Телефон хизматидан насияга фойдаланиш мумкинми?
Савол: Бизларда телефоннинг пули тугаса, компания томонидан қарз олиш мумкин, аммо бу олинган қарзни мисол 1$га 1.18$ қилиб қайтариш керак. Шу нарса рибо ҳукмига ўтадими ёки йўқми?
Санжарбек, Қўқон.
Жавоб: Мижозга фоизли тўлов шарти билан насияга хизмат кўрсатиш шубҳасиз, рибодир. Ҳозир жуда кўп компаниялар, савдо-тижорат тузилмалари ўзларига кўпроқ фойда келтиришни кўзлаб шу усулдан фойдаланадилар. Улар мижозга қарз ва муҳлат берадилар. Мижоз шу муҳлатдан фойдалангани ёки маълум муддат ичида қарзини тўламагани учун фоиз қўшилади. Масалан, кимдир магазиндан қарзга мол сотиб олади. Ёнилғи қуйиш шохобчасидан насияга бензин олади. Сўнг белгиланган муддат ичида пулни тўламаса, устига фоиз қўшилиб бораверади. Бу Ислом шариати ҳаром қилган рибо кўринишларидан биридир. Бундай шартномада иштирок этувчи ҳар икки томон ҳам ҳаромга аралашган бўлади. Савдо сотиқ ва пул муносабатларида бундай усуллардан сақланиш лозим.
Ислом динида муҳтож инсонга қарз бериш улуғ савобли амаллардан саналади ва қарз эвазига Аллоҳ берадиган ажру мукофотдан бошқа бирор фойдага эришишни шартлашиш ёки ҳатто кўнгилдан ўтказиб тамаъ қилиш мумкин эмас.