Саҳобалар, тобеинлар, тўрт мазҳаб имомлари ва уламоларга эргашиш

Бўлимлар: 01. Эътиқод

Шайх Обидхон қори, Швеция
1429 ҳ. 12 муҳаррам (2008 м. 19 декабр)

Савол:

Саҳобаларнинг айтган сўзлари улуғми ёки тўрт мазҳаб эгаларининг айтган сўзларининг даражаси улуғми?

Бахтиёр.

Жавоб:

  • Саҳобалар пайғамбарлардан кейинги даражадаги энг улуғ инсонлар:

Cаҳобалар улуғми ёки мазҳаб эгалари улуғми, деган саволнинг жавоби шуки: саҳобаларнинг даражаларига улардан сўнг дунёга келган ҳеч бир инсон тенглаша олмайди. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг суйган расули, охири замон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамроҳлик ила саҳоба бўлиш бахтини ҳаммага ҳам ёзган эмас, фақат Ўзи танлаган инсонларни Расулуллоҳга саҳоба қилди.

Аллоҳнинг оятлари ва Пайғамбарнинг ҳадисларида у зотларнинг даражалари ниҳоятда улуғ эканлиги, улардан кейин келадиганларнинг даражалари саҳобаларнинг даражаларига асло тенглаша олмаслиги аниқ-тиниқ кўрсатилган.

Саҳобалардан кейин келган барча уламолару авлиёларнинг даражалари ҳеч қачон саҳобийларнинг даражаларига етмайди.

  • Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларнинг барчаси ҳаққу рост:

Аммо кимнинг сўзини олиш, кимнинг сўзини тарк этишга келсак, шуни қатъий билиш зарурки, барча сўзи шаксиз қабул қилинадиган фақат иккита зот бор: Аллоҳ таоло ва Унинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Аллоҳ таолонинг сўзи барчаси ҳақ. Қуръони каримни ҳеч қандай шак-шубҳага бормасдан қабул қилиш ҳар бир мусулмонга фарз.

Иккинчи зот Ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Аллоҳ таоло Ўзининг сўзини у кишига ваҳй қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари Аллоҳнинг ҳукми. Шунинг учун барча саҳиҳ ҳадисларни сўзсиз қабул қилишимиз фарз.

  • Саҳобалар ва уламоларнинг сўзлари Қуръон ва Суннат даражасида эмас:

Аммо бошқа инсонлар, хоҳ саҳобийлар, хоҳ тобеинлар, хоҳ бошқа уламолар бўлсинлар, уларнинг сўзларининг даражаси ҳеч қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига баробар келмайди.

قال الإمام مالك رحمه الله:

”كل إنسان يؤخذ من كلامه ويرد إلا صاحب هذا القبر”. وأشار إلى قبر الرسول صلى الله عليه وسلم.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: “Ҳар бир инсоннинг сўзидан олинади ҳам, рад этилади ҳам. Илло мана бу қабр соҳиби бундан мустасно”, дедилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига ишора қилдилар.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳеч кимнинг барча сўзлари мутлақ қабул қилинадиган даражада бўлмайди.

Кимнинг сўзи мана шу икки зотнинг сўзларига – Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг ҳадисларига мутобиқ – мувофиқ келган бўлса унинг ҳам сўзини қабул қилиш вожиб бўлади.

  • Саҳобаларнинг ҳам, тўрт мазҳаб имомларининг ҳам, буюк алломаларнинг ҳам сўзлари улуғ:

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

{وَالسَّابِقُونَ الْأَوَّلُونَ مِنَ الْمُهَاجِرِينَ وَالْأَنصَارِ وَالَّذِينَ اتَّبَعُوهُم بِإِحْسَانٍ رَّضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ وَأَعَدَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي تَحْتَهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا ۚ ذَٰلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ}.

(التوبة: 100)

«Яхшиликда пешқадам бўлган муҳожиру ансорлар ва уларга яхшилик билан эргашганлардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар ва (Аллоҳ) уларга остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларни тайёрлаб қўйди, улар у ерда абадул-абад (бахт-саодат ила яшаб) қолажаклар. Ана ўша улкан ғалабадир». (Тавба сураси, 100-оят).

Аллоҳ улуғлаган ва мақтаган зотларнинг сўзларини улуғлаш ва ҳужжат қилиш жоизлигига ушбу ояти карима далил бўлади.

Яна Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

{وَاتَّبِعْ سَبِيلَ مَنْ أَنَابَ إِلَيَّ}. (لقمان:15)

«Менга бўйсунган кишиларнинг йўлларига эргашгин». (Луқмон сураси, 15-оят).

Оятнинг тафсирида шайх Абдулазиз Рожиҳий айтадилар:

«قد يشارك الصحابة من بعدهم في وصف الإنابة إلى الله».

«Саҳобалардан кейинги зотлар ҳам Аллоҳга бўйсуниш сифатида саҳобаларга шерик бўлишлари мумкин».

Яъни, ояти карима Аллоҳ таолога бўйсунган зотлар юрган йўлни лозим тутишга буюрди.

Шундай улуғ зотларнинг сўзларини қабул этиш Аллоҳ лозим тутишга буюрган йўлдан юриш ҳисобланади.

Шундай маъноларга далолат қиладиган яна бир қанча ояти карималар ва ҳадиси шарифлар бор.

Демак, Аллоҳ ва Расулига итоат қилган, саҳобаларга эргашган буюк уламоларнинг ҳам сўзлари ҳам бизга ҳужжат бўлади.

  • Хулоса:

Саҳобаи киромларнинг сўзлари ҳам, тўрт мазҳаб имомларининг сўзлари ҳам, ислом тарихида ўтган буюк алломаларнинг сўзлари ҳам улуғдир. Уларнинг сўзлари модомики Қуръон ва Суннатга асосланган экан, бизга ҳужжат бўлади. Биз ана ўша зотларнинг сўзлари ва сийратлари орқали Қуръон ва Суннатни ўрганамиз.