипслашишга чақирар ва ўзларига таъвил билан мухолиф бўлганларни адашганга чиқармас эдилар. Аммо ақоид масаласи бундан мустасно. Улар ақида масаласида хилоф бўлганларни адашган санар, аммо амалий масалаларда кўп енгиллик берар эдилар.
Лекин бизнинг ҳозирги асримизда салафийликка мансуб бўлган баъзи одамлар ўзига мухолиф бўлган ҳар қандай одамни – гарчи у ҳақ бўлса ҳам – залолатга кетган дейишга ўтиб олган. Баъзилари эса салафийликни бошқа ҳизбларга ўхшатиб ҳизбий йўналиш қилиб олган. Бу инкор қилинадиган, тасдиқлаш мумкин бўлмаган ишдир. Ундайларга айтилади: «Қаранглар, салафи солиҳлар нима қилар эдилар? Уларнинг йўлларига қаранглар, ижтиҳодга ўрин бўлган ихтилофли масалаларда юракларининг кенглигини кўринг… Яна салафларнинг никоҳ, фароиз, байъ ва бошқа фиқҳий масалаларда кўп ихтилоф қилишларини кўрасиз. Шу билан бирга бир-бирларини адашганга чиқармас эдилар». (Шайх Усаймин раҳимаҳуллоҳ, «Очиқ эшик» мулоқотлари, 3/246).
Салафийлик билан ва Аҳли суннанинг фарқи борми?
Баъзи одамлар назарида салафийлар жамоаси бошқа Аҳли сунна жамоаси бошқа, деган тасаввур пайдо бўлган. «Салафийлик билан Аҳли сунна ўртасини ажратадиган, салафийликни Аҳли суннадан хосроқ тоифа деб қарайдиган одамлар ҳақида нима дейсиз?», деб сўралган саволга шайх Абдуллоҳ Ғунаймон бундай жавоб берганлар:
هذا القول مجانب للصواب ، فإن أهل السنة هم الذين يتبعون الصحابة وما كان عليه السلف، وليس هؤلاء فرقة وهؤلاء فرقة ، أو أن السلفية أخص !
والاصطلاح المصطلح عليه أن السلف هم الصحابة ومن سار على طريقهم وأهل السنة هم الذين اتبعوا سنة الرسول صلى الله عليه وسلم وهم الذين ورد فيهم الحديث : من كان على مثل ما أنا عليه وأصحابي ( حديث الفرقة الناجية ) .
ونصب الخلاف والنزاع على مجرد الألقاب لا يجوز، والله تعالى أمر باتفاق المؤمنين ونهى عن التفرق وتوعد عليه .
«Бу сўз тўғри эмас. Чунки саҳобаларга ва салафлар йўлига эргашадиганлар, ана ўшалар Аҳли суннадирлар. Булар алоҳида фирқаю ана улар алоҳида фирқа эмаслар. Ёки салафийлар хос тоифа эмас. Қабул қилинган истилоҳга кўра салафлар дегани саҳобалар ва уларниннг йўлларидан борганлардир. Аҳли сунна эса Расулуллоҳнинг суннатларига эргашганлардир. «Мен ва менинг саҳобаларим юрган йўл устида бўлганлар», деган ҳадис (нажот топувчи фирқа ҳақидаги ҳадис) шулар тўғрисида айтилгандир.
Фақат атамалар учун ихтилоф қилиб, низолашиш жоиз эмас. Аллоҳ таоло мўминларни иттифоқ бўлишга буюрган. Аллоҳ гуруҳларга бўлинишдан қайтарган ва бундай иш учун азоб борлигини айтиб, таҳдид қилган…» (Шайх Абдуллоҳ Ғунаймон. http://www.islam-qa.com/ar/ref/10714)
Намозда қўлни кўтариш ёки кўтармаслик
Намозда рукнлар орасида қўл кўтариш масаласига келсак, аввало шуни билишимиз лозимки, намознинг рукнлари (фарзлари) билан суннатларининг ҳукми бир хил эмас. Рукн ёки фарз шундай амалки, уни тарк қилса, намоз бузилади. Аммо намознинг суннат ёки мустаҳабларини қолдирса намоз бузилмайди.
Намозда рафъул-ядайнни баъзи уламолар суннат, баъзилари эса суннат эмас, дейишган. Саҳобалардан қўлни кўтариб ўқиш ҳам, кўтармай ўқиш ҳам ривоят бўлган. Шундай экан, қўлни кўтармай намоз ўқишни нотўғри, дейиш хатодир. Қўлни кўтарса ҳам, кўтармаса ҳам намоз саҳиҳ бўлади.