Компьютерда айтилган азон шаръан азон ўрнига ўтмайди

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол:

Биз оиламиз билан АҚШда истиқомат қиламиз. Азон товуши уч кўча наридан келади. Аниқроғи бизга эшитилмайди. Биз компьютерга азонни ўрнатиб қўйганмиз. Шу азон ўрнига ўтадими ёки жонли айтиш керакми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат, Оллоҳ рози бўлсин сизлардан.

Абдуллоҳ.

Жавоб:

Азон Аллоҳ таоло розилиги учун бажариладиган ибодат. Азон айтган одам учун жуда ҳам катта савоблар ваъда қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«لو يعلم الناس ما في النداء والصف الأول ثم لم يجدوا إلا أن يستهموا عليه لاستهموا». متفق عليه.

«Агар одамлар азонга ва биринчи сафда туришга бериладиган савоб қандай бўлишини билганларида ва (бундай улуғ амалларга) қуръа ташлашдан бошқа чоралари бўлмаганда, қуръа ташлаб бўлса ҳам унга етишишга ҳаракат қилган бўлар эдилар».

(Муттафақун алайҳи).

عن معاوية بن أبي سفيان رضي الله عنهما قال:

سَمِعْتُ رسولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يقولُ:

«المُؤَذِّنون أطولُ الناسِ أعناقًا يومَ القيامةِ».

رواه مسلم.

Муовия ибн Аби Суфён розияллоҳу анҳумо айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай деётганларини эшитдим:

«Муаззинлар Қиёмат куни одамларнинг ичида бўйлари энг узун инсонлар бўладилар».

(Имом Муслим ривоятлари).

Азон айтиш ва биринчи сафда туриб намоз ўқиш аслида мана шундай инсонлар талашиб қоладиган даражада жуда ҳам улуғ савобли амал. Лекин афсуски кўпчилик одамлар ундан ғафлатда қолиб юраверадилар.

Азон мана шундай улуғ ибодат экан, уни жонсиз нарсалар бажо қилмайди. Ундай нарсалардан содир бўладиган акс-садо ибодатга ўтмайди.

Бироқ компьютер, телефон ва соат каби жиҳозларга ўрнатилган азон айтувчи дастурлардан инсонга намоз вақтларини ва бошқа ибодатларни вақтида эслаб туришга ёрдам берадиган восита сифатида фойдаланиш жоиз.

Аммо намоз учун азон айтишни инсон овози билан амалга оширилиши лозим ва у суннати муаккада бўлган амалдир. Мусулмон киши бундай улуғ фурсатни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилади.

Валлоҳу аълам.

Шайх Обидхон қори, Швеция
1430 ҳ. 7 муҳаррам (2009 м. 4 январ)
•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

«Ислом Овози» телеграм канали

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg