“Ватанни севмоқ иймондандир” ҳадиси саҳиҳми?

Бўлимлар: 07. Ҳадис

Савол: «Ватанни севмоқ иймондандир», деган ҳадис саҳиҳми?

Мурод.

Жавоб:

«حب الوطن من الإيمان». (السلسلة الضعيفة-1\110-36، الألباني: موضوع).

«Ватанни севмоқ иймондандир«. (Силсилатуззаифа 1/11036, Албоний: тўқима).

Бу ибора ҳақида уламолардан Алий Қори асли йўқ, деганлар. Муҳаммад Ал-Ғаззий ҳадис эмас, деган, Сағоний ва Албонийлар тўқима ҳадис, дейишган.

Маълум даврларда ё иймони заиф, тушунчаси паст одамлар томонидан ёки Ислом душманлари томонидан ўз мақсадларига мослаб ҳадислар тўқиб тарқатиш авж олган. Бу ҳақда Расулуллоҳ аввалдан огоҳлантирганлар.

عَنْ سَلَمَةَ قَالَ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ مَنْ يَقُلْ عَلَيَّ مَا لَمْ أَقُلْ فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنْ النَّارِ. (رواه البخاري)

Саламадан ривоят. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллламнинг бундай деётганларини эшитдим: «Кимки мен айтмаган сўзни менинг номимдан гапирса, бас ўз жойини дўзахдан тайёрласин». (Бухорий).

َقَالَ الْمُغِيرَةُ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: «إِنَّ كَذِبًا عَلَىَّ لَيْسَ كَكَذِبٍ عَلَى أَحَدٍ فَمَنْ كَذَبَ عَلَىَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ». (رواه مسلم).

Муғира деди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деётганларини эшитдим: «Менинг номимдан ёлғон тўқиш бирор одамнинг номидан ёлғон тўқиш билан баробар эмас. Кимки қасддан менинг номимдан  ёлғон гапирса, бас ўз жойини дўзахдан тайёрласин». (Муслим).

Аллоҳ таоло ҳаммамизга Ислом билимларини асл манбаларидан олишни насиб этсин.