“Ўзимиз ва фарзандларимизнинг келажагидан хавотирдамиз, нима қилишимиз керак?”

Ассаламу алайкум, ҳурматли қори ака. Мен ва менинг биродарларим ҳозирги кунда биз учун бир муҳим масала ҳақида сўрамоқчимиз. Илтимос, имкон қадар тезроқ ва ҳужжатлари билан батафсил  жавоб берсангиз.

Қуйида  ўз диёримиздаги ҳолатни қисқача баён қиламан:

Ҳозирги вақтда бизнинг диёрда аёлларни ҳижобда юришларини ва рўмолларини Аллоҳ таоло буюргандек ўрашларини ҳукумат давлат ташкилотларида, ўқув муассасасаларида ва кўча-кўйларда  қатъиян ман қилиб қўйди.

Давлат ташкилотларида ишлаган эркак ва аёл, ўқув муассасаларида ўқиган ўғил ва қизлар намоз ўқиши мумкин эмас. Эркак киши жума намозларига боролмайди.

Иш жойи, дўкони агар масжиддан узоқда бўлса, иш жойида хотиржам намоз ўқий олмайди. Тўсатдан ёмон одамлар билиб қолса ва керакли ташкилотларга айтса, биринчи марта катта миқдорда жарима тўлайди, кейинги ҳолатда жазо каттароқ бўлиши мумкин.

Мусулмонлар тўпланиб хотиржам илм суҳбатлари ўтказа олмайди. Бир-бириникига бориб иймонлаша олмайди.

Фарзандларга бошланғич Қуръон илмини ўқита олмайди. Ҳозирги улғаяётган ўғил ва қизлар Муаллимуссонийни ўқишмайди, уларга биров ўқитолмайди, ҳатто масжидларда ҳам.

Масжидларимизда  имомларимиз хутбаларни давлат берган тезис бўйича ўқийдилар.

Озроқ диний илмга эга бўлган, ҳақиқатни очиқ айта оладиган  кишилар қамоқда, қолганлари оғзини юмиб юришади.

Саволлар:

1. Мусулмонлар қандай ҳолатларда ўз диёрларидан ҳижрат қиладилар?

2. Ҳижрат қилиш учун фатво керакми ва буни ким беради?

3. Ҳижрат қилувчилар ўз юртларидаги илмлиларнинг тақволаридан қониқмаса кимдан фатво олиши керак?

4. Биз ўзимиз ва фарзандларимизнинг келажаги ҳақида хавотирдамиз, нима қилишимиз керак?    

Ёки ҳар ҳолда давлатимиз уйда намоз ўқишга, рўза тутишга, «шапкасини бериб» ҳажга боришга рухсат берган, энди ОМОН-ОМОН даврларни кутиб, қолганига сабр қилиш керак деб юраверишимиз керакми?

Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

Абдуллоҳ.