Болалар учун: Рамазон-рўза мусобақаси
Болалар, биламиз, сизларнинг ичингизда катталарга ўхшаб рўза тутишни яхши кўрадиган ғайратли ва ақлли болалар кўп. Улар Рамазон бошланишидан аввалроқдан адалари ва оналари билан гаплашиб қўйганлар. «Мени ҳам саҳарликка албатта уйғотасиз! Мен ҳам иншоаллоҳ рўза тутаман!» деб айтганларини мен ҳам ўз қулоғим билан эшитганман. Улар ҳозир бир кун ҳам қолдирмасдан рўза тутиб келаяптилар. Биз уларни кўриб қойил қолаяпмиз. Чунки баъзи катта-катта йигитлар икки кун кетма-кет рўза тутсалар, йиғлаворай деб қоладилар. Биз таниган болаларнинг кўпчиликлари эса ҳеч қийналмасдан рўзаларни тутаяптилар, аҳамдуллиллоҳ.
Биз ана шундай ажойиб болалар учун қизиқарли бир мусобақа ташкил қилдик. Бу мусобқада 10-13 ёшгача бўлган болалар қатнашишлари мумкин. Улар Рамазон ойида неча кун рўза тута олишларини синаб кўрадилар. Ўйлаймизки, сизларнинг ота-оналарингиз ва устозларингиз ҳам сизлар учун мана шу мусобақани ташкил қилиб берадилар.
Бир амакингиз рўза тутадиган болалар учун деб, 30 дона шар сурати чизилган тасвир тайёрлабди ва ўша суратни бизга жўнатибди. Биз у амакингизга раҳматлар айтиб, тасвирни қуйида эълон қилаяпмиз. Сиз агар мусобақада қатнашишни истасангиз, адангиз ёки ойингиз билан гаплашиб, бу суратни 1 варақ қоғозга чиқартириб оласиз. Қоғознинг остига ўзингизнинг исмингизни ва отангизнинг исмини ёзиб қўясиз.
Бу қоғоздаги 30та шар Рамазоннинг 30 кунини билдиради. Шунинг учун ҳар бир шарга 1дан 30гача рақам қўйилган. Сиз қайси куни рўза тутган бўлсангиз, ўша куннинг шарини топасиз ва рангли қалам билан бўяйсиз. Ҳар куни ифторлик қилиб бўлгандан сўнг ўтириб, 1та шарни бўяйсиз. Рўза тутмаган кунингиз биронта ҳам шарни бўямайсиз. Рамазон ойи тугаганда бўялган шарларни санаб чиқасиз. Шунда неча кун рўза тутганингиз маълум бўлади.
Болалар, сизлар бу ҳақда ака-укаларингизга, ўртоқларингиз ва синфдошларингизга айтинглар. Уларни ҳам мусобақада қатнашишга чақиринг. Улар ҳам шу расмдан чиқартириб олсинлар. Ҳар 1та боланинг қўлида бу қоғоздан 1тадан бўлиши керак. Улар ҳам рўза тутаётган бўлсалар, ҳар куни 1тадан шарни бўяб борсинлар. Рамазоннинг охирида ҳамма болалар бўялган шарларни санайдилар. Кейин бир-бирларининг қоғозлари билан солиштирадилар. Кимнинг шарлари кўп чиқса, ўша бола рўза мусобақасида биринчи ўринни олган бўлади. Ота-оналар ва устозлар энг кўп рўза тутган болаларни мукофотлайдилар.
Кучингизни синаб кўринг, қани бу Рамазонда қанча рўза тута оларкинсиз?