Ота-онаси номаълум ёки зинодан туғилган инсон билан турмуш қуриш

Бўлимлар: 18. Никоҳ

Савол:

Мен қариндошининг қўлида вояга етган етим қизга уйландим. Кейинроқ билсам у туғруқхонадан асраб олинган экан. Ота-онаси номаълум. Мени қийнаётган савол у никоҳданми, зиноданми? Бу ҳақда Ислом нима дейди?

Лутфуллоҳ.

Жавоб:

Наслу насаби номаълум бўлса ҳам мусулмонлар ичида ўсган, исломий тарбия топган бўлса у мусулмон жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлади, унга уйланиш жоиз ва савобли амалдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

الرَّاحمونَ يرحمُهم الرحمنُ». رواه أبو داود والترمذي.

«Меҳрибон кишиларга Раҳмон (Аллоҳ таоло) раҳм қилади…».

(Абу Довуд ва Термизий ривоятлари)

Имом Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан ривоят:

Бир киши кўчада бир гўдакни топиб ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳузурларига олиб келди. Шунда Али розияллоҳу анҳу: «Бу озоддир» дедилар.

Ҳанафий мазҳаб уламоларидан имом Сарахсий «Ал-Мабсут» китобларида ушбу ривоятни келтириб: «ушбу ҳадис топиб олинган бола озод инсон саналашига, бошқа мусулмонлар қатори барча ҳуқуқларга эга бўлишига далилдир…», дейдилар.
Фатволар учун доимий ҳайъат уламолари ҳам айтадиларки:

«يدخل الجنة ابن الزنا إذا مات على الإسلام ولا تأثير لكونه ابن ابن زنا على ذلك …»

Зинодан бўлган бола исломда вафот этса жаннатга киради, унинг зинодан бўлганлиги бунга таъсир қилмайди. Аллоҳ таоло айтадики:

{وَلَا تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَىٰ}.

«Ҳеч бир кўтарувчи бошқанинг юкини кўтармайди». (Фотир: 18)

(Яъни, Аллоҳ ҳузурида бирор бир инсон бировнинг гуноҳини елкасига олмайди).

Зинонинг гуноҳига зино қилганларнинг ўзи жавоб беради. Ундан туғилган бола у зинокорларнинг гуноҳини елкасига олмайди. У ҳур – озод мусулмон ҳисобланади.

Демак, бундай ҳолат туфайли қайғу чекиш ўринли эмас. Турмуш ўртоғингиз модомики унинг исломи чиройли бўлса, ибодатли, ҳаёли, тақволи, ҳалол-покиза турмуш кечираётган бўлса, инсонга мана шу жиҳатдан қараб баҳо берилади.

Аллоҳ барчамизга тавфиқ ато этсин.

Шайх Обидхон қори, Швеция
1429 ҳ. 23 шаввол (2008 м. 23 октябр)

Мавзуга алоқадор савол-жавоблар:

Зинокорнинг оила қуриши масаласи

Зино ва унинг оқибатлари (1 қисм)

Зинонинг Шариатдаги жазоси (2-қисм)

“Ёмонлигини билмай зино қилиб қўйгач, тавба қилса Аллоҳ кечирадими?”

“Ҳароми одам яхши одам бўлиб етишмайди…”, деб эшитганман”

Зинодан бўлган боланинг насаби кимга боғланади?

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

«Ислом Овози» таҳририяти

https://telegram.me/islomovozi