Оғизни шошиб очиш
Савол: Ифторлик пайтида чанқоғим кучли бўлгани боис шошиброқ очаяпман. Шунга кўра рўза шартларини бузмаяпманми?
Исломиддин.
Жавоб: Қуёш ботгани аниқ бўлгандан кейин оғиз очиб, таом истеъмол қилишга киришилиши Расулуллоҳнинг суннатларидир.
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَا يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا عَجَّلُوا الْفِطْرَ. (رواه البخاري ومسلم).
Саҳл ибн Саъддан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар модомики, оғизларини тез очар эканлар, яхшилик ичида давом этадилар». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
وقال المهلب الحكمة في ذلك أن لا يزاد في النهار من الليل ولأنه أرفق للصائم وأقوى له على العبادة واتفق العلماء على أن محل ذلك إذا تحقق غروب الشمس بالرؤية أو بإخبار عدلين وكذا عدل واحد في الأرجح عند الشافعية. (عمدة القاري شرح صحيح البخاري).
«Муҳаллаб айтди: «Бунинг ҳикмати туннинг ҳисобидан кунни узайтирмаслик, рўзадор учун енгиллик бериш, ибодат учун қувват тўплашдир. Уламолар бу сўз қуёш ботгани аниқ бўлган ҳолатга тегишли эканига иттифоқ қилганлар». (Умдатул-қори).
Шу билан бир қаторда инсон рўзанинг ҳикматларини ёдда сақламоғи даркор. Рўза нафсни тарбия қиладиган, иродани чиниқтирадиган, тақво ва сабр ҳосил қилишга ўргатадиган ибодат экан, инсон оғиз очар пайтида ўзини яхши тутиши лозим. Мусулмон одамдан дастурхон устида ҳар қандай ҳолатда ҳам овқатланиш одобига риоя қилиш талаб этилади. Овқат ёки ичимлик келтирилганда уни шошқалоқлик билан истеъмол қилиш, ташқаридан қараган одамга чиройли кўринмайди. Инсон овқатланаётган пайтда ўзини йўқотиб қўйган, атрофдагиларни эсдан чиқарган, очкўз ва баднафс кимсага ўхшаб қолиши керак эмас. Пала-партиш овқатланиш тиббий жиҳатдан ҳам зарарлидир.