Келин-куёв ва хонадонлар бир-бирларига муносиб бўлишлари аҳамияти
Савол:
Бўлажак келинни ҳижобга киришга ва исломий тўй қилишга кўндириш учун қандай йўл тутиш керак? Қизнинг ота-онаси бундан хавотирга тушиб қаршилик қилишса, нима қилмоқ зарур? Ёки бўлгувчи куёвга исломий тўй қиламиз деганда, куёв рози аммо куёвнинг оиласи қарши чиқса нима қилинади? Бундай номзоддан воз кечиш керакми?
Умму Муваҳҳид
Жавоб:
Тўй ва никоҳ масаласида асосий эътибор бирга турмуш қурадиган қиз билан йигитга қаратилади. Улар энг аввало бир-бирларига муносиб бўлишлари лозим.
Баъзан шундай ҳолатлар бўладики, хонадонлар бир-бирига муносиб эмас. Яъни, бирлари ибодатли, бошқалари ибодатсиз хонадон, лекин ёшлар – келин ва куёв эса ибодатли, тақволи бўлиб етишганлари ҳам бўлади. Ибодат қилмайдиган хонадон ўзларининг қизлари ҳижобда, ибодатда бўлишига қаршилик қилишмайди, унинг ҳақ-ҳуқуқини чеклашмайди. Ана ўшандай хонадон мана бу диндор хонадонга келин бўлиб боришига қаршилик қилишмаса, уларни бир-бирларига муносиб дейиш мумкин.
Ёшларнинг турмушлари исломий , чиройли, бахтли бўлишига ёрдам берадиган хонадонлар бўлсалар уларга раҳмат айтиш керак бўлади.
Бу масалада ота-оналарнинг ўринлари муҳим, уларнинг таъсирлари жуда катта. Ҳар икки томон қудалар фарзандларининг оилаларига бепарво бўлмайдилар, албатта улар ўзларининг фарзандлари ҳаётига аралашадилар.
Агар икки томон ҳам тушунган хонадонлар бўлишса келин-куёвнинг ҳаётига фақат ижобий таъсир кўрсатиб, зарур бўлган ўринларда яхшилик билан аралашиб, чиройли насиҳатлар қилишади.
Аммо уларнинг тарбиялари, тушунчалари бошқача бўлса, албатта улар ўзлари олган тарбиядан, ўзларининг тушунчаларидан, дунё қарашларидан келиб чиққан ҳолларида аралашиб, фарзандларининг ҳаётини муайян бир йўналишга йўналтириш учун ўзларича қандайдир чоралар кўришга ҳаракат қилишади, натижада ўртада келишмовчиликлар пайдо бўлиб, ёшларнинг ҳаёти бузилишига олиб бориши мумкин.
Бу масалани олдиндан ҳисобга олиш керак. «Ёшлар бир-бирига мос бўлса бўлди-да…» деб иш бошлаб юборилса, кўпинча хом иш бўлганлиги очилиб кетади.
Шунинг учун аввало ёшлар бир-бирига мос бўлсинлар.
Иккинчидан ота-оналарни ҳам албатта ҳисобга олиш керак: ота-оналар бир-бирларига муносибмилар? Ёки ҳеч бўлмаса кейинчалик ёшларнинг ҳаётига аралашиб муаммолар пайдо бўлишига сабабчи бўлиб қолишмайдими?
Агар ота-она тўйдан олдин ўз қизларини ҳижобга киришини хоҳлашмаётган бўлсалар, тўйдан кейин ҳам улар бу нарсага қаршилик кўрсатишлари мумкин ва бу ўша пайт яна ҳам оғирроқ муаммоларга сабаб бўлади, келин-куёвнинг ҳаётига салбий таъсир қилиб, оилага дарз кетишига олиб келиши мумкин.
Ана шундай нарсалар рўй бериши эҳтимоли бўлса, бундай ишга киришишдан эртароқ тийилиш афзал бўлади.
Агар «албатта тўй қиламиз», дейиладиган бўлинса, унда ҳозирдан бошлаб барча масалаларга очиқ-ойдин равишда келишиб олиниши керак. Яъни: ҳар икки томон қудалар «тўйдан кейин фарзандларимизнинг ҳаёти мана бундай бўлади…» деб, ёки куёв-келин ўзлари очиқ айтиб: «бизнинг турмуш тарзимиз мана бундай бўлади, биз мусулмонлик қонун-қоидаларига 100% амал қилишга ҳаракат қиламиз, куёв ҳам ибодатда, келин ҳам ҳижоб ўраб ибодатда бўлади, Аллоҳ ва Расули буюргандай исломий ҳаёт кечирамиз…» деб огоҳ этиб қўйишса, ҳар икки томон шунга розилик билдиришлари жуда ҳам муҳимдир.
Исломий ёки ўзбекона тўй:
Баъзилар исломий тўй деган иборадан қўрқиб, ғазабга минишади. Аслида унинг ҳеч қандай зарари йўқ, унинг одамларга ёмонлик қиладиган жойи йўқ, аксинча исломийлик халқнинг манфаатига тўғри келадиган нарса. Манмансирашлар, риёкорлик, исрофгарчилик ва бошқа турли-туман ҳаром-ҳариш ишлардан холи бўлган тўйни исломий тўй деб айтилади. Лекин баъзи одамлар ислмоий деган сўзни ўзларининг ҳавои нафсларига тўғри келмагани учун ёмон кўриб қоралаш йўлига ўтиб оладилар.
Балки ана шундай одамларга тушунтириш осонроқ бўлиши учун исломий деган иборанинг ўрнига ўзбекона тўй деб айтиш ҳам мумкиндир. Зеро бизнинг ўзбек ота-боболаримизнинг тўйлари ҳалол-покизалик билан ўтган. Улар тўйларида ҳам ароқ ва бошқа ҳаром нарсалардан узоқ бўлишган. Қадимда ҳам ароқ ичганлар бўлган, аммо улар одамлардан уялиб, беркиниб ичган. Очиқчасига дастурхонларга қўйиб олиб ичмаган. Бундай қабиҳ иш нафақат динга, балки соғлом табиатга ҳам, халқимизнинг урф-одатига ҳам хилоф бўлган шармандалик.
Ота-боболаримиз даврларида яна эркак-аёллар аралаш-қуралаш бўлмаган. Тўйларни ҳам аёл ва қизлар учун алоҳида хоналарга дастурхон солиб, эркак ва йигитлар учун алоҳида хоналарга достурхон солиб ўтказишган.
Аждодларимиз мана шундай покиза тартибда умр ўтказишган, алҳамду лиллаҳ.
Биз ўшаларнинг авлодлари эканмиз, ана ўшалардан қолган урф-одатларимизни давом эттиришимиз керак.
Аллоҳ Ўзи барчамизга ҳидоят ва тавфиқ насиб айласин.
Шайх Обидхон қори, Швеция
1429 ҳ. 9 жумодал-увло (2008 м. 14 май)
Мавзуга алоқадор савол-жавоблар:
Ота-онадан бемаслаҳат оила қуриш – хатарли иш
Ота-она: “Фалон аёлга уйлансанг, оқ қиламан”, деса нима қилиш керак?
Агар муносиб қиз топилмаса, уйланмасдан ўтса бўладими?
“Оила аъзоларим тўйга ароқ қўйишни режаламоқда, маслаҳат беринг”
•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•
“Ислом Овози” таҳририяти
https://telegram.me/islomovozi
Podcast: Play in new window | Download