«Кока-Кола», «Фанта», «Пепси» каби ичимликлар ҳақида
Савол: Кока-кола, пепси ичимликларини мусулмонлар истеъмол қилса бўладими?
Ғайбуллоҳ.
Жавоб: Шу пайтгача кока-кола, пепси каби ичимликларнинг ҳаром эканига қатъий ва очиқ далилни кўрмадик. Бинобарин, уни истеъмол қилиш жоиз. Аммо айрим мутахассислар бундай ичимликлар асосан тижорий мақсадлар билан ишлаб чиқарилишини, улар инсон саломатлигини мустаҳкамлаш учун хизмат қилмаслигини айтишади. Баъзилар эса унинг соғлиққа зарарлари ҳақида ҳам ёзишади.
«Кола»лар тарихидан бир «қултум»
«Кока-Кола» 1886 йилда Американинг Атланта шаҳрида собиқ армия офицери, доришунос Джон Стит Пембертон томонидан ихтиро қилинган. «Пепси-кола»ни эса 1890 йили Ню-Берн шаҳрида (Шимолий Каролина) фармацевт Калеб Брэдхэм ишлаб чиқарган.
Йиллар давомида бу икки ичимлик халқлар ўртасида катта шуҳрат қозонади ва 100 йилдан ошиқ давр мобайнида бутун оламга ёйилади. Улар жаҳон бўйича энг кўп сотиладиган ичимликдир. Википедиянинг ёзишича, ҳозир дунёда бир секундда 8000 стакан «Кока-Кола» ичилади. Аммо бундай манзара асосан бизнес оламидаги тарғибот маҳсули бўлиб, кўп одамларнинг юзаки фикрлашлари ва турмушда модага қарам бўлиб қолаётганлари натижаси ҳамдир.
«Фанта» ва яна бир неча хил ичимликлар «Кока-Кола»га қарашли тобе фирмалар томонидан ишлаб чиқарилади.
«Кола» ва саломатлик
Мутахассислар ҳар қандай газли ичимликни сурункали тарзда истеъмол қилиш ошқозон ва ичакка салбий таъсир ўтказишини айтишади. Шунингдек, таркибида юқори даражали шакар моддаси бўлган шарбатлар айниқса тиш учун зарарлидир. «Кока-Кола» таркибидаги шакар бир стаканга 8 қошиқ нисбатда бўлиб, бу ҳаддан зиёда юқори миқдор саналади.
«Доимий равишда «Кока-Кола» истеъмол қилувчилар орасида қандли диабетнинг иккинчи типи билан касалланишнинг кўплиги ҳақида ишончли далиллар бор…
«Кока-Кола» таркибидаги фосфор кислотаси тишни пломба қилишдан аввал тиш эмалини эритишда фойдаланилади. «Мифларни барбод қилувчилар» («Разрушители мифов») теледастурининг биринчи мавсуми бешинчи сонида «Кока-Кола» тишни бутунлай емириши мумкинлиги ҳақида айтилган…»
(http://ru.wikipedia.org/wiki/Кока-Кола#cite_note-10)
«Кока-Кола»га қарши даъволар
Москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси И. А. Смыков «Кока-Кола» истеъмол қилишнинг соғлиққа жиддий зарари ҳақида даъво билан чиққан.
Турли манбаларда ёзилишича, 2009 йили турк ҳукуматининг ва Туркия хайрия жамғармаларидан бирининг талаби билан «Кока-Кола» компанияси устидан маҳкамага даъво аризаси киритилган. Даъвогар ўзининг тадқиқотлари натижасида ичимлик таркибида ўсимликлар зараркунандаси бўлмиш ҳашаротдан (русчаси: кошенильный червец) олинадиган ранг берувчи кармин (E120) моддасини топганини айтган ва баъзи динлар, жумладан яҳудийлик озиқ-овқатга ҳашаротлар қўшишни тақиқлашини келтирган. Маҳкама олдига истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоялаш учун «Кока-Кола» таркибининг рецепти ошкор қилиниши талаби қўйилган.
Маълумки, «Кока-Кола» таркиби пропорциялари қаттиқ сир сақланади. Компонентлар формуласини бир вақтнинг ўзида компаниянинг 3 юқори лавозимли аъзоси билиши мумкин холос. (http://ru.wikipedia.org/wiki/Кока-Кола)
Шунингдек, халқ ичида бу ичимлик таркибига чўчқадан олинадиган моддалар қўшилиши ҳақидаги гаплар тарқалган.
«Кока-Кола» компанияси ўзининг расмий сайтида буларни миш-миш деб атаган ва бу ичимлик таркибида ҳашарот ёки чўчқадан олинадиган моддалар йўқ, дея баёнот берган.
(http://www.thecoca-colacompany.com/contactus/myths_rumors/packaging_cochineal.html)
(http://www.thecoca-colacompany.com/contactus/myths_rumors/packaging_pork.html)
Баъзи мусулмон жамоалари ва Ислом давлатлари томонидан турли вақтларда «Кока-Кола» компаниясига қарши айбловлар янграган. Ширкатнинг Исроил билан бевосита ҳамкорлик қилиши ҳақидаги даъволар кучайиб, бойкот ҳаракатлари оммалашган. 20 асрнинг 50 йилларидан Риёзда «Кока-Кола» заводи фаолият кўрсатган эди. 60 йилларга келиб завод ёпилган ва ширкат мулки мусодара қилинган. Миср ва Иорданияда (1994 й) Исроил билан «Тинчлик шартномаси» тузилиши сўнггидан компания яна ўз ишини давом эттирган.
(http://ar.wikipedia.org/wiki/كوكا_كولا)
Билиб қўйган яхши
Википедияда «Кока-Кола»дан фойдаланишнинг муқобил усуллари» деган сарлавҳа оcтида бундай ёзилади:
«Кока-Кола» ювувчи восита сифатида
«Кока-Кола» зангни яхши тозалайди (аммо бўёқ асарини қолдиради). Бундай таъсир ундаги фосфор кислотаси ҳисобига амалга ошади. Шунингдек, маълумки, «Кока-Кола» чойнак тагидаги доғларни ва унитаз кирларини кеткизади. Аммо «Кока-Кола»дан бундай мақсадларда фойдаланиш тавсия қилинмайди, чунки бу ишлар учун таркибида кислотаси бор махсус воситалар мавжуд…
Актюбеда чиқадиган «Диапазон» газетасининг ёзишича, Қозоғистоннинг энг тоза шаҳри, деб танилган Уральск шаҳрининг Ғалаба майдони 2009 йил 9 май байрамида «Кока-Кола» ёрдамида ювилган.
Америка йўл полицияси авариядан сўнг асфальтдаги қон доғларини кетказишда «Кока-Кола»дан фойдаланади.
(http://ru.wikipedia.org/wiki/Кока-Кола#cite_note-10)
«Кола» ва «Пепси» кабилар ҳақида шаръий ҳукм
Фиқҳ асослари суянадиган қоидалардан бири шуки, нарсаларга баҳо беришда бирламчи асос жоизлик ва рухсатдир («ал-ибоҳа»). Бу қоида то рухсатни тўхтатадиган бирор асос, далил пайдо бўлмагунча амал қилаверади. Бинобарин, ҳар қанча миш-миш ёки шубҳалар тарқалмасин, маст қилувчи моддаси йўқ экан ё эса нажас аралашгани исбот қилинмаган экан, бу ичимликни ҳаром, дейишга асос топилмайди. Аммо соғлиққа зиён келтириш жиҳатидан бўлган даъволар агар ўз тасдиғини топса, бу ҳам маҳсулотни ҳаром дейиш учун етарли ҳужжат бўлади.
Энг яхши ичимлик
Гап инсоннинг ҳар кунлик эҳтиёжи -ичимлик ҳақида кетаётган экан, хўш, энг яхши ичимлик нима ўзи, деган савол қўйилиши ўринлидир. Бу оламда энг афзал ичимлик Аллоҳ муборак, деб таърифлаган неъматдир.
وَنَزَّلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً مُبَارَكاً فَأَنْبَتْنَا بِهِ جَنَّاتٍ وَحَبَّ الْحَصِيدِ (ق-9)
«Биз осмондан муборак сувни туширдик, бас у билан боғлар ва ўриладиган донларни ундирдик». (Қоф-9).
والمبارك : اسم مفعول للذي جعلت فيه البركة ، أي جُعل فيه خير كثير. (التحرير والتنوير – 14 / 129).
«Муборак – унда барака, яъни жуда кўп яхшилик ато қилинган нарсанинг исми». (Ат-Таҳрир ват-танвир – 14/129).
Аллоҳнинг Ўзи Қуръонда мақтаган, одамлар томонидан ҳеч нарса қўшилмаган, турли бўёқлар билан ўзгартирилмаган оддий СУВ ҳақиқатан жуда кўп ҳаётий элементларни ўз ичига олганки, буни билган билади, билмаган билмайди. Қайнатилмаган оддий, тоза сувда инсон ҳаёти ва саломатлиги учун зарур бўлган тирик организмлар мавжуд. Аммо одамзод, айниқса ёшлар бизнес тарғибот таъсири остида яшайдилар ва шунинг оқибатида ўзлари учун фойдали нарсадан онгли равишда четда қолиб кетадилар.
Ташвиқот ва одатга бўйсунишда катталар ҳам қолишмайдилар. Қайнатилмаган, тиндирилган тоза сувнинг фойдаси кўп эканини билган ҳолда бизнинг кунимиз чойсиз ўтмайдиган бўлиб қолган. Баъзилар ҳар куни маълум соатда чой ичмаса боши оғрийдиган ҳолга келиб олган. Ё эса «Кока-кола» ё «Фанта» ичмаса чанқоғи босилмайдиган «касал» бўлиб қолган.
Аслини олганда аввало оддий ва тоза табиий сувдан, сўнг меваларнинг ҳеч нима аралаштирилмаган табиий шарбатидан ёки ҳалол ҳайвонлар сутидан ўтиб тушадиган бошқа бирор фойдали ичимлик йўқ. Одам боласи учун хом сабзавотлардан сабзи шарбати, мевалардан олма, анор, узум, ўрик, нок, апелсин кабиларнинг шарбатлари ниҳоятда фойдали эканини, уларнинг ўрнини замонавий ичимликлар ҳеч қачон боса олмаслигини фарзандларимизга тушунтиришимиз ва уларни шунга ўргатишимиз зарур. Иложи бўлса ҳар бир уйда мева шарбатини чиқарадиган асбоб бўлиши керак ва оила аъзоларининг ўзлари яхши пишган мевалар сувини тайёрлаб ичишни одат қилганлари афзал. Аммо билимсизлик оқибатида ё эса одамлар шуни ичаяпти, деган фалсафа билан айрим кимсалар чинакам фойдали озуқалар қолиб, ёрлиғи ялтироқ, бефойда бўёқлар билан ранг берилган, таркиби номаълум, шубҳали суюқликларни мода сифатида ичиб юрадилар.
Аллоҳдан ҳамма ишда ҳидоят ва тўғрилик сўраб қоламиз. Унинг Ўзи бизни ростдан ҳам фойда ва барака бўладиган неъматларга кўндирсин ва муваффақ қилсин.