Болалар учун исломий топишмоқлар
Азиз болажонлар. Сизларга бугундан бошлаб бир неча шеърий топишмоқлар таклиф этиб борамиз, иншоаллоҳ. Агар уларни тўғри топа олсангиз, Ислом динимиздаги жуда кўп амалларни билиб оласиз. Шу билан бирга зеҳнингиз ўсади, ақлингиз ривожланади. Шеър ўқишни ҳам яхшироқ ўрганасиз. Бу услуб сизнинг ўзбек тилида чиройли гапиришингизга ҳам ёрдам бўлади, иншоаллоҳ.
Сизга тақдим этилаётган шеърларнинг ҳар бандида нуқталар қўйилган ерлари бор. Нуқталар ўрнида эса яширилган сўзлар бўлади. Сиз ўша сўзларни топиб нуқталар ўрнига қўясиз.
Сўзларни топишда қофияга эътибор беринг. (Қофия деб талаффузи бир-бирига ўхшаб кетадиган сўзларга айтилади. Масалан: жон, нон, сон, хон…)
Биринчи топишмоқда:
Мен учун энг азиз нарса,
На молиму на жоним.
Мени асли азиз қилган –
Қалбимдаги …….им!
дейилган. Сиз нуқталар ўрнига «жоним», деган сўзга қофия бўладиган мос сўзни топиб қўйишингиз керак бўлади. «Жоним»га «ноним», «султоним», «Қуръоним», «иймоним», «қурбоним» сўзлари қофия бўлади.
Топишмоқларни тўғри топганингизга ишонч ҳосил қилсангиз, жавобларини бизга ёзиб юборинг. Бизга хат юборганингизда исмингиз, отангизнинг исми ва ёшингизни кўрсатсангиз яхши бўлади. Хоҳласангиз қайси шаҳар ёки мамлакатда яшашингизни ҳам ёзасиз.
Топишмоқларни ўртоқларингизга ҳам ўқиб беринг. Шеърни ўқиётганингизда нуқталар ўрнига қўйиш керак бўлган сўзларни айтмасдан тўхтанг. Уларни топишни ўртоқларингизга таклиф қилинг. Шунда улар ҳам Ислом динидаги муҳим амалларни яхшироқ билиб олишади.
Ҳаммангизга муваффақият ва омaд тилаймиз. Аллоҳ ақлингиз, зеҳнингиз ва илмингизни зиёда қилсин.
Podcast: Play in new window | Download