Намоз ўқимай рўза тутишнинг ҳукми нима?

Савол: Мен яқинда ҳидоят йўлига кирдим. Ислом динини қабул қилдим. Мен Кореяда ишлайман. Намоз ўқишни ўрганаяпман. Биламан, рўза ҳам фарз қилинган. Шу, мен рўза тутаяпману лекин намоз ўқимаяпман. Шу тутган рўзам Аллоҳ ҳузурида қабул бўладими? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин сиздан.

Отабек.

Аввало Ислом динини қабул қилдим, намоз ўқишни ўрганаяпан, деган хабарнинг ўзи учун биз қалбдан хурсандлигимизни билдирамиз ва Аллоҳ таолодан сизга икки дунё саодатини ато қилишини сўраймиз. Ислом Аллоҳнинг инсониятга юборган энг сўнгги динидир ва ҳам бу дунё ҳам Охиратда нажот бўладиган йўл мана шу Ислом йўлидир.

Саволда сўралган масалага келсак, яъни намоз ўқимасдан рўза тутишнинг ўзи билан кифояланиш ҳақидаги савол анча мураккаб ва кенг мавзу. Агар биз бу саволга қисқа жавоб берадиган бўлсак, шуни айтамизки, тутаётган рўзангизни Аллоҳ қабул қилсин, Аллоҳ қалбингизга чин иймон ато айласин, Ўзидан қўрқишингизни насиб қилсин. Агар сиз рўзани якка Аллоҳнинг борлигига ишонганингиздан, Қиёмат ҳақ эканини билганингиздан, Аллоҳ ҳузурида туриб ҳисоб беришингизни ҳис қила бошлаганингиздан тутаётган бўлсангиз, унда тез намоз ўқишни ҳам бошланг. Қадимда ҳам ҳозирда ҳам кўпгина уламолар намоз ўқимаган одам кофир бўлади деб айтишган.

إِنَّ بَيْنَ الرَّجُلِ وَبَيْنَ الشِّرْكِ وَالْكُفْرِ تَرْكَ الصَّلاةِ. رواه مسلم 82

«Инсон билан куфр ва ширк ўртасида намозни тарк этиш туради», деганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Мана шу сўзларни эшитганингиздан кейин қайси намоз вақти келса ҳам сиз ўша пайтда бетаҳорат ва бенамоз бўлиб ўтирмайсиз иншоаллоҳ. Сиз агар намоз ўқишни яхши билмасангиз ҳам билганингизча ўқийверишингиз керак. Намоз ўқишни ўрганаяпман, деб айтибсиз, шу пайтгача нимани ўрганган бўлсангиз, ўшани ўқиб, Эй Аллоҳ. Ўзинг қабул эт деб илтижо қилиб, билганингизча намозни бошлайверинг. Намозни кимдан ўрганаётган бўлсангиз, ўшанинг ёнида туриб у нима қилса, шуни қилиб намозни бошланг. Сиз яшаётган шаҳарда намоз ўқийдиганлар бўлса ўшаларга қўшилиб, улардан сўраб ўрганиб ўқишга киришинг тез. Камчиликлари тузалиб кетади иншаллоҳ. Сизга шу сўзларнинг ўзи кифоя қилади деб умид этаман. Сиз намоз ўқишни бошланг.

Намоз ўқимайдиган одамнинг рўзаси қабулми ёки йўқ, деган масала «намоз ўқимайдиган одам мусулмон деб ҳисоб қилинадими ёки йўқми», деган масалага бориб тақалади.

Уламолардан: «Агар инсон намознинг фарзлигини инкор қилган ҳолда ўқимаётган бўлса, у кофир бўлади, аммо намозни фарз деб билсаю ялқовлик қилиб ўқимаётган бўлса, уни кофир дейилмайди, унга насиҳат қилинади, танбеҳ ва таъзир берилади», деб айтганлари бор ва мана шу сўз тўғридир.

Сиз ҳам намозни фарзлигини тан оласиз, алҳамдулиллоҳ, шундай экан энди намозни бошлаш керак. Токи сиз ўзингизни ўзингиз «бу одам кофирми ёки кофир эмасми» деган муҳокамага дучор қилманг. Одамлар орасида бир ғалати ҳолат бор: намоз ўқимайдиган, аммо ўзини мусулмон санайдиган одам намоз ўқимайдиган одам ҳақидаги баҳсга («бу кофирми ёки мусулмонми» деган мавзу) дуч келса, аччиқ қилади ёки хафа бўлади ёки уялиб ўзини одамлардан олиб қочади. Бунга ким сабаб, ким айбдор? Ўша одамннг ўзи сабаб, ўзи айбдор. Бировдан ўпкалашнинг ўрнига инсон ўзига ўзи танқидий назар билан қарай билиши лозим. Намоз ўқиш фарз. Буни кечга суришга ҳеч қандай узр йўқ. Шунга кўра сиз учун энг муҳим иш намоз ўқишга киришиш бўлиши керак.

Аллоҳ сизга ҳамма яхшиликларини ато қилсин. Унинг йўлини танлабсиз, агар шу йўлда астойдил бўлсангиз, У Зотнинг ҳам албатта сизга Ўз ваъдаларини ато қилганини кўрасиз.