Иккинчи аёлга уйланишда биринчи аёлнинг рухсати керакми?

Бўлимлар: 18. Никоҳ

Бу савол бир оила учун жуда муҳим бўлиб қолди. Йигирма йиллик, уч фарзандли оила бузилиб кетиш эҳтимолида турибди. Сабаби – оила бошлиғининг иккинчи хотин олиши. Биринчи аёли буни билиб қолиб ажрашмоқчи.

Саволим:

1. Шариатда аёл киши эри билан иккинчи хотин олдинг, деб ажрашиши мумкинми?

2. Иккинчи хотин олаётган эркак киши биринчи хотинидан рухсат олиши керакми?

Аллоҳ рози бўлсин сиздан. Олдиндан раҳмат. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ.

Дурбек.

Жавоб: Аёл киши эрининг иккинчи аёлга уйланганини сабаб қилиб, ажрашаман деган талабни қўйиши жоиз эмас.

عن ثوبان رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:

«أيما امرأة سألت زوجها طلاقها من غير بأس فحرام عليها رائحة الجنة».

 (رواه أبو داود والترمذي وابن حبان).

Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қайси бир аёл эридан асоссиз равишда талоғини сўрайдиган бўлса, унга жаннат ҳиди ҳаромдир». (Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ривоятлари).

Ислом эркаклар учун аёллар ўртасида адолат қилиш ва оила таъминотини бўйинларига олиш шарти билан тўрттагача уйланишга рухсат беради.

Эркак кишининг биттадан ортиқ аёлга уйланиши Қуръон ояти билан машруъдир.

«فانكحوا ما طاب لكم من النساء مثنى وثلاث ورباع فإن خفتم ألا تعدلوا فواحدة».

(النساء: 3).

«Бас, аёллардан сизларга маъқул келганларини иккита иккита, учта учта, тўртта – тўртта олингиз. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бас биттага уйланинг». (Нисо, 3).

Агар аёл киши оилада кимдандир зулм кўраётган, адолатсизлик қурбони бўлаётган бўлса, адолат талаб қилиши, бунинг уддасидан чиқа олмаса, талоқ сўраши мумкин. Аммо зулм ва адолатсизликни бартараф этишда ажралиш, бузиш йўлидан эмас, балки инсофга чақириш, насиҳат қилиш, танбеҳ бериш, ҳамда муросаю мадора, ўзаро бир-бирини тушуниш ва сабрли бўлиш йўлидан борилади. Айрим аёлларнинг салгина камчиликка ҳам жанжал кўтаришлари оқланадиган иш эмас. 

Исломда иккинчи аёлга уйланмоқчи бўлган эркак биринчи аёлидан рухсат олиши шарт қилинмаган. Аммо шундай нияти бўлган одам биринчи аёли билан маслаҳатлашишдан қайтарилмайди. Аксинча, ақлли инсон жиддий ишларни ўзининг яқин кишилари билан маслаҳтлашган ҳолда амалга оширади. Айниқса, оила қуриш масаласи бошқалардан бир умрга яшириб ўтиб кетса бўладиган жўн иш эмас. Иложи борича, бу ҳақда биринчи аёл билан аввалдан келишиш ва унинг розилигини олиш фойдали бўлади…