Пулини кечроқ ва кўпайтириб тўлаш шарти билан машина олиш

Бўлимлар: 20. Савдо-сотиқ

Савол: Биз билан Кореяда бирга ишлайдиган биродаримиз шу ердан туриб Ўзбекистондан ярми насияга машина олдилар. Бозорда 9 минг долларлик машинани 5 минг долларини нақд бердилар, 4 минг долларини 4400$ доллар қилиб 4 ойда беришга келишишган. Шу савдо  рибога кирадими?

Абдуллоҳ.

Жавоб: Бирор нарсани пулини кейинроқ тўлаш шарти билан ва шу сабабли қимматроққа сотиб олиш ёки сотиш жоиз. Бу савдо рибога кирмайди.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган ҳадисда Барира исмли чўри ўзини ўзи 9 уқияга сотиб олишга, пулини ҳар йили бир уқиядан тўлаб боришга келишгани, Расулуллоҳ буни эшитганлари, аммо инкор қилмаганлари ривоят қилинган. Мана шу савдони «байъут-тақсит» яъни, пулини бўлиб-бўлиб тўлашга келишиш, деб аталади ва бу қоидага қадим-қадимдан мусулмонлар орасида амал қилиб келинади.

Аммо бундай усулда олди-сотди қилишнинг бир қатор шартлари борки, уларга қатъий риоя қилиниши лозим. Жумладан, ҳар икки томон пул тўлаш муддатини ва шаклини аниқ билган ва келишган бўлишлари шарт. Яна пулнинг тури ва бўлакларнинг миқдори маълум қилиниши талаб этилади. Масалан, пулини кейинроқ берарман, деган мавҳум сўз билан савдо қилиш мумкин эмас. Ёки пулнинг қанчаси нақду қанчаси кейин берилиши аниқ қилинмасдан шартнома тузилиши тўғри бўлмайди. Муддатли савдо қилганда иложи борича ёзма равишда ҳужжатлаштирилиши керак.