“Жуда ҳам хурсандман”
Ассалому алайкум, Обидхон Қори ака. Сизни Муқаддас Рамазон ойи кириб келгани билан чин қалбдан табриклайман. Аллоҳ йўлида қилаётган хайрли ишларингизга жуда ҳам хурсанд бўламан. Мен сизга чин дилдан ташаккуримни билдирмоқчи эдим. Сизни саҳифаларингиз орқали кўпдан-кўп саволларимга жавоб оламан. Саҳифаларингизни ўқиб, Аллоҳ бизни Мусулмон қилиб яратганига жуда ҳам суюнаман. Аллоҳга беҳисоб шукрлар айтаман. Ислом йўлида яна–да яхшироқ, эътиборлироқ инсон бўлишга ҳаракат қиламан. Бунда сизнинг хизматингиз жуда ҳам катта. Сизга чин дилдан сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаб қоламан. Яна узоқ йиллар давомида биз мухлисларингизни хурсанд қилиш сизга насиб этсин.
Ҳурмат билан Гулчеҳра.
Жавоб хати:
Ассалому алайкум, синглим, Гулчеҳра. Табригингиз ва яхши тилакларингиз учун ташаккурлар айтамиз. Аллоҳ таоло Рамазон ойини сизга ҳам баракотли қилсин. Иймонингиз, илмингиз ва солиҳ амалларингизга Раббимизнинг Ўзи зиёдалик ато айласин. Мактубингизнинг жавобини сизнинг ўзингизга юборсак ҳам бўлар эди. Аммо хатингизда бир ибратли нуқта бор эканки, буни кўпчилик мусулмонлар билан бирга баҳам кўришимиз керак, деб ўйлаймиз.
Сизнинг ёзганларингизни ўқиган одам Аллоҳнинг мана бу оятларини эслайди:
{ يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ * قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِمَّا يَجْمَعُونَ } {يونس- 57 – 58 }.
«Эй иймон келтирган инсонлар, сизларга Раббингиздан мавъиза ва кўкраклардаги касалликларга шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди. (57). Айтинг, Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан – бас ана шу билан – хурсанд бўлсинлар. У одамлар тўплайдиган нарсадан кўра яхшироқдир». (58). (Юнус сураси).
Бу оятлар тафсирида Саъдий раҳимаҳуллоҳ бундай ёзадилар:
«Ҳидоят – бу ҳақиқатни билиш ва унга амал қилишдир. Раҳмат эса илм туфайли ҳидоятга эришган одам учун ҳосил бўладиган яхшилик, эҳсон, дунё ва Охиратдаги савобдир. Ҳидоят – энг буюк воситалардан бири. Раҳмат энг етук мақсад ва орзудир. Локин илм билан ҳидоят топиш ва раҳматга эришиш фақат мўминлар учун бўлади. Агар ҳидоят ҳосил бўлса ва ундан униб чиқувчи раҳмат насиб бўлса саодат ва нажот, фойда ва муваффақият, шодлик ва сурур юзага келади. Ана шунинг учун Аллоҳ таоло мўминларни хурсандликка буюриб дедики: «Айтинг, Аллоҳнинг фазли билан», яъни Қуръон билан хурсанд бўлсинлар. У энг буюк неъмат, миннат ва бандаларга ато айлаган марҳаматдир. Яна «Унинг Раҳмати билан» шодлансинлар. Унинг раҳмати дин, иймон, Аллоҳнинг ибодати, муҳаббати ва маърифатидир. «Бас ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У одамлар тўплайдиган нарсадан» дунё мато ва лаззатларидан «кўра яхшироқдир».
Бас, икки олам саодатига уланган дин неъматини бу дунё ичида мавжуд бўлган, яқинда йўқ бўлиб кетадиган арзимас нарсаларнинг барчасини тўплаганда ҳам асло қиёслаб бўлмайди. Аллоҳ фақат Ўзининг фазли ва раҳмати билан хурсанд бўлишга буюрди. Чунки бу шодлик нафси мутмаиннанинг яйраши ва ғайратланишига, Аллоҳ таолога шукр қилиши ва кучланишига, илм ва иймонга интилишига сабаб бўлади. Бу мақталадиган хурсандликдир.
Дунё ва унинг лаззатлари билан ёки ботил ишлар билан хушнуд бўлиш ҳаққа тескари иш бўлиб, у қораланади. Аллоҳ Қорун ва унинг қавми ҳақида айтганки: «Кўп хурсанд бўлма, Аллоҳ ноҳақ хурсанд бўлувчиларни яхши кўрмайди». Аллоҳ Расуллар келтирган нарсаларга хилоф бўлган ботил эътиқодлари билан хурсанд бўлган кимсалар ҳақида айтган: «Уларга элчилар хужжатлар билан келган пайтда ўзларининг билганлари билан хурсанд бўлдилар». (Саъдий тафсири,1/366).
Ибнул Қаййим «Ар-Руҳ» китобларида нафс хурсандлиги билан қалб сурури ўртасидаги фарқ ҳақида ёзганлар. У киши: «Инсоннинг Охиратдаги хурсандлиги бу дунёдаги хурсандлигига яраша бўлади», дейдилар. Бу сўзлар иймон ва солиҳ амаллар сабабли юзага келадиган қалб хурсандлиги ва яхши кунларга, ҳусни оқибатга бўлган умидга ишорадир.
Хурсандлик ҳақида гапирар эканмиз, мусулмонларнинг бу дунёда машаққат ва мусибатлар ичида эканликларини эслаймиз. Ислом ва Қуръон мусулмонлар билан бирга экан, мусибатлар ҳар қанча оғир бўлмасин, Аллоҳнинг ваъдаларига ишонч, Охират умиди, дин ва иймон шодлиги уларни тарк этиши керак эмас.
Қайғулар ичида қолган мўминлар ўзларининг иймон ва Қуръон билан бахтли эканликларини ҳис қилишлари, шуни тез-тез эсга олишлари даркор. Бу уларнинг ҳаёт имтиҳонларидан қоқилмай ўтишларига, Ислом душманлари қаршисида енгилмасликларига асосий сабабдир.
Дунёда бу ҳақиқатдан бехабарлиги туфайли умри фақат хафалик ва шикоят билан ўтадиган одамлар кўп. Исломдек саодат билан замондош бўла туриб, Қуръондек неъмат билан ёнма-ён яшаб, хурсандлик ва Аллоҳдан розилик туйғусини ҳис қила олмаслик энг ёмон мусибат. Одамлар арзимаган нарсалар устида жанжаллашиб, аразлашиб юрадилар. Бир-бирларидан юз кўрмас бўлиб ажралиб кетадилар. Дунёнинг ўткинчи ашёлари, бойликларини қўлга киритсалар, қаттиқ хурсанд бўладилар. Каттароқ мусибатларга дучор бўлганда ўзларини буткул йўқотадилар. Бундай хурсандлик ва хафалик нафс хурсандлиги ва нафс хафалигидир – асло қалб шодлиги эмас.
Аллоҳ таоло барчамизга дунёю Охиратнинг мукаммал хурсандлигини ато айласин.