Эътикофда савдо қилиш ва телефонда сўзлашиш

 Савол: Эътикофда савдо қилса бўладими? Яна телефон тутса бўлаверадими?

Абдуллоҳ.

Жавоб: Эътикофда ўлтирган одам учун баъзи ишлар мубоҳ, баъзи амаллар ҳаром саналади. Мубоҳ амаллар инсоннинг шахсий ҳаёти учун зарур бўлган амаллардир. Шулар қаторига ўзи учун ёки оиласи учун керакли ашёларни сотиб олиш ёки ниманидир сотиш ҳам киради. Аммо савдо молини масжидга келтириш мумкин эмас. Еб-ичадиган озиқ-овқати, киядиган либоси бундан мустасно. Иложи бўлса, бундай ишларни унинг вакили бажаради. Агар ёрдам берадиган ҳеч кими бўлмаса, ўзи қилиши мумкин.

Телефонда сўзлашиш оддий сўзлашиш ҳукмидадир. Эътикофда турган одам бошқалар билан суҳбатлашиши мумкин. Аммо у беҳуда сўзлардан тийилади, кўпроқ зикр-тасбеҳ ва ибодат билан машғул бўлади. Дунёси ёки Охирати учун фойдали сўзларни гапиради.