Бир инсонга турмушга чиқишни сўраб дуо қилса бўладими?

Бўлимлар: 18. Никоҳ

Савол: Аёл киши фарзандларининг ҳозирги куни ва келажагини ўйлаб, яхши ният билан бир илмли инсоннинг (узоқдан таниган ҳолда) ҳаётига кириб келишини, фарзандларининг илм олишларига шу инсон сабабчи бўлишини Аллоҳдан сўраб дуода бўлса ва у инсон билан келажагини тасаввур қилса, гуноҳ бўладими?

Фарангиз.

Жавоб: Агар бу саволдан кўзланган мақсад бирор инсон билан турмуш қуриш масаласи бўлса, шуни таъкидлаш лозимки, турмуш ўртоғидан талоқ олган ёки эри вафот этган аёл бўлса, унда бирор муайян солиҳ инсон билан оила қуришни сўраб дуо қилиши жоиз. Аммо эри бор аёл ўзининг эридан бошқа инсон билан турмуш қуришни сўраб дуо қилиши мумкин эмас. Бировнинг никоҳидаги аёл бошқа эркак билан турмуш қуришни ўйлаши ҳаром ва гуноҳ иш.
Эри йўқ аёл фарзандларининг яхши инсонлар бўлиб вояга етишларига сабаб бўлсин деган эзгу мақсад билан бир тақволи инсонга турмушга чиқишни сўраб дуо қилиши, бирор киши орқали унга мурожаат қилиши ҳам мумкин. Турмуш ўртоғи бўлмаган ёш боласи бор аёл агар ўзини ўйлаб, бирор кишига турмушга чиқадиган бўлса, у фарзандининг тарбиясини шу боланинг бобоси, амакилари каби энг яқин қариндошларига қолдиради. Чунки бу инсонлар боланинг валийлари, яъни шаръий ҳомийлари ва тарбиячилари ҳисобланади. Болани боқиш ва тарбия қилиш шу кишиларнинг зиммасида бўлади. Агар боланинг валийлари Исломда бўлмаса ёки дини суст, тақвоси йўқ, тарбияси ночор кимсалар бўлсалар, унда болаларнинг тарбияси бундай кишиларга қолдирилмайди. Боланинг дини ва дунёси учун қайси инсон кўпроқ фойда келтирса, унинг тарбиясига ўша одам ҳақли бўлади. Демак агар эрсиз аёлнинг вояга етмаган болалари бўлиб, уларни тарбия қилишда ёрдам берадиган иймон эътиқодли, тўғри тушунчали бува, буви амаки каби инсонлар бўлмаса, аёл киши бирор солиҳ инсонга турмушга чиқиши ва ўша инсон болаларини ҳам ўз тарбиясига олиши мумкин.

Энди аёл кишининг ўзини бирор инсонга таклиф қилиши ҳақида тўхталсак, қуйидаги оят ва ҳадисларни эслашимиз даркор…