Аэропортдан ўтиб олгунча рўмолини ечса бўладими?

Бўлимлар: 13. Либос, зийнат

Cавол: Мен Европада яшайман. Оилам бир ой олдин болалари билан Ўзбекистонга кетганди. Алҳамдулиллаҳ, аёлим ниқобда юради. Ўзбекистонда ҳижоб у ёқда турсин, рўмолни ҳам ўратмаяпти экан. Ҳозир аёлим отасининг уйидан ҳеч қаёққа чиққани йўқ. Нима қилишга бошимиз қотди. 10-15 кунларда қайтишлари керак, нима қилсин? Аэропортдан ўтиб олгунча рўмолини ечиб ўтса бўладими? Илтимос жавоб беринг.

Р.

Жавоб: Аллоҳнинг Ўзи ҳаддидан ошган золим кофирларга кифоя қилсин. Мазлума аёлларга нусрат ато этсин. Рўмол – аёл киши учун шаън-шараф ва ор-номус рамзи. Аёл кишининг ўз ҳижоби билан кўчада бемалол юра олиши ёки муассасаларда меҳнат қилиши жамият аёлларининг ижтимоий-сиёсий ҳимояланганлик даражасининг белгисидир. Рўмолли аёлнинг уйдан чиқа олмай қолиши – «замонавий Ўзбекистон» раҳбариятининг аёл зотига бўлган паст назарининг маҳсули.

Аёллар ҳаққини бўғиш, уларни қийнаш билан давлат ўзининг обрўсини ўзи ерга ураяпти Зеро, аёлларни ҳурмат қилиш ўзини ҳурмат қилишдир. Уларни таҳқирлаш ўзини ўзи расво қилишдир.

Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларининг ҳар томонлама топталиши давом этаётган экан, одамлар ҳам Аллоҳ йўлидаги ҳаракатларидан ҳеч қачон тўхтамасликлари лозим. Хоҳ аёл бўлсин, хоҳ эркак бўлсин ҳар бир инсон Аллоҳга бемалол ибодат қилишга ва фақат Расулуллоҳга эргашишга ҳақлидир. Аёллар ўзлари танлаган исломий либосда бўлишлари керак. Аммо афсуски, давлат устида турганларнинг сиёсатида аёлларга нисбатан мулойимлик, инсоф, мардлик ва ақл-заковат етишмаяпти. Аксинча улар нафрат, адоват ва зулмни ҳатто Рамазон ойида ҳам тинмай ошириб, ўзларининг жоҳилликларини бутун оламга кўрсатиб бораяптилар.

Умид қиламизки, бўлаётган тазйиқлар иншоаллоҳ Исломнинг яна ҳам оммалашишга туртки беради. Мусулмонлар эса ўз динларини яна ҳам яхшироқ ўрганишлари, ҳақ-ҳуқуқларини чуқурроқ билишлари лозим эканини эслайдилар. Улар Ислом дини ва миллий урф-одатларни сақлаб қолиш учун замонавий билим ва усулларни ҳам эгаллашни кучайтирадилар. Давлатнинг зўравонлиги кимларнингдир иймони яна-да заифлашишига сабаб бўлса ҳам, аммо жуда кўп одамларнинг Ислом учун ҳиссиётларини жунбушга келтиради, ғайрат ва шижоатларининг қўзғалишига туртки беради. Мусулмонлар иймон, сабр, илм ва жасорат билан ҳақ учун курашишлари лозим.

Биз давлатнинг телба зуғумлари муслима ва мазлума аёлларни ҳам исломий билимларини ошишига олиб келади, деб умид қиламиз. Чунки ёвуз душман сизнинг қўлингизда турган қимматбаҳо нарсани тортиб олишга ҳаракат қилса, сиз у нарсангизга маҳкамроқ ёпишасиз. Уни бағрингизга қаттиқроқ босасиз. Уни ҳимоя қилиш йўллари ҳақида кўпроқ ўйлай бошлайсиз. Мусулмонлар учун Ислом ва иймондан ортиқ қиммтабаҳо бойлик йўқ. Аёллар ҳам ўз динлари ва ҳаёларини ёвузлар чангалидан сақлаб қолиш учун исломий ва дунёвий билимларга, бошқаларнинг тажрибаларига муҳтож эканликларини тушунадилар.

Аёллар Ислом динидаги имтиёз ва имкониятлардан ўринли фойдалана оладиган бўлишлари керак. Фуқаҳолар фитнадан холи муҳитда аёл киши юзини очиб юриши мумкинлигини айтишган. Яна аёл киши шахсини исботлаш ўринларида ҳам юзини очади. Аммо бир золим ва разил кимса рўмолли аёлдан: «Рўмолингни ечасан!» деб талаб қилаётган бўлса, атрофда турганлардан ҳеч кимнинг «Майли, рўмолни ечсин», деб айтишга ҳаққи йўқ. Рўмолни ечган аёлдан ҳам «майли ечсин» деган эркакнинг гуноҳи қаттиқ. Бунинг ўрнига у аёлнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, золимнинг қўлини ва тилини тийиб қўйиш керак. Аёлларга эса агар уларнинг ҳуқуқларини тўла таъминашнинг иложи бўлмаса, вазиятдан чиқиш учун вақтинча муқобил йўлларни кўрсатиш зарур. Жумладан, аэропортдан ўтгунча рўмолнинг кичикроғини ўрашлари жоиз, валлоҳу аълам. Ёки таҳқир ва таҳдид остида Тошкент аэропортидан ўтгандан кўра имкони бўлганлар нисбатан эркинроқ бўлган Чимкент, Алмати аэропортларидан учишлари мумкиндир.

Аллоҳ таолодан барча мусулмонларга, хоссатан, муслима аёлларга сабр, ажр, жасорат ва нусрат беришини сўраймиз.