Шариатда маҳр миқдори қанча бўлади?

Бўлимлар: 18. Никоҳ

Савол: Мен уйланиш арафасида турибман. Ҳадисларда келтирилган маҳр миқдорини, жумладан, қуйидаги ҳадисда кўрсатилган миқдорни ҳозирги кундаги пул бирликлардаги (масалан, АҚШ долларида)  қийматини билмоқчи эдим.

«Абу Салама разияллоҳу анҳодан ривоят. У киши айтадилар: «Мен Оиша разияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг берган маҳрлари қанча эди?» деб сўрадим.

Оиша разияллоҳу анҳо: «У зотнинг завжаларига берган маҳрлари ўн икки увқийя ва «нашш» эди», дедилар ва «Нашш нималигини биласанми?» деб сўрадилар. Мен: «Йўқ», дедим. У киши: «Ярим увқийя! Бас, ҳаммаси бўлиб беш юз дирҳам», – дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилган.

Манбаларда (http://www.islamqa.com/en/ref/3119/mahr) кўрсатилишича, 500 дирҳам ҳозирги кунги 1487.5 грамм кумушга ёки $396.7га тенг келади. Лекин бу манбада савол қачон сўралганлиги айтилмаган. Бу долларда ҳисобланган қиймат ҳамма маконлар учун бирми ёки маҳр бераётган шахс яшаётган жойда 1487.5 грамм кумуш қанча туриши ҳисобга олинадими?

Аллоҳ сиздан рози бўлсин ва илмингизни бундан-да зиёда қилсин!

Озод.

Жавоб: Нарсаларнинг баҳосини аниқлашда ҳар бир инсон аввало ўзи яшаётган ердаги нарх-навога қараши керак. Аммо барчага маълумки, маҳр масаласининг доираси кенг. Агар инсон ўзи турган ерда кумушнинг нархини била олмаса, келин-куёв ва қудаларнинг ўзаро розиликларига биноан сиз келтирган манбадаги фатвога амал қилса ҳам жоиз бўлади, валлоҳу аълам.