Лайлатулқадр ва ҳайит қачон?

Cавол: Қадр туни ва ҳайит қачон бўлишини айтиб бера оласизларми?

Назокат.

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига Лайлатулқадр фазилатларини кўп таъкидлаганлар ва уни қидиришга даъват қилганлар. Бу муборак фурсат қайси кечага тўғри келиши ҳақидаги ҳадисларнинг кўплиги ва ҳар хиллиги хулоса ва фойдаларнинг ҳам кўпайишига сабаб бўлган.

Қуйида шу мавзуга тегишли ҳадислардан айрим намуналар келтирамиз:

* * *

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم من يقم ليلة القدر إيماناً واحتسابا غفر لله ما تقدم من ذنبه. (رواه البخاري).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки Қадр кечаси иймон билан ва савоб умидида қойим бўлса, унинг ўтган ҳамма гуноҳлари кечирилади». (Бухорий).

(Изоҳ: қойим бўлиш намоз ўқиш, дегани).

* * *

عن عائشة رضي الله عنها قالت : كان رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا دخل العشر أحيا الليل وأيقظ أهله وجد وشد المئزر .( رواه مسلم).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (охирги) ўн кунлик кирганда тунларини бедор ўтказар, оила аъзоларини уйғотар, изорларни боғлар эдилар». (Муслим).

(Изоҳ: изорни боғлашдан мурод – аёллар билан ётишдан тийилиш).

* * *

عن عائشة رضي الله عنها قالت : كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يجاور في العشر الأواخر من رمضان ويقول : تحروا ليلة القدر في العشر الأواخر من رمضان. (رواه البخاري).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунлик пайтида эътикоф ўлтирардилар ва: «Лайлатулқадрни охирги ўн кечадан қидиринглар», – деб айтар эдилар. (Бухорий).

* * *

عن معاوية رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: التمسوا ليلة القدر ليلة سبع و عشرين. (رواه الطبراني وصححه الألباني).

Муовия разияллоҳу анҳудан ривоят. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Лайлатулқадрни йигирма етттинчи кечадан қидиринглар». (Табароний; Албоний: саҳиҳ).

* * *

عَن ابْن عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: هِيَ فِي الْعَشْرِ الْأَوَاخِرِ هِيَ فِي تِسْعٍ يَمْضِينَ أَوْ فِي سَبْعٍ يَبْقَيْنَ يَعْنِي لَيْلَةَ الْقَدْرِ وَعَنْ خَالِدٍ عَنْ عِكْرِمَةَ عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ الْتَمِسُوا فِي أَرْبَعٍ وَعِشْرِينَ. ( رواه البخاري).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «У охирги ўн кеча ичидадир. У ўтадиган тўққиз кеча ичидадир ёки қоладиган еттти кеча ичида… » (Бухорий).

(Изоҳ: Ўтадиган тўққиз кеча деганлари 29 кечадир. Қоладиган етти эса 23 кеча бўлади).

* * *

Уламолар Лайлатулқадр кечаси ҳақидаги ҳадислар ва хабарлардан хулоса қилиб, бу улуғ кечани Рамазон ойининг ҳаммасидан қидириш лозимлигини айтишган. Шу билан бир қаторда Рамазон кечалари ичида учинчи ўнг кунлик, бу ўн кунлик ичида тоқ кечалар кўпроқ тилга олинади.

Ҳайит Рамазон ойи тугаб, Шаввол ойининг ҳилоли кўринган кечанинг эртасига бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон кечаларини баракотли қилсин. Лайлатулқадр савобини топишга муяссар айласин. Келаётган Ийдулфитр муборак бўлсин.