Уй олиш учун йиғилаётган пулдан закот бериш вожиб бўладими?

Бўлимлар: 04. Закот

Савол: Биз ҳозир хориждамиз. Алҳамдулиллаҳ, битта фарзандимиз ҳам бор. Ижарада яшаймиз. Саволим қуйидагича: Агар уйимиз бўлмасаю биз уй олиш учун пул йиғаётган бўлсак ва ўша пул закот нисобига етган бўлса бизга закот бериш вожиб бўладими? Бу пулни бойликни ошириш мақсадида тижорат учун эмас, айнан уй олиш мақсадида йиғаётган бўлсак, бунинг ҳукми қандай бўлади?

Мухлиса.

Жавоб: Закот масаласида нақд пул билан мулк-буюм ўртасидаги фарқ шуки, мулк ва буюмларда нисобга етиш ва бир йил ўтиш шартидан ташқари тижорат нияти ҳам мавжуд бўлиши лозим. Аммо нақд пулда нисобга етиш ва бир йил ўтиш шарти мавжуд бўлса, шу кифоя. Тижорат нияти шарт қилинмайди. Шу сабабли хоҳ уй олиш учун, хоҳ машина олиш учун ёки бошқа мақсадларда бўлсин йиғилаётган пуллар агар нисобга етган ва бир йил ўтган бўлса, улардан закот берилади. Чунки пулнинг ишлаб кетмасдан йиғилиб туришининг ўзи бойликнинг ошиши деб қаралади.