Банкда ишлаб топилган пулдан эҳсон қилиш мумкинми?

Савол: Биз 2 йилдан бери Америкада яшаймиз. Алҳамдулиллаҳ, бу ерга келиб асл динимизни танидик, ўрганаяпмиз. Яқинда дўстларимиз билан катта келишмовчиликка бордик. Бир дўстимиз банкда программист бўлиб ишлайдилар. Рамазон ойида фарзандли бўлиб, масжидда ақиқа қилиб ифтор қилиб бермоқчи эдилар, лекин бошқа биродарлар: «Сизнинг пулингиз ҳаром», деб, у кишини ақиқа қилишга қўймади. У киши: «Бу давлатда деярли ҳамма молиявий операциялар банк орқали ўтади, кимнинг пули ҳалол ўзи?!» деб жуда қаттиқ хафа бўлганлар. Шу масалада сиз нима дейсиз?

Жазакаллоҳу хойрон.

Насиба.

Жавоб: Рибо билан фаолият юритадиган банкда ишлаш рибога ёрдам бериш ва гуноҳ ишда ҳамкорлик қилиш бўлади. Аллоҳ таоло бандаларни фақат яхши ишларда ҳамкорлик қилишга буюрган, гуноҳ ишларда шерик бўлишдан қайтарган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рибо еювчини, унинг едирувчисини, котибини ва гувоҳларини қоралаганлар. Уларнинг гуноҳда баробар эканлигини айтганлар.

Ислом таълимотига кўра инсоннинг ўзи истеъмол қиладиган озуқаси ҳам, бошқага берадиган садақа-эҳсони ҳам ҳалол молдан бўлиши лозим.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: «أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّ اللَّهَ طَيِّبٌ لاَ يَقْبَلُ إِلاَّ طَيِّبًا وَإِنَّ اللَّهَ أَمَرَ الْمُؤْمِنِينَ بِمَا أَمَرَ بِهِ الْمُرْسَلِينَ فَقَالَ ( يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا إِنِّى بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ) وَقَالَ (يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ)». ثُمَّ ذَكَرَ الرَّجُلَ يُطِيلُ السَّفَرَ أَشْعَثَ أَغْبَرَ يَمُدُّ يَدَيْهِ إِلَى السَّمَاءِ يَا رَبِّ يَا رَبِّ وَمَطْعَمُهُ حَرَامٌ وَمَشْرَبُهُ حَرَامٌ وَمَلْبَسُهُ حَرَامٌ وَغُذِىَ بِالْحَرَامِ فَأَنَّى يُسْتَجَابُ لِذَلِكَ». (رواه مسلم).

Абу Ҳурайрадан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Эй инсонлар, шаксиз Аллоҳ покиза Зотдир – фақат покиза нарсани қабул қилади. Аллоҳ элчиларга нимани буюрган бўлса, мўминларга ҳам шуни буюрди. Аллоҳ айтди: «Эй элчилар, покиза нарсалардан енгиз ва солиҳ амал қилингиз. Мен сизлар нима амал қилаётганингизни жуда яхши билгувчидирман». У яна деди: «Эй иймон келтирган инсонлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг покизаларидан енгиз». Сўнг Расулуллоҳ узоқ сафарда кетаётган, сочлари тўзғиган, чангга беланган, икки қўлини осмонга чўзиб: «Эй раббим, Эй Раббим!» деб дуо қилаётган одамни зикр қилдилар: «Унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром. Ҳаром билан овқатланиб олган бўлса, қандай қилиб дуоси қабул бўлсин?!» (Муслим).

Бу келтирилганларга кўра рибо асосида фаолият юритадиган банкда ишлаган ордам ақиқа ёки эҳсонини банкда ишлаб топган пулидан эмас, бошқа ҳалол йўл билан топган пулидан қилиши мумкин.

Пулни рибо банки орқали ўтказиш ёки вақтинча сақлаш эса агар исломий банклар ёки риболи банкларнинг исломий бўлимлари бўлмаса зарурат юзасидан жоиз саналади.

Ҳозир баъзи Ғарб давлатларида риболи банкларнинг исломий бўлимлари очилган. Уламолар мусулмон одамнинг шундай бўлимларда ишлаши мумкинлиги ҳақида фатво беришган. Чунки бу иш ана шундай муассасалар учун ёрдам ва уларни рағбатлантириш бўлади.