Рўзада маний ва мазий келишининг ҳукми

Cавол: Аввалам бор Рамазон ойини Аллоҳнинг ўзи муборак қилсин, гуноҳларингизни кечирсин ва дуоларингизни қабул қилсин, Амин! … Саволим шуки, Рамазонда рўза тутар эканман, менда шаҳватим баъзида ўзидан ўзи келиб кетади. Баъзида тушимда ёки ўнгимда ҳам шаффоф рангли суюқлик кела бошлайди. Рамазон ойида рўзадор бўлсам кучим камайиб тўхтаб қолса керак, деб ўйлаган эдим… Шу ҳолатимда таҳоратим бузилиши аниқ, лекин … тутган рўзам очилмайдими? Ғусл вожиб бўлмайдими? Нима маслаҳат берасиз?

Зиёвуддин.

Жавоб: Дуо ва тилакларингиз учун раҳмат, Аллоҳ қабул қилсин. Сизнинг саволингизни ўқиб, кўпгина ёш йигитлар ўзларида содир бўладиган айрим ҳолатлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасликларини ҳис қилдик. Бинобарин, уларнинг саволларига жавоб бериш билан бир қаторда ёшларга тушунмаган ва билмаган нарсаларини исломий саҳифалардан ташқари ўзларининг атрофларидаги илмли кишилардан ва ёши каттароқ инсонлардан ҳам тортинмай сўраб ўрганишни маслаҳат берамиз.

Рамазон ойида ҳам, бошқа пайтда ҳам истимно билан шуғулланиш, яъни қассдан қўли билан манийсини келтириб, шаҳватини қондириш ҳаромдир. Агар бу иш Рамазоннинг кудузида бўлса, рўза албатта бузилади. Аммо уйқуда эҳтилом бўлиш (манийнинг ихтиёрсиз лаззат билан тўкилиши) рўзага зарар етказмайди. Ундай одам уйғониб ғусл қилиб олади ва рўзани давом эттиради.

Агар инсон уйғоқ ҳолда ўзининг нияти ва ҳаракати билан эмас, балки ўзи истамаган ҳолда беихтиёр эҳтилом бўлиб қолса (манийси тўкилса), рўзаси очилмайди. Унга ғусл вожиб бўлади, холос. У ҳам рўзани давом эттираверади. Аммо инсон маний келишига сабаб бўладиган нарсалардан ўзини сақлаши лозим.

Шаҳват қўзғалганда инсонга сезилмасдан нисбатан озроқ миқдорда келадиган ёпишқоқ, шаффоф суюқликни мазий, деб айтилади ва бу рўзани бузмайди. Мазийда таҳорат бузилади. Аммо ғусл лозим бўлмайди.

Кучли тезлик ва лаззат билан отилиб чиқадиган оқ рангли қуюқроқ моддани маний, деб айтилади. Манийда таҳорат ҳам, ғусл ҳам бузилади. Манийни сунъий равишда келтирмаса рўза очилмайди. Қасддан келтирса рўза очилади.

Мазий билан манийнинг фарқи шуки, мазий аввал келади, маний – кейин. Мазий сезилмасдан сизиб чиқади, маний отилиб чиқаётгани билинади. Мазий лаззатсиз келади, маний – лаззат билан. Мазий шаффоф ва суюқ модда, маний шаффоф ҳам эмас, суюқ ҳам эмас, балки – оқ ва қуюқ.

Маний ҳам мазий ҳам нажас саналади ва у теккан кийим ёки бадан ювилиши керак.

Сиз саволингизда яна баъзи ҳолатлар ҳақида сўрагансиз. Сизга юқорида эслатганимиздек, ўзингиз яшаётган ердаги илм ва тақво билан танилган имомларга ва мусулмон врачларга учраб маслаҳат сўрашни тавсия қиламиз. Улар биз айтмаган қўшимча сўзларни айтишлари ва яна ҳам фойдалироқ маслаҳатларни беришлари мумкин.

Мавзуга оид савол-жавоблардан яна:

* Истимно рўзани бузади

* Рўза тутган ҳолда маний келишига йўл қўйса