Мазлумларни ҳимоя қилиш – барчамиз учун фарз!
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни бир-бирларига дўст ва ака-укалар деб таърифлаган.
والمؤمنون والمؤمنات بعضهم أولياء بعض» التوبة, 71«
«Мўминлар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар». (Тавба,71).
«إنما المؤمنون إخوة» الحجرات, 10.
«Фақат мўминлар ака-укадирлар» (Ҳужурот, 10).
Дўстлик, биродарлик ва ака-укалик шартларидан бири шуки, улар қийин кунларда елкама-елка турадилар ва бир-бирларига ёрдам қўлларини чўзадилар.
Биродарлик Исломда ҳам, халқларнинг урф-одатларида ҳам ниҳоятда қадрланадиган фазилат. Аммо биродарликнинг аҳамияти биз учун бугун ҳар қачонгидан ҳам қадрлидир.
Ўзбек мусулмонлари адоват қурбонлари
Ҳозир дунёнинг жуда кўп мамлакатларида ҳимоя ва ёрдамга муҳтож мазлум мусулмонларни кўрамиз. Шулар қаторида Ўзбекистон ҳукуматининг ўз фуқароларига нисбатан 20 йиллик шафтқатсиз сиёсати халқ бошига қандай кулфатларни келтираётганига ҳам гувоҳмиз. Афсуски, бу қатағонлар халқаро майдонда бирор жиддий қаршиликка учрамай давом этаётир. Бунинг устига қардош қўшни давлатлар ҳукуматларининг ўзбек миллатига мансуб мусулмонларга нисбатан душманлик ва қатағон сиёсатини очиқчасига юритишга ўтганлари Марказий Осиё тарихидаги энг қора саҳифалардан бирига айланди.
Биз учун бугунги энг оғриқли ҳодисалар Қирғизистон ва Қозоғистон ҳукуматлари томонидан ўзбек мусулмонларининг муайян гуруҳлари устига адоват ва нафрат ёмғирларининг ёғдирилиши, ўзбекларга нисбатан нохақлик ва таҳқирлар содир этилиши бўлмоқда. Биз қабиҳ миллатчиликнинг ҳар қандай турини кескин қоралган ҳолда айтамизки, ўзбек халқи, ўзбек мусулмонлари ўз ватанида ҳам, ёрдам сўраб борган шундоқ қўшнисининг остонасида ҳам таҳқирланмоқда. Яқин ўтмишда, очарчилик даврларида ўзбеклар ўзларидан нон сўраб келган ён қўшнилари қозоқларни ош билан сийлаган, иззат-икром қилиб ўтган бўлсалар, бугун қозоқ ҳукумати ўзининг тўқчилик кунларида бошпана сўраган ён қўшниси ўзбекларни таҳқирламоқда. Бу қандай нонкўрлик!
Демократиянинг қозоқча усулими?!
Шу дамларда ҳаммамизнинг қалбимиз Алмати билан боғланган. У ерда БМТ ҳимоясида бўлган бир неча ўн мусулмоннинг МХК (КНБ) томонидан ҳибсга олиниши, БМТ Қочқинлар идораси томонидан берилган сертификатларнинг Қозоғистон босими остида ёппасига бекор қилиниши, уларнинг олдига адвокатлар қўйилмаётгани, маҳбусларнинг ўзлари, аёлларию болаларининг юридик ҳимоя ҳуқуқидан қасддан маҳрум этилгани, мана охирида Қозоғистон Бош прокурорининг 28 кишини Ўзбекистонга топшириш ҳақида қарор қабул қилгани, қарор юзасидан шикоят қилиш имкониятлари КНБ ва прокуратура томонидан йўққа чиқарилгани мусулмон ўзбекларга нисбатан миллатчилик, ноҳақлик ва адолатсизликнинг қозоқ давлатининг энг юқори поғоналаригача кўтарилганини фош этмоқда. Бу Ғарб, айниқса Европа жамияти олдида ўзини демократик жиҳатдан ривожланаётган қилиб кўрсатишга уринаётган Назарбоев ҳукумати учун ўта шармандали ҳолатни вужудга келтирмоқда. Қозоғистон Европада ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилотига раис бўлган йилда 28 инсонни қийноқ ва ўлим камераларига совуққонлик билан жўнатмоқчи. Бу Қозоғистон даъво қилаётган эркинлик ва халқлар дўстлиги намунасими?! Ёки демократиянинг қозоқча усулими?!
Сабр–тоқатлилик, содиқлик ва собитлик ибрати
Ҳар бир нарсада ибрат, ҳар бир ҳодисада ҳикмат бор. Юзага келган муаммонинг ҳаммамиз учун сабоқ бўладиган жиҳатларидан бири шундаки, зулм ҳаддан зиёда кучаяётган оғир шароитда ўзбек муҳожирлари Аллоҳнинг хоҳиш ва иродаси билан ўзларининг ибратли жиҳатларини намоён этмоқдалар. Улар Қозоғистон ҳудудида бир неча йиллик оғир мажбурий муҳожирлик ҳаётлари даврида ҳам мамлакат қонунларини бирор марта бузмасдан ҳукуматга ҳурмат билан яшаганлари, қозоқ миллати ва урф-одатлари билан ҳамоҳанг ва ҳамнафас бўлганлари, халқаро қоидалардан фойдаланишда ҳам юксак сабр-тоқат ва умид намунасини кўрсатганлари ҳаммамизнинг кўз ўнгимизда юз бераётган воқеликдир.
Шу билан бир қаторда ҳамюрт биродарларимизнинг Ислом эътиқодида собитликларига, мусулмонлик таълимотларига содиқликларига инсоф билан тан беришимиз керак. Қийноқларга солиниш ёки ундан-да қаттиқроқ оқибатларга юз тутиш эҳтимоли кўндаланг бўлиб турган вазиятда сабр ва матонат билан Аллоҳга сиғиниб туришлари уларнинг иймонлари даражасига ишора қилади. Бундан ташқари уларнинг бошларидаги синов Ислом мана шундай заҳматлар чекишга арзийдиган ҳақгўй ва ростгўй дин эканини намойиш этади.
Яхши ҳам яхшилар бор
Алҳамдулиллоҳким, ҳақ ва ноҳақлик аралаш дунёда қонхўр сиёсатчилар, диктатор президентлар билан бир пайтда яхши инсонлар ҳам кўплаб топилади. Уларнинг ичида дилларию тиллари Аллоҳнинг зикри билан, қўллари доимо ҳалол меҳнат билан банд бўлган тиним билмас содда мусулмонларни, инсонлар ҳуқуқи учун курашаётган ташкилотларни, кучли жамоалар ва алоҳида шахсларни, бир-бирига беғараз ёрдам бераётган инсонларни учратамиз. Бу ҳолатлар ҳаётда ҳали иймон, инсоф, диёнат, адолат, меҳр-шафқат ва инсонийлик деган тушунчаларнинг амалда мавжуд эканидан далолатдир.
Аллоҳ таоло ўз бандаларига ато қиладиган марҳаматларини, жумладан инсонлар табиатидаги қобилият, қизиқиш ва истеъдодларни халқнинг турли қатламлари орасига сочиб қўйган. Ҳар кимда ҳар хил ихтисос ёки касб-кор. Одамлар ҳар хил соҳаларда меҳнат қиладилар. Улар Аллоҳ ҳузридаги бандаликларини, биродарлари олдидаги бурчларини ҳам ўзлари бажараётган меҳнат турлари, эгаллаб турган вазифа ва лавозимлари табиатидан келиб чиққан ҳолда адо этадилар. Мазлумларга ёрдам кўрсатишда ҳам худди шу нарса кузатилади.
Жамиятнинг турли вакиллари орасидаги фаол мусулмонлар, уламолар, даъватчилар, ҳалол сиёсатчилар, инсон ҳуқуқи фаоллари, ҳимоячилар ва журналистларнинг хизматлари алоҳида эътиборлидир. Улар инсонлар тақдири ва хавфсизлигига доир долзарб мавзуларда ўзларининг ҳақ сўзлари ва дуолари, даъватлари ва дарслари, маъруза ва таҳлиллари, ҳисобот ва маслаҳатлари, турли тадбирлари ва ўткир мақолалари билан воқеалар ривожига ижобий таъсир ўтказа оладилар. Давлат арбоблари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортадилар. Одамларни ғафлат уйқусидан уйғотадилар. Ана шундай фаол инсонлар халқнинг ташаккур ва таҳсинларига лойиқдирлар.
Биз Алмати имтиҳони асносида ҳам халқ ичидан замоннинг ажойиб инсонларини кашф қилдик. Янги дўстлар билан танишиш шарафига муяссар бўлдик. Узоқдаги маслакдошлар билан яқин бўлиб қолдик. Булар ичида молу жонини, роҳату фароғатини Аллоҳ йўлига тикиб юборадиган оддий мўминлар, инсон ҳуқуқи соҳасининг тунлари ухламай ишлаётган жонкуяр фаоллари, журналистика майдонининг ёниб турган нуқталарига ҳам кириб бораверадиган жасоратли мухбирлари бор.
Умид – ёлғиз Унинг Ўзидан
Дунёда мана шундай холис ҳаракат қилувчи олижаноб шахслар, эзгулик йўлида ҳамкорликка келувчи инсонлар бор экан, уларнинг сабабидан Аллоҳнинг нусратлари нозил бўлади, маҳбуслар озодликка чиқади, ҳақ қарор топади, иншоаллоҳ. Биз ўз ҳаётимизда бунинг мисолларига кўплаб гувоҳ бўлганмиз. Аллоҳ барчамизни шундай исломий ва инсоний сифатларда давом этиб, тараққий топиб боришимизни, адолат тикланишига ҳиссамиз қўшилишини насиб этсин. Биз бугун қўлимиздан келган барча ишларни қилишимиз зарур.
Азиз биродарлар, ватандошлар, замондошлар! Барчамиз якка Аллоҳнинг бандаси, Одам ва Ҳавво алайҳимассаломлар фарзандларимиз. Биз қаерда яшамайлик, қандай вазифаларни бажармайлик, Аллоҳ олдида оддий одамлармиз. Бошқа одамлардан кам ёки ортиқ еримиз йўқ. Ҳаммамиз ўзимиз қилган яхшию ёмон амалларимиз юзасидан Аллоҳнинг ҳузурида жавоб берамиз. Халқ устига оғир кунлар келганда биз ҳам яхши инсонлардан ибрат олишимиз, уларнинг жасорат ва ғайратларидан илҳомланишимиз, ўзимиз ҳам матонат кўрсатишимиз лозим. Биз шу орқали иншоаллоҳ улкан савобларга сазовор бўламиз, ёмон амалларимизнинг касридан ва гуноҳлардан қутулиб оламиз. Ҳозир яхшиликларимизни кўпайтириб оладиган, ёмонликларни ортга суриб ташлайдиган, қалбларимизни поклаб, ёлғиз Аллоҳга боғлаб оладиган лаҳзаларда турибмиз. Бизнинг бугунги кунимиз меҳнат, ҳаракат, ибодат, дуо, эҳсон, одамларга яхшилик, ёмонларга насиҳат омухтаси билан ўтадиган палла. Шунда ҳаммамизни яратган ва қилаётган ишларимизни кузатиб турган Зотдан нусрат ва мадад келишидан умид қиламиз.
Алмати ҳибсхоналарида ёрдамсиз ноҳақ тутқунликда турган ва Ўзбекистонга зулман экстрадиция қилинишга тайёрлаб қўйилган биродарларимизга биз оддий инсонлар қандай мадад бера оламиз? Бундай вазиятларда вазифамиз нималардан иборат бўлиши керак? Биз бу ташвишли кунларда аввало Аллоҳга қаттиқ боғланишимиз ва Унинг Ўзига таваккул қилишимиз, ибодатларимизни мукаммал адо этган ҳолда Ундан муттасил дуолар билан нажот сўрашимиз лозим. Шу билан бир пайтда воқеа жойидан тўғри маълумотлар олиш ва уларни саралаб, ўз вақтида дунёга тарқатиш, бир-бирларини сўнгги янгиликлардан хабардор қилиш, бўлаётган ўзгаришлардан вақтида огоҳлантириш, намойишлар, юришлар ва пикетлар тайёрлашда ва ўтказишда фаол иштирок этиш, жамғармалар ташкил қилишда ёки моддий ёрдамлар тўплашда кўмаклашиш, ўз раҳбарлари атрофида жипслашган ҳолда тартиб ва интизомли равишда ҳаракат қилиш, бир-бирига нисбатан хушмуомала ва сабрли бўлиш, ўзига яхши кўрган нарсани бошқага ҳам раво кўра олиш муҳим ишлардан саналади.
Ёрдам бериш биз учун фарз
Дини учун таъқиб ва қийноқларга дучор этилаётган инсонлар ҳаёти эркинликда юрган мусулмонларнинг доимо диққат-эътиборида бўлиши лозим. Эмин-эркин юрганлар устида мазлум ва маҳбусларнинг ҳаққи кўп. Мазлумларни озод этишга бўлган ҳаракат эса бир марталик тадбир бўлиши керак эмас, балки доимийлик касб этиши зарур. Агар шундай қилинмаса ва барча имкониятлар ишга солинмаса, Аллоҳ таолонинг оятлари ва Расулуллоҳнинг насиҳатларига тўла амал қилган бўлмаймиз:
«… وإن استنصروكم في الدين فعليكم النصر..» الأنفال, 72.
«Агар улар сизлардан динда ёрдам сўрасалар, бас ёрдам бериш сизларнинг зиммангизга вожиб бўлади». (Анфол, 72).
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم: «… الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ لاَ يَظْلِمُهُ وَلاَ يَخْذُلُهُ وَلاَ يَحْقِرُهُ …» (رواه مسلم).
Абу Ҳурайрадан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродари – унга зулм қилмайди, уни ташлаб қўймайди ва таҳқирламайди…» (Муслим).
«والذين كفروا بعضهم أولياء بعض إلا تفعلوه تكن فتنة في الأرض وفساد كبير» الأنفال, 73.
«Кофир бўлган кимсалар бир–бирларига дўстдирлар. Агар сизлар (мўминларга) дўстлик кўрсатмасангиз, ерда фитна ва улкан фасод тарқалади». (Анфол, 73).
Демак, мусулмонлардан ҳам, бошқалардан ҳам бугун давом этаётган зулмга қарши бор имкониятларини ишга солиб, кучларини бирлаштириб курашиш талаб этилади.
Сиз ким томондасиз?
Шу кунларда бир қанча ташкилотлар ва жамоалар томонидан Қозоғистон президенти ва ҳукуматига, ҳамда БМТ, ОБСЕ, ЕИ каби ташкилотларга мурожаатлар юборилмоқда. 17 сентябр, жума куни соат 10дан бошлаб, дунёнинг турли пойтахтларида (жумладан, Германия, Чехия, Голландия, Швеция, Дания, АҚШ) норозилик чиқишлари ўтказишга тайёргарлик кетаётганини эшитаяпмиз. Тадбирлар асосан Қозоғистоннинг элчилик ва консуллик идоралари қаршисида ўтказилади. Шунингдек, БМТ Қочқинлар идорасининг Женевадаги Бош қароргоҳи олдида, Стокголмдаги идораси қошида, ОБСЕнинг Даниядаги ваколатхонаси қаршисида пикетлар ўтказиш режаланган. Биз бу ҳаракатларни қўллаб-қувватлашимизни билдириб, дунёдаги барча ўзбек мусулмонларини бу тадбирлардан четда турмасликка, аксинча уларга қўшилишга, бундай чиқишларни кучайтиришга ва давом эттиришга даъват қиламиз.
Ўзингиз турган мамлакат ҳудудида ёки сизга яқинроқ давлатда мавжуд бўлган Қозоғистон ваколатхонаси қаршисида норозилик намойишлари, юришлар, пикетлар, митинглар уюштиринг. Ўзингизнинг ҳамдардлигингизни, мусулмонлар ва мазлумлар томонида эканингизни изҳор қилинг. Токи, 28 маҳбус ва уларнинг аёллари, фарзандлари Ўзбекистоннинг қонхўр жаллодлари қўлига топширилмасин. Сиз ким томондасиз? Зулм, зулмат, зўравонлик ва ноҳақлик томонидами? Ёки адолат, ҳақиқат, нур томондами? Агар адолат томонда бўлсангиз овозингизни чиқаринг. Ҳозирги паллада сукут сақлаш, жим туриш зулмга қўшилиш билан баробар бўлади.
Шоир айтганидек,
Элу юртинг омонми,
Омон, сен ҳам омон бўл!
Сен ҳақиқат томон бўл!
Майли сен бир ёмон бўл,
Лекин сен нур томон бўл,
Сен адолат томон бўл!
Аллоҳ таолодан хаққа ёрдам ва нусрат ато айлашини сўраб қоламиз.
Podcast: Play in new window | Download