Таровиҳда тасбеҳ айтиш суннатми?

Савол: Таровиҳ намозида ҳар икки ёки тўрт ракаъатдан сўнг салавот айтиш суннатми?

Отабек.

Жавоб: Таровиҳ намозининг ҳар икки ракъатида эмас, ҳар тўрт ракъатидан сўнг бир оз ўтириб дам олиш саҳобалар суннатларидир. Аммо бу вақт ичида бирор муайян зикр ёки салавот айтишга буюрилмаган.   

اتَّفَقَ الْفُقَهَاءُ عَلَى مَشْرُوعِيَّةِ الاِسْتِرَاحَةِ بَعْدَ كُل أَرْبَعِ رَكَعَاتٍ ؛ لأَِنَّهُ الْمُتَوَارَثُ عَنِ السَّلَفِ ، فَقَدْ كَانُوا يُطِيلُونَ الْقِيَامَ فِي التَّرَاوِيحِ وَيَجْلِسُ الإِْمَامُ وَالْمَأْمُومُونَ بَعْدَ كُل أَرْبَعِ رَكَعَاتٍ لِلاِسْتِرَاحَةِ .وَقَال الْحَنَفِيَّةُ : يُنْدَبُ الاِنْتِظَارُ بَيْنَ كُل تَرْوِيحَتَيْنِ ، وَيَكُونُ قَدْرَ تَرْوِيحَةٍ ، وَيَشْغَل هَذَا الاِنْتِظَارَ بِالسُّكُوتِ أَوِ الصَّلاَةِ فُرَادَى أَوِ الْقِرَاءَةِ أَوِ التَّسْبِيحِ . وَقَال الْحَنَابِلَةُ : لاَ بَأْسَ بِتَرْكِ الاِسْتِرَاحَةِ بَيْنَ كُل تَرْوِيحَتَيْنِ ، وَلاَ يُسَنُّ دُعَاءٌ مُعَيَّنٌ إِذَا اسْتَرَاحَ لِعَدَمِ وُرُودِهِ. الموسوعة الفقهية الكويتية – (27 / 144).

«Фуқаҳолар ҳар тўрт ракъатдан сўнг дам олишнинг машруъ эканига иттифоқ қилишган. Чунки бу иш салафлардан мерос бўлиб келаётган амалдир. Улар таровиҳда қиёмни узун қилишар, ҳар тўрт ракъатдан сўнг имом ҳам, маъмумлар ҳам ўтириб дам олишар эди. Ҳанафийлар айтишди: «Ҳар икки тарвиҳадан сўнг бир оз кутиш яхши ва бу бир тарвиҳа миқдорича бўлади. Бу кутиш жим туриш, якка ҳолда намоз ўқиш ёки қироат қилиш ё тасбеҳ айтиш билан бўлиши мумкин». Ҳанбалийлар айтишди: «Ҳар икки тарвиҳа орасида дам олишни тарк этишнинг зарари йўқ. Агар дам олса, муайян дуо ўқиш суннат дейилмайди, чунки бу ривоятларда келмаган». (Ал-мавсуатул-кувайтия – 27/144).

وأهل الحرمين لا يجلسون ، فإن أهل مكة يطوفون بين كل ترويحتين أسبوعا ، وأهل المدينة يصلون بدل ذلك أربع ركعات ، وأهل كل بلدة بالخيار يسبحون أو يهللون أو ينتظرون سكوتا ، وإنما يستحب الانتظار بين كل ترويحتين ؛ لأن التراويح مأخوذ من الراحة فيفعل ما قلنا تحقيقا للمسمى العناية شرح الهداية. (2/237).

«Икки Ҳарам аҳли ўтирмайдилар. Аҳли Макка ҳар икки тарвиҳадан сўнг Каъбани бир тавоф қилишади. Мадина аҳли бунинг муқобилида тўрт ракъат намоз ўқишади. Ҳар бир мамлакат аҳли ё тасбеҳ ё таҳлил айтишда ихтиёрлидир. Ёки жим кутишлари мумкин. Ҳар икки тарвиҳадан сўнг бир оз кутсалар шунинг ўзи мустаҳабдир. Чунки таровиҳ роҳат сўзидан олинган ва шуни амалга ошириш учун юқорида келтирганимиздан биронтасини қилади». (Ал-иноя шарҳул-Ҳидоя – 2/237).

Юқоридагиларга асосланиб айтиш мумкинки, таровиҳда аввало ҳар тўрт ракъатдан сўнг бир оз дам олиш салафлар одатлари ва бу намоз ўқувчилар учун енгиллик яратишдир. Иккинчидан, бу муддат давомида қандай амал билан шуғулланишни ҳар бир юрт аҳли ўзлари белгилашлари мумкин. Жойларда қисқа-қисқа маърузалар қилиш одат бўлганки, бунинг ҳам фойдалари кўп, ишоаллоҳ.  

Фиқҳий атамалар изоҳи:

Қиём  – намозда тик туриш; намоз ўқиш;

Маъмум – намозда имомга эргашган одам;

Тарвиҳа – таровиҳ намозининг икки ракъати.