Аҳли китобларнинг идиш-товоқларидан фойдаланиш мумкинми?

Шайх Обидхон қори, Швеция
1429 ҳ. 26 жумодал-увло (2008 м. 31 май)

Савол:

Биз Русияда ишлаймиз. Бир ой бир жойда, яна бир ой бошқа жойда. У ердаги идиш-товоқлар бизни шубҳага солаяпти. Бу идиш товоқларни етти марта қатрон қилиб саккизинчисида тупроқ билан тозаласа ҳалол бўладими?

Муҳаммади, Санкт-Петрбург.

Жавоб:

Аввал мавзуга оид ҳадиси шарифни зикр қилиб ўтамиз:

Абу Саълаба розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат этиб айтадилар:

عن أبي ثعلبةَ رضي الله عنه قال: إنَّا نُجاورُ أهلَ الكتابِ وهم يَطبخونَ في قُدُورِهم الخنزيرَ ويشربونَ في آنيتِهمُ الخمرَ .

فقال رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّمَ :

«إِنْ وَجَدْتُمْ غَيْرَهَا فَكُلُوا فِيهَا وَاشْرَبُوا، وَإنْ لَمْ تَجِدُوا غَيْرَهَا فَارْحَضُوهَا بِالْمَاءِ وَكُلُوا وَاشْرَبُوا».

رواه البخاري ومسلم وأبو داود

Биз аҳли китобларга қўшни бўлиб яшаймиз. Улар эса ўзларининг қозонларида чўчқа гўштини пиширадилар ва идишларида ароқ ичадилар. (Яъни, мана шу идишлардан фойдаланиш ҳукми қандай бўлади деган маънода сўрадилар).

Пағамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бериб дедилар:

«Агар ўша идишлардан бошқасини топиш имкони бўлса, ўша бошқа идишда еб-ичингиз. Агар бошқасини топиш имкони бўлмаса , унда ўша идишларни сув билан ювиб ташлаб, кейин еб-ичингиз».

(Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоятлари).

Ҳадиснинг шарҳида имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

قال النووي: المراد بالآنية في حديث أبي ثعلبة آنية يطبخ فيها لحم الخنزير، ويشرب فيها الخمر
«.

«Абу Саълаба ҳадисидаги саволда чўчқа гўшти пишириладиган ва ароқ ичиладиган идишлар кўзда тутилган».

Демак, нажас ва ҳаром нарсаларга ишлатилмаган тоза идиш бўлса ҳатто кофирларнинг идиши бўлса ҳам уни ювмасдан ишлатиш жоиз бўлади.

Аммо ўшандай нажас нарсаларни пиширишда ёки ейишда ишлатилган идиш бўлса, унда албатта уни ювиб тозалаш лозим бўлади.

Ювишда уч марта ювиш билан тоза қилинса етарли бўлади. Агар уч марта ювиш билан ҳам покланмагани аниқ бўлса яна кўпроқ ювилади, то покиза бўлгунга қадар.

Идишнинг поклиги худди бошқа нарсаларнинг поклиги каби: ундан нажосатнинг ранги, мазаси ва ҳиди йўқ қилинганлиги билан маълум бўлади.

Қатрон қилиш масаласи (яъни, бир марта тупроқ билан, етти марта сув билан ювиб тозалаш) бу ўринда келмаган. Балки, у итнинг сўлаги текган идиш ҳақида ворид бўлган.

Валлоҳу аълам.