Муҳожирликда қандай қилиб билганига амал қилиш мумкин?
Савол: … Тақвони қандай қилиб кучайтирса бўлади? Қандай қилиб билганига амал қилиш мумкин? Илтимос, шу иккиси ҳақида кўпроқ тўхталсангиз. Шароитлар ҳаммаси бор. Мен ҳозир ўқишга келганман. Солиҳ биродарлардан танишим йўқ. Отам-онамдан узоқдаман. Квартирамизда яхши хулқли мусулмонлар йўқ. Болалар ичида “яхши хулқлироғи” ўзим. Сиз айтгандай беш маҳаллик масжид бор, Аллоҳга шукр қатнаб турибмиз. Масалан, ўзим Аллоҳга шукр, кўп амри маъруфлар эшитаман, аммо натижаси кам. Яъни амалим йўқ. Биламан, Аллоҳ жонимни гуноҳ қилиб турганимда ҳам олиши мумкину, лекин ўша гуноҳни қилавераман. Бу ҳолатимга нима дейсиз? Илтимос, ҳамма саволларга жавоб берсангиз, шоядки Аллоҳ сизни сабабчи қилиб мени ҳам тақводорлардан қилса. Бир кишини қутқарган бўлардингиз. Чунки унинг ҳаёти гуноҳга тўла…
М.
Жавоб: Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳаммамизни ҳақ йўлга етакласин.
Сабабсиз ҳижрат қилиш
Инсоннинг, айниқса ёш кишининг ота-она, қариндошлар ва яхши биродарлардан узоқда яшаши тўғри эмас. Исломда мана шу саналган инсонларга боғлиқ солиҳ амаллар турлари борки, улардан узоқлашган одам табиий равишда кўп савоб ва яхшиликлардан ҳам бенасиб бўлади. Гап ота-она ва қариндошларга қилиниши фарз бўлган силайи раҳм, дўстлар учун адо этилиши лозим бўлган биродарлик ҳақлари ҳақида кетмоқда. Сиз бу одамлардан ажралсангиз ёки узоқлашсангиз, сизнинг уларга қиладиган яхшилигингиз, уларнинг сизга қиладиган яхшиликлари ҳам ё йўқ бўлади ёки камаяди, деганидир. Вақт ўтган сайин инсон ҳаётида бундай салбий ҳолатнинг кўнгилсиз ва совуқ оқибатлари ҳам кўрина бошлайди. Баъзи одамлар бу сабабларни яхши англамайди-да, ўзидаги муаммолар ечимини бошқа нарсалардан қидириб юради.
Демак, одам аввало ўз ихтиёри билан ва заруратсиз ўз яқинларидан узоққа ва нотаниш юртларга кетиши тўғри эмас. Агар шароит тақозоси билан шундай вазиятга тушиб қолса, ўз юртидагилар билан телефон ёки хат орқали доимий равишда алоқада бўлишга интилиш керак. Уларнинг ҳақларини узоқдан туриб бўлса ҳам адо этиш лозим. Ҳеч бўлмаганда ҳар ҳафтада камида бир марта чиройли сўзлари билан ота-онасининг кўнгилларини кўтариб туриши лозим. Ҳаёт давомида бу ишларининг натижаларини ҳам албатта кўради.
Муҳожирлик ҳаёти
Энди муҳожирлик еридаги ҳаёт ҳақида. Ўқиш, иш ва бошқа сабаблар билан ватандан олисда яшаётган инсонлар қайси миллат бўлишидан қатъиназар мусулмонлар яшайдиган ҳудудда истиқомат қилишлари, яқин атрофдаги мусулмонлар билан қалин алоқада бўлишлари керак. Чунки мусулмонлар бор ерда масжид очилади, жамоат бўлиб Аллоҳга ибодат қилинади, у ерга Аллоҳнинг нури ва баракаси, нусрати ва раҳмати ёғилади. Мусулмонлар бирлашган ҳолда ўз манфаатларини ҳимоя қиладилар. Келаётган зарарларни даф этадилар.
“Беш маҳаллик масжид бор, Аллоҳга шукр қатнаб турибмиз”, деган сўзингизга қараганда сиз алҳамдулиллоҳ Аллоҳнинг неъмати ичида экансиз. Энди шунинг қадрига етинг. Беш маҳал намозни айниқса хуфтон билан бомдодни албатта масжидда жамоат билан биргаликда ихлос билан ўқишга ҳаракат қилинг. Ўзингизни ўзингиз шунга кўндиринг, ўргатинг, рози қилинг. Сизга ўзингизнинг кучингиз етмаса, бошқа бировнинг кучи етмайди. Агар сиз ҳар куни хуфтон ва бомдодни Аллоҳ учун узлуксиз жамоат билан ўқишнинг уддасидан чиқа олсангиз, саволда келтирган муаммоларингиз иншоаллоҳ ҳал бўлишга бошлайди.
Ўзингиз яшаётган ердаги аҳоли билан улар қайси дин, қайси миллат бўлишидан қатъиназар яхши муносабатлар ўрнатинг.
Мусулмонлар билан яқинроқдан танишинг, биродарлашинг. Билмаганингизни сўрашдан, ўрганишдан тортинманг. Ўзингизни камтар тутинг.
Мусулмонман, деганлар орасида ҳам ҳар хил одамлар бор. Фосиқлари, ўз тили, урф- одатлари ва динини унутаётганлари талайгина. Мусулмон муҳожир ибодатли, ҳалол, ростгўй ва ҳаёли одамлар билан бирга бўлади. У ўзининг қўшнилари ва уй ичидаги шерикларига ҳам эътибор беради. Чунки инсон ўзидан бошқалардан албатта таъсирланади. Айниқса битта хонада турадиган одамлар тезлик билан бир-бирларининг таъсирларига тушадилар ва ўзаро мослашиб қоладилар. Агар одам тарбиясиз ва ноқобил кимса билан бирга яшайверса, ўзининг қалбини ва онгини ўз қўли билан заҳарлаб бораверади. Охири яхшиликни танимайдиган, ёмонликни ёмонлик деб билмайдиган ҳолга келиб қолади, наузу биллоҳ.
Мусулмон одам Аллоҳга ибодат қиладиган, ҳалол-ҳаромнинг фарқига борадиган покиза одам билан бирга яшайди. Сиз ҳам шунга риоя қилинг. Шунда ҳамхонангизнинг қилаётган солиҳ амалларини кўриб, унга эргашасиз ва сиз ҳам билганингизга амал қилишга ўрганасиз, иншоаллоҳ.
عن أبي سعيد رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه و سلم قال: «لا تصاحب إلا مؤمنا ولا يأكل طعامك إلا تقي». رواه أبو داود و الترمذي، قال الشيخ الألباني: حسن
Абу Саид разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Фақат мўмин билан бирга бўл, таомингни фақат тақволи одам есин”. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари. Албоний: ҳасан).
Аллоҳ таоло билганларимизга чиройли амал қилишни насиб этсин.