Исломда сунъий уруғлантиришнинг ҳукми
Савол: Бизнинг турмуш қурганимизга 6 йилдан ошди. Ҳалиям фарзандимиз йўқ. Европада яшаймиз. Жуда кўп жойларга кўриндик, сабабини топишолмади. Дўхтирлар охирги чора, деб сунъий уруғлантириш – ЭКОни таклиф қилишяпти. Бу нарсага Исломда қандай қаралади?
А.
Жавоб: Аллоҳ таоло сизларга солиҳ ва солиҳа ўғил-қизлар ато қилсин.
Фарзанд кўрмаётган жуфтлар ҳеч қачон умидсиз бўлмасликлари керак. Улар доимо Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан насиба сўраб дуода бўлишлари ва солиҳ амалларини кўпайтириб, Аллоҳга васила қилишлари тавсия этилади. Шу билан бир вақтнинг ўзида улар албатта даволанишга ҳаракат қилишлари керак.
Агар врачлар фарзандсизликдан қийналаётганлар учун сунъий уруғлантириш амалиётини таклиф қилишаётган бўлса, уламолар бу амалиётнинг бир неча турлари мавжудлигини эслатишган ва бу турларнинг қайси бири Ислом шариатига зид экани, қайси бири мувофиқ келишини маълум қилишган. Бу амалиётнинг Исломда ҳаром қилинган кўриниши – аёл кишининг раҳимига ўзининг эридан бошқа эркакнинг уруғини жойлаштириш. Чунки бу иш зино каби инсон наслининг бузилишига олиб боради.
عن رويفع بن ثابت الأنصاري قال رصول الله صلى الله عليه وسلم: «لا يحل لامرئ يؤمن بالله واليوم الآخر أن يسقي ماءه زرع غيره». (رواه ابن حبان وابن حجر العسقلاني والشوكاني،
الألباني: صحيح).
Рувайфеъ ибн Собит Ал–Ансорийдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган ҳеч бир инсонга ўз сувини бошқанинг экинига қуйиши ҳалол бўлмайди». (Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳажар, Шавконий ривоятлари; Албоний: саҳиҳ).
Аммо уламолар фарзанд кўрмаётган аёлга ўзининг эридан олинган уруғни жойлаштириш жоизлиги ҳақида фатволар беришган. Бу ҳақда Усаймин раҳимаҳуллоҳ шундай деган:
«… Иккинчи ҳолат – фарзанд кўрмаётган аёлнинг турмуш ўртоғи сувининг алоҳида идишга олиниб, ўша ерда ривожлантириш ва уни аёлнинг раҳимига жойлаштириш. Агар бундай амалиёт табиблар назарида синалган бўлиб, муваффақиятли тугаши умид этилса, шуни қўллашнинг зарари йўқ. Чунки бу ҳолат эркакнинг ўз манийсини фарждан ташқарига тўкишию сўнг у фаржга етишидан бошқа нарса эмас. Эр – аёлнинг эри, сув – эрининг суви, бунда ҳеч бир ҳараж йўқ…»