Омонат қўйилган нарса йўқолса ким жавоб беради?

Савол: Бир киши сафардан уйга қайтаётган пайтда бошқа бир таниши ундан 5 дона қўл телефонини олиб боришда ёрдам беришни сўраган. У одам рози бўлган, аммо хизмат эвазига пул олинмаган. Ўзбекистонга киришда қўл юкларини олиб ўтишдаги ҳаражатлар молнинг эгаси ҳисобидан тўланиши келишилган.

Омонатни у киши ўзининг қўлидаги сумкага солиб олиб кетиши ва у сумкани юклар бўлимига топширишмаслиги айтилган. Аммо юкларни топшириш давомида ўша сумкани ҳам бошқа юклар билан умумий юклар бўлимига топшириб юборган. Сумканинг қулфи бўлмаган, фақат “замокли” сумка бўлган. Бу одам ўзининг шу каби қўл телефонларини муҳофаза қилинган ҳолатда бошқа юклар билан божхонадан топшириб юборган.

Ўзининг қўл телефонларини чегарадан қўлида олиб ўтиши ҳақида айтмаган.

Назаримда омонатни юклар бўлимига топшириш давомида бепарволик қилинган. Охирида у сумка Ўзбекистонга бориб, белгиланган одамнинг қўлига текканда, омонатлар сумка ичидан чиқмаган. Омонатни ўғирлашган. Юк олиб бораётган кишининг ўзининг юклари ўғирланмаган.

Шу ҳолатдан келиб чиқиб савол юбормоқдаман. Омонат берган киши ўз ҳаққини талаб қилишга ҳаққи борми? Қанча миқдорда? Ҳаммасиними?

Омонат Тошкентда 1750$ миқдорда сотилиши кутилган…

Агар у киши омонат олинган миқдордаги пулни берса, унга енгил ва арзон бўлади. Омонатни берган киши омонатни ҳозирдаги миқдорда қайтиб олишга ҳаққи борми?
Ҳозирда у киши (омонат олган одам) олган омонатига жавоб бермаслиги ҳақида айтганини таъкидламоқда.

Бу сўз омонат берган кишига айтилмаган ва бунга гувоҳлар ҳам йўқ. Лекин омонат берган одамнинг омонатни қўлдаги сумкага солиб олиб кетишни илтимос қилиб айтган сўзига гувоҳлар бор.

Юкни топшираётган вақтда билмасдан топширилмаган. Унда омонат борлиги маълум бўлган.

У кишининг қолган сумкасида ҳам қўл телефони бўлган. У киши айтишича унда ҳам қулф бўлмаган.

Шу ҳолатда омонат берган кишининг юкни қўлда олиб кетиш ҳақидаги илтимосига далил сифатида қараладими?

Агар бир кишига омонат қилиб бир нарса топширилса, унинг бўйнида жавобгарлик бўладими? Яъни у киши аввалдан ўша нарсага жавоб бермаслигини айтган бўлса ҳам. Бу ўринда топширилган ҳолатларга қандай қаралади? Масалан баъзи омонат кичик бўлгани сабаб қўлга берилади, баъзиси юк қилиб топшириб юборилади.

Алҳамдулиллаҳ, икки киши ҳам мусулмон. Шариатдан келиб чиқиб одил ҳукумни кутишмоқда.

Шу ҳақда чиқарилган Ислом фатово оламидаги илмлардан бизни хабардор қилсангиз.

Абдуллоҳ.

Жавоб: Бу саволда сўралган масала шариатда “Вадийъа” ёки “Ийдоъ” деб айтилади. «Вадийъа» – омонатга берилган нарса. “Ийдоъ – ўз молини сақлаш учун бошқа одамнинг тасарруфи остига ўтказиш”. (Бадое ус-саноеъ). Омонат қабул қилиш савобли амалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ у банданинг ёрдамида бўлади”…