Қиёмуллайлда китобга қараб ўқиса бўладими?

Савол: Ҳаммамизга Рамазони шариф муборак бўлсин. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳаммамизни ўтган ва олдинги гуноҳларимизни  кечирсин ва қилган ибодатларимизни Ўз даргоҳига қабул айласин, амин. Саволим шуки, қиёмуллайлда узоқ туриш керак, лекин мен ҳозирча узун сураларни ёд олганимча йўқ. Китобдан ўқиса ёки билган сураларини кетма-кет ўқса бўладими?

Жазакаллоҳу хойрон.

Насиба.

Жавоб: Аллоҳ таоло дуо ва ибодатларингизни қабул айласин. Рамазон нафс ва баданни кўпроқ ибодат қилишга ўргатадиган мактабдир. Шундай экан, Аллоҳ таоло ҳаммамизга бу мактабни яхши натижалар билан ўташни насиб қилсин. «Қиёмуллайл» (тунги нафл намоз) Расулуллоҳ ва у зотга эргашган солиҳ инсонларнинг энг суйган амалларидандир. Олам аҳлининг кўпи чуқур уйқуга чўмган маҳал Аллоҳ ҳузурида тик туриб ибодат қилишдаги сирларни инсон ўзининг иймони даражасига қараб англаб боради, иншоаллоҳ.       

Намозда Қуръонга қараб ўқиш масаласи Расулуллоҳнинг ҳаётлик пайтларида воқе бўлмаган, чунки у пайтларда саҳобалар – эркаклар ҳам аёллар ҳам – Қуръоннинг ё ҳаммасини ёки кўп қисмини ёддан билишган. Ўқиш-ёзишни биладиганлар эса Исломнинг аввалида жуда кам бўлган. Асосий эътибор ёд олишга қаратилган.

Намозда китобга қараб ўқиш ҳақидаги саволлар кейинги замонларда юзага келган ва бунга турли жавоблар берилган.

Шофеий ва ҳанбалий уламолар бу ишни жоиз деб айтишган. Имом Аҳмад тунги нафл намозларида имом бўлган одамнинг мусҳафга қараб ўқишида ҳеч бир зарар йўқ, деганлар. «Фарзда-чи?» деб сўрашганда «Бу ҳақда ҳеч нима эшитмаганман», деб жавоб берганлар.

Имом Абу Ҳанифанинг фикрларига кўра мусҳафга қараб ўқиса, намоз бузилади. Бунинг сабаби сифатида икки нарса кўрсатилган. Биринчидан, Қуръонни кўтариб туриш ва уни варақлаш «амали касир» (кўп ҳаракат) деб қаралади. Иккинчидан, бу ҳолат намозни намоздан ташқаридаги одамга эргашиб, унинг ўқитиши билан ўқиш бўлади. Буларнинг ҳар иккиси ҳам намозни бузади. Аммо ёд олган сураларини ўқисаю адашиб кетишдан сақланиш учун Қуръонни бирор нарса устига қўйган ҳолда унга қараб ўқиши бундан мустасно, дейишган. Имом Абу Юсуф ва Муҳаммадлар китобга қараб ўқишда агар аҳли китобларга ўхшашни қасд қилса, макруҳдир, дейишган. (Ал-мавсуатул-фиқҳийя, 33/57-58).

Бу масаладаги жавобларнинг хулосаси шуки, намозда Қуръонни иложи борича, ёддан ўқиш керак. Аммо нафл намозларда узун қироат қилишни истасаю ёддан билмаса, Қуръонга қараб ўқиш жоиз, валлоҳу аълам. Бунда Қуръонни бирор баланд нарсага қўйиб, шунга қараб ўқигани қўлда кўтариб ўқигандан кўра яхшироқдир.