Самолётда намоз вақтини қандай аниқланади?
Савол: Самолётдаги намоз ҳақида мен ҳам савол бермоқчи эдим. Бу ҳолатда намоз қаср қилинадими ёки тўлиқ ўқиладими? Хуфтонни 2 ракат, пешинни ҳам 2 ракат, асрни ҳам 2 ракат, шундай бўладими? Мен Кореядаман. Бошқа давлатга бормоқчи бўлсам, 18 ёки 22 соатли парвоз бўлса, намоз вақтларини қандай аниқлаймиз? Ўзимизнинг қўлимиздаги соатнинг вақти биланми ёки учиб кетаётган самолётнинг вақтига қарабми? Парвоз қилинаётган пайт пастимиздан ўтаётган шаҳарларнинг вақтлари ҳар хил: 1, 2, баъзида 3 соатлик фарқ бўлади. Шунда нима қиламиз?
Жасур.
Жавоб: Сафар давомида намозларни қаср қилиб ўқиш вожиб, жам қилиб ўқиш эса жоиздир. Қаср 4 ракъатли фарз намозни 2 ракъат қилиб ўқиш, дегани. Асли 2 ракъат ёки 3 ракъат бўлган намоз қаср қилинмайди. Жамлаб ўқиш эса икки маҳал намозни қўшиб, яъни бир вақтда кетма-кет ўқиш, демакдир. Масалан, пешин билан асрни ё пешиннинг вақтида ёки асрнинг вақтида жамлаб ўқилади. Шом билан хуфтонни эса ё шом вақти бўлганда ёки хуфтон вақти кирганда жамлаб ўқилади.
Самолётда кетаётганда ёки сафар пайтида намоз вақтларини ўзингиз доимий яшаб турган шаҳар вақти билан белгиламайсиз. Балки сафар пайтида қайси шаҳарда мавжуд бўлиб турган бўлсангиз ёки самолётда қайси ҳудуднинг устидан учиб ўтаётган бўлсангиз, ўша ернинг вақти билан намоз ўқийсиз.
Маълумки, инсон бекордан-бекорга бирор ерга бормайди, аксинча борадиган ери ҳақида аввалдан маълум тасаввур ҳосил қилади ва қўшимча маълумотлар олишга интилади. Масалан, одамлар самолётнинг учиш вақти, ҳавода неча соат парвоз қилиши, манзилга қўниш соатларини авиажадвалга ёки билетга қараб, олдиндан билган бўладилар. Мусулмон одам ҳам сафарга чиқиш олдидан ўзи учун ҳар кунлик муҳим иш – Аллоҳга ибодат қилиш вазифасини ҳеч назардан соқит қилмайди. Жумладан, йўл давомида қайси намозни, қачон, қаерда ва қандай қилиб ўқиш ҳақида режа тузиб олади. Ҳозирги шароитда ер юзининг истаган минтақасининг намоз вақтларини Интернет орқали хоҳлаган пайтда бемалол билиш мумкин (http://www.islamicfinder.org/). Бинобарин, сиз борадиган ерингиздаги ёки йўлингиздаги шаҳарларнинг намоз вақтларини агар ҳаракат қилсангиз, олдиндан қийналмай била оласиз, иншоаллоҳ.