Аёл кишининг закоти ва закот нисоби

Бўлимлар: 04. Закот

Саволим қуйидагича: Ишлаган аёлга ҳам закот вожиб бўладими? Агар у аёлнинг пули йил давомида 700 доллардан камаймаган бўлса, у аёлга ҳам закот фарз бўладими? Ёки аёл киши эри берган нафақани йиғиб борса, шу нафақа қанча миқдорга етганда унга закот фарз бўлади? Умуман аёлларнинг закот бериши хусусида ҳам маълумот берсангиз. Аллоҳ сизу биздан рози бўлсин.

Мухлиса.

Жавоб: Бу саволда бир неча масала бор. Қуйида шулар ҳақида қисқароқ тарзда тўхтаб ўтамиз.

  • Аёл киши ҳам закот берадими?
  • Закот нисоби ҳақида
  • Ҳозирги замон уламоларининг фикри
  • Бу йилги нисоб

Аёл киши ҳам закот берадими?

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ислом аҳкомларини баён қилар экан, «Эй иймон келтирган инсонлар» ёки «Эй инсонлар», дея хитоб қилган. Бу хитоблар эркак ва аёллар учун баробардир. Расулуллоҳнинг ҳадисларида келган кўрсатма ва буйруқлар ҳам одамларни жинс, миллат ёки ирқларга ажратмайди. Илло алоҳида бирор жинснинг ёки гуруҳнинг ўзига хос жиҳатларини назарда тутган ҳукмлар бундан мустаснодир. Ўшандай ўринларда ҳукмнинг масалан, фақат аёлларнинг ўзига ёки фақат эркакларнинг ўзига тегишли экани очиқ баён қилинган бўлади. Ислом динининг арконлари бўлмиш беш фарз, шулар ичидаги закот ҳам эркак ва аёл учун баробар. Бу Ислом динидаги тенглик қадриятининг ифодасидир.

أتعطين زكاة هذا ؟ . قالت : لا . قال : أيسرك أن يسورك الله بهما يوم القيامة سوارين من نار ؟ ! . قال : فخلعتهما فألقتهما إلى النبي و قالت : هما لله و لرسوله. الراوي: جد عمرو بن شعيب المحدث: الألباني- المصدر: –  صحيح الترغيب صفحة أو الرقم: 768
خلاصة حكم المحدث: صحيح لغيره.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келган  бир аёлдан унинг қўлидаги қалин билагузукка ишора қилиб: «Бунинг закотини берасанми?» – деб сўраганлар. Аёл йўқ деб жавоб қайтарган. Шунда Расулуллоҳ: «Аллоҳ сенга Қиёмат куни овловдан икки билагузук кийгазишини истайсанми?!» – деб огоҳлантирганлар…

Закот нисоби ҳақида

Исломда закот нисоби (яъни бойлик меъёри) олтин ва кумушдан ҳисоб қилинади. Олтиннинг нисоби – 20 динор. Кумушнинг нисоби – 200 дирҳам. Кимки мана шу миқдордаги нақд пулга ёки тижорат учун мўжалланган молга эга бўлса ва бу бойлик бир йил давомида нисобдан камаймасдан турса, шу бойликнинг 40дан бирини закот сифатида бериши фарз бўлади.

عَنْ عَاصِمِ بْنِ ضَمْرَةَ وَالْحَارِثِ الأَعْوَرِعَنْ عَلِىٍّ – رضى الله عنه – عَنِ النَّبِىِّ – صلى الله عليه وسلم – بِبَعْضِ أَوَّلِ هَذَا الْحَدِيثِ قَالَ: » فَإِذَا كَانَتْ لَكَ مِائَتَا دِرْهَمٍ وَحَالَ عَلَيْهَا الْحَوْلُ فَفِيهَا خَمْسَةُ دَرَاهِمَ وَلَيْسَ عَلَيْكَ شَىْءٌ – يَعْنِى فِى الذَّهَبِ – حَتَّى يَكُونَ لَكَ عِشْرُونَ دِينَارًا، فَإِذَا كَانَ لَكَ عِشْرُونَ دِينَارًا وَحَالَ عَلَيْهَا الْحَوْلُ فَفِيهَا نِصْفُ دِينَارٍ فَمَا زَادَ فَبِحِسَابِ ذَلِكَ».  قَالَ فَلاَ أَدْرِى أَعَلِىٌّ يَقُولُ فَبِحِسَابِ ذَلِكَ. أَوْ رَفَعَهُ إِلَى النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم – «وَلَيْسَ فِى مَالٍ زَكَاةٌ حَتَّى يَحُولَ عَلَيْهِ الْحَوْلُ». إِلاَّ أَنَّ جَرِيرًا قَالَ ابْنُ وَهْبٍ يَزِيدُ فِى الْحَدِيثِ عَنِ النَّبِىِّ – صلى الله عليه وسلم –  «لَيْسَ فِى مَالٍ زَكَاةٌ حَتَّى يَحُولَ عَلَيْهِ الْحَوْلُ». (رواه أبو داود قال الألباني: صحيح).

Осим билан Замра ва ҲорисулАъвар Али инб Аби Толибдан ривоят қилишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар сенинг 200 дирҳаминг бўлса ва унга бир йил тўлса, бас унинг ичида 5 дирҳам садақа вожиб бўлади. Шундан кейин то 20 диноринг бўлмагунча сенга ҳеч нарса вожиб эмас. Агар сенда 20 динор бўлса ва унга бир йил тўлса, бас унда ярим динор садақа вожиб бўлади. Бундан зиёдасини шундай йўл билан ҳисоблайверасан…» (Абу Довуд. Албоний: саҳиҳ).

Мутахассис олимлар 200 дирҳам кумушнинг миқдори ҳозирги ўлчов билан 595 граммга тенг эканини айтишган. 20 динор олтиннинг оғирлиги эса 85 граммга баробар.

Аввалда олтин ва кумушнинг баҳоси ўртасида катта фарқ бўлмагани, кейинги замонларда кумуш нархи кескин тушиб кетгани сабабли нисобни олтиннинг нархидан олинадими ёки кумушнинг нархиданми, деган масалада уламолар ўрталарида икки хил фикр мавжуд бўлган. Масалан, имом Муҳаммад қайси пул кучли бўлса ўшанга асосланилади, десалар, имом Абу Ҳанифа қайси бири фақирларга фойдалироқ бўлса, ўша билан ҳисоб қилинади, деганлар.

أَلَا تَرَى أَنَّهُ لو كان بِالتَّقْوِيمِ بِأَحَدِهِمَا يَتِمُّ النِّصَابُ وَبِالْآخَرِ لَا فإنه يُقَوَّمُ بِمَا يَتِمُّ بِهِ النِّصَابُ نَظَرًا لِلْفُقَرَاءِ وَاحْتِيَاطًا بدائع الصنائع. (2 / 21).

«Кўраяпсизми, агар бири билан ҳисоблаганда нисоб тўлиқ бўлиб, иккинчиси билан ҳисобласа нисобга етмайдиган бўлса, камбағалларни риоя қилиб ва эҳтиёт юзасидан нисобга етадигани билан ҳисоб қилинади». (Бадоеъус-саноеъ, 2/21).

Ҳозирги замон уламоларининг фикри

Нисобни қандай белгилаш ҳақида Ислом конференцияси ташкилоти қошидаги Халқаро Ислом фиқҳи уюшмасининг қарорида ҳам юқоридаги маъно зикр этилган:

ثالثا: وجوب زكاة الأوراق النقدية، إذا بلغت قيمها أدنى النصابين من ذهب أو فضة، أو كانت تكمل النصاب مع غيرها من الأثمان والعروض المعدة للتجارة. ) نقلاً عن مجلة مجمع الفقه الإسلامي العدد 3، ج3 صـ 1895).

«… Учинчидан: Агар банкнотлар қиймати олтин ёки кумушдан бўлган икки нисобнинг энг камига етса ё эса бошқа пуллар ва тижорат учун мўжалланган моллар билан бирга қўшганда нисобга етса, закот бериш вожибдир». (islamweb.com саҳифаси: Ислом Фиқҳи уюшмаси журнали, 3 сон).

Маълумки, «нисобнинг энг ками» деганда кумуш нисоби назарда тутилган бўлади.

Яқин замонда ўтган уламолардан шайх Усаймин раҳимаҳуллоҳнинг фатволарида ҳам закот нисобини белгилашда камбағаллар манфаати ҳисобга олиниши афзал экани таъкидланган.

Бу йилги (2010 йилдаги) нисоб

Саволда сўралган 700 доллар пулнинг нисобга етганми ёки йўқ эканини аниқлаш учун 1 грамм кумуш ва 1 грамм олтиннинг бугунги нархини билиш керак. Бунинг учун ҳар бир инсон ўзи яшаётган шаҳарнинг олтин-кумуш сотадиган бирор магазинидан нархларни аниқлаши мумкин. Сўнг 1 грамм олтиннинг нархини 85га кўпайтирилади. 1 грамм кумушнинг нархини 595га кўпайтирилади. Шунда икки натижадан бири нисоб сифатида қабул қилинади.

Агар биз дунё бозорини кузатсак, бугун 2010 йил, 21 август куни 1 грамм олтиннинг нархи 39,45 доллар, 1 грамм кумушнинг нархи 0,57 доллар. (http://www.goldprice.org/) Шунга қараганда олтин ҳисобида закот нисоби (39,45Х85) 3353 доллар, кумуш ҳисобида (0,57Х595) 339 доллар бўлади.

Агар олтин нисобини эътиборга олсак, 700 доллари бўлган одам закот бермайди. Аммо камбағалларга кўпроқ фойда бўлсин учун нисобни кумушдан чиқарсак, 700 доллардан 17,5 доллар закот берилиши керак бўлади (700:40=17,5).

Аллоҳ ҳаммамизни энг тўғри йўлга ҳидоят қилсин.