Муҳаррам – Аллоҳнинг ойи

Бўлимлар: 14. Даъват, илм

Савол: Қори ака, берилган саволларга жавобларингизни мунтазам эшитиб бораяпмиз. Аллоҳ таоло барчаларингиздан рози бўлсин. Ҳаммамизни билганларига амал қиладиганлардан қилсин, амийн.

Мана бирин-кетин жуда файзли, Аллоҳнинг раҳматига тўла ойлар келиб кетаяпти. Аммо баъзи ойлардан хабар топаяпмиз, баъзиларидан бехабар қолиш эҳтимоли ҳам бўлиб қолаяпти.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда бир таклиф билан сизларга мурожат қилмоқчи эдим. Агар сизларга ташвиш туғдирмаса, саҳифангизда бир кичик бўлим очибми ёки шунчаки календарнинг ўзига бириктирибми, ўша бўлимда шу ойга тааллуқли амаллар баён қилинса. Қилса савоби улуғ бўладиган амаллар рўйхати кунлари билан келтирилса, билмаганлар учун билдирилса, билганларнинг эсига солинса. Шу ҳақда нима фикрдасизлар? Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ.

Фарруҳ.

Жавоб: Фойдали таклифингиз учун раҳмат. Биз иншоаллоҳ, бу фикрни амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Ҳозир шу таклифингиз асосида устимиздан ўтиб бораётган Муҳаррам ойининг фазилати ҳақида тўхталамиз.

Маълумки, Муҳаррам уруш ҳаром қилинган тўрт ойнинг бири ва ҳижрий сананинг биринчи ойидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган:

إ ِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِنْدَ اللَّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ فَلا تَظْلِمُوا فِيهِنَّ أَنْفُسَكُم.ْ   التوبة:36

«Албатта Аллоҳ наздида ойларнинг саноғи ўн икки ойдир. Бу Аллоҳнинг китобига У Зот осмонлар ва ерни яратган куни битилган бўлиб, у ойлардан тўрттаси (уруш) ҳаром қилинган ойлар. Бу энг тўғри ҳукм, бас бу ойларда ўзингизга ўзингиз зулм қилмангизлар…» (Тавба, 36).