Самолётда намоз қандай ўқилади?
Савол: Мен Чехияда ишлайман. Чеxиядан Ўзбекистонга самолётда учаётганда xуфтон вақти бўлади. Лекин самолёт Тошкентга қўнганда қуёш кўтарилган, Прагада ҳали бомдод вақти кирмаган бўлади. Шу ҳолатда бомдод намозини қайси маҳал ўқиймиз?
И.
Жавоб: Аллоҳ таоло ибодатларингизни қабул айласин.
Агар Чеxиядан Ўзбекистонга самолётда учаётганингизда xуфтон вақти бўлиб, Тошкентга қўнгунча эртанги куннинг қуёши чиқадиган бўлса, бомдод намозини самолётда ўқишингиз керак бўлади. Бунинг учун самолёт парвозни давом эттираётган пайтда кун чиқиш томонини аниқлаб оласиз ва осмонни кузатиб бориб тонг вақти киришини кутасиз.
Баъзи самолётларда таблода компас Шарқу Ғарбни кўрсатиб туради. Шундан қуёш чиқадиган томонни аниқлаб олса бўлади. Ё эса стюардессадан сўраш мумкин. Қўлингизга харита олган бўлсангиз, Қиблани ҳам била оласиз. Кун чиқиш томондан ёруғлик сезила бошлагани маълум бўлса, бомдод вақти кирган ҳисобланади ва қуёш чиқмасдан аввал бомдод намозини ўқиб олинади.
Самолётда ҳам, бошқа нақлиёт воситасида ҳам фарз намозини иложи бўлганича тик туриб ва Қиблага юзланган ҳолда ўқиш фарз.
Самолётда ўлтириб ва Қибладан бошқа томонга қараб ўқилган намоз ҳақида берилган саволнинг жавобида «Ислом: савол ва жавоб» саҳифасида бундай дейилади:
«… إن كان تركك للقيام واستقبال القبلة ، لعجزك عنهما ، فصلاتك صحيحة ، وإن كان يمكنك القيام أو الاستقبال وتركت ذلك فصلاتك غير صحيحة ويلزمك إعادتها الآن» .
«Агар қиём (намозда тик туриш – тарж.) ва Қиблага юзланишни тарк этганинг имкониятинг йўқлигидан бўлган бўлса, намозинг саҳиҳдир. Агар қиёмни ва Қиблага юзланишни имкон бўла туриб тарк қилган бўлсанг, намозинг саҳиҳ эмас, уни ҳозир бошқаттан ўқишинг лозим бўлади».
http://www.islam-qa.com/ar/ref/82536
Фарздан бошқа намозларни транспортда кетаётганда ўлтирган ҳолда ва истаган томонга қараб ўқиш мумкин. Аммо бунда албатта қалбдан Қиблани ният қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарларда нафл намозларини отда кетаётган ҳолда, қайси томонга қараб кетаётган бўлсалар, ўша томонга қараб ўқиганлари ривоят қилинган.