Насияга мол сотадиган дўкондан харид қилиш

Бўлимлар: 20. Савдо-сотиқ

Савол: Агар қарз берувчи «Қарзингни вақтида узсанг фоиз тўламайсан, агар вақтидан кейин узсанг фоиз тўлайсан», деб шарт қўйса ва қарз олувчи иншоаллоҳ қарзини вақтида узишига кўзи етса, шу шарт асосида қарз олиш жоизми? Бу рибога кирадими? Бундай савол беришимга сабаб мен яшайдиган юртда дўконлардан насияга товар (ўзингиз учун кийим-кечак ва ҳоказо) сотиб олсангиз бўлади. Агар қарзга олган нарсаларингизнинг пулини вақтида тўласангиз фоиз тўланмайди, вақтидан кечикса қарз фоизи билан тўланади. Шундай дўконлардан насияга товар олиш жоизми?  Бу рибога кирадими?

Абдулвоҳид.

Жавоб: Аслида пулини кейинроқ бериш шарти билан мол сотиб олиш жоиз. Аммо пулини вақтида қилиб бера олмагани учун фоиз олиш, шунга рози бўлиш, келишиб қўйиш ҳаром. Чунки бу рибодир. Рибо – фойдага қарз бериш. Қарз эса Исломда фойда учун эмас, холис савоб учун берилади.

Насияга мол сотадиган, пули вақтидан кечиккан буюм учун фоиз оладиган дўкон рибо билан ишлайдиган дўкондир. Фоиз олиши маълум бўлган дўкондан насияга мол сотиб олиш рибога келишиш, ваъдалашиш бўлади. Чунки мол сотаётган одам рибо қоидаси амал қилаётани учун молини насияга хотиржам сотади. Харидор ҳам уни ишонтиргани учун сотиб олишга эришади. Акс ҳолда қарзга мол ола олмайди. Молни насияга сотиб олаётган одам дилида: «Мен қарзни муддатидан ўтказиб юбормайман, вақтида тўласам, рибога кирган бўлмайман», деб ўйлайди. Аммо амалда рибо шартномасининг ичига кирган бўлади.

عَنْ جَابِرٍ قَالَ لَعَنَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم آكِلَ الرِّبَا وَمُوكِلَهُ وَكَاتِبَهُ وَشَاهِدَيْهِ وَقَالَ هُمْ سَوَاءٌ. (رواه مسلم).

Жобирдан ривоят. У киши деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рибо еювчини, унинг едирувчисини, котибини ва икки гувоҳини лаънатладилар. «Улар гуноҳда баробарирлар», дедилар». (Муслим).

هَذَا تَصْرِيح بِتَحْرِيمِ كِتَابَة الْمُبَايَعَة بَيْن الْمُتَرَابِينَ وَالشَّهَادَة عَلَيْهِمَا وَفِيهِ تَحْرِيم الْإِعَانَة عَلَى الْبَاطِل . وَاَللَّه أَعْلَم . (شرح النووي على مسلم).

«Бу ҳадис рибога киришган икки томон ўртасидаги келишувни ёзиш ҳам, уларнинг ишига гувоҳ бўлиш ҳам ҳаром эканига очиқ далилдир. Яна бу ҳадисдан ботил ишга ёрдам бериш ҳаром экани маълум бўлади, валлоҳу аълам». (Саҳиҳул-Муслимга Нававий шарҳи).

Ҳадисга кўра рибога шартнома тузиш, келишиш мумкин эмас. Шундай экан, рибога амал қилмаслик нияти билан бўлса ҳам насияга мол олиш тўғри бўлмайди. Насияга мол сотадиган дўконлардан харид қилганда фақат нақдига сотиб олинади.