Фотоаппарат билан суратга олиш жоизми?
Савол: Мен ишдан кейин тўй бўлаётган жойларда суратга олиб, қўшимча даромад қиламан. Шу ишим шариатда жоизми йўқми?
Шавкат.
Жавоб: Маълумки, қўл билан сурат чизиш Ислом динида тақиқланган. Аммо фотоаппарат билан суратга тушириш кейинги замонларда пайдо бўлган янги масалалардан бўлгани сабабли бу мазмунда турли фатволар мавжуд. Мазкур фатволарнинг хулосаси шуни ифодалайдики, фотоаппарат билан жонли нарсаларни суратга тушириш фақат зарурат учунгина жоиз. Агар зарурат бўлмаса, жонли нарсаларни суратга тушириш мумкин эмас. Зарурат деганда нима тушунилади? Паспорт олиш ёки шахсни тасдиқлаш учун ё эса бирор жиноятчини топиш учун суратга эҳтиёж туғилади. Шу каби ҳолатларда сурат олишга рухсат этилади. Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва саллам сурат чизувчилар ҳақида жуда қаттиқ огоҳлантиришлар берганлар. Бу огоҳлантириш қўл билан сурат чизувчилар ҳақида бўлган эса-да, Ислом олимлари фотосурат ишлаш ҳам шу ҳукмга дохил бўлишини айтишган.
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ أَصْحَابَ هَذِهِ الصُّوَرِ يُعَذَّبُونَ وَيُقَالُ لَهُمْ أَحْيُوا مَا خَلَقْتُمْ ثُمَّ قَالَ إِنَّ الْبَيْتَ الَّذِي فِيهِ الصُّوَرُ لَا تَدْخُلُهُ الْمَلَائِكَةُ. رواه مسلم.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бу суратларнинг эгалари азобланадилар. Улардан: «Ўзингиз яратган нарсангизни тирилтиринг!» деб талаб қилинади. Суратлар бор уйга фаришталар кирмайдилар». (Муслим ривоятлари).
Аммо жонсиз нарсаларнинг суратини қўл билан чизиш ёки фотоаппарат билан тасвирга туширишда ҳеч қандай монеълик йўқ.
Podcast: Play in new window | Download