Таҳоратсиз ҳолда бажариш жоиз бўлган ибодатлар
Савол:
Аллоҳни таҳоратсиз ҳолда зикр қилиб, Қуръон оятларидан ўқиб турсам бўладими? Аллоҳ сиздан рози бўлсин.
Жавоб:
Намоз ўқиш, Каъбани тавоф қилиш, Қуръони карим китобини ушлаш учун таҳорат шарт қилинади.
Аммо бошқа ибодатлар учун таҳорат шарт эмас.
Масалан истиғфор айтиш, зикру тасбиҳларни ўқиш, ёддан тиловат қилиш, амри маъруфлар, тафсир, ҳадис, фиқҳ китобларини ушлаш ва мутолаа қилиш учун таҳорат шарт қилинмайди.
Шариатимизда албатта мана шундай қулайликлар бор, айниқса таҳорат олишлари қийин бўлган одамлар учун.
Агар ҳамма ибодатларда таҳоратли бўлиш шарт қилинганда одамларга анча машаққатли бўлиши мумкин эди. Лекин алҳамду лиллаҳ Аллоҳ таоло ислом динини енгил – осон қилиб бергани туфайли бир қанча ибодатлар учун таҳорат шарт қилинмайди.
Мусулмон киши албатта бундай имкониятлардан фойдаланиб, ётганда ҳам, турганда ҳам, юрганда ҳам доимо Аллоҳни зикр қилиб юради. Шунда ҳар бир нафаси унинг учун улкан фойдалар келтираётган бўлади.
Инсон кўрпага ётаётган маҳалда ухлашдан олдин айтиладиган зикрларни ўқиб, ўзига дам солиб ётиши пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган суннат амаллардан.
Эрталаб уйқудан туришда ҳам ўқиладиган зикрлар бор. Улардан бири мисол учун мана бу зикр:
«اَلْحَمْدُ لِلهِ الَّذِي أحْيَانِي بَعْدَ مَا أمَاتَنِي وَإلَيْهِ النُّشُورُ»
Маъноси:
«Мени ўлдиргандан сўнг тирилтирган Зот Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Ва албатта У Зотнинг ҳузурига қайта тирилиб борилади».
Уйқунинг номларидан бири ўлимдир. Чунки уйқу вақтида маълум аъзолар фаолиятдан тўхтайди. Уйғониш билан яна қайтадан худди ўлимдан тирилгандай бўлиб ҳаракатга киради. Банда мана шундай тарзда ҳар куни кичкина ўлим ҳолатига кириб кейин яна тирилади ва бу нарсаларнинг барчаси Аллоҳнинг тақдири ила амалга ошади.
Мўмин киши бу ҳолатларни эслаб албатта ибрат олиб, Аллоҳни ёд этиб, У Зотнинг чексиз неъматларига шукронаю ҳамдлар айтади.
Шундай ўринларда инсон таҳоратли бўлмаса ҳам Аллоҳни зикр қилаверади ва кўпдан-кўп савобларга эга бўлиб бораверади.
Бироқ, аксар ибодатларни таҳорат олган ҳолда бажариш афзаллиги ҳам маълум. Шунинг учун имкон қадар доимо таҳоратли бўлиб юришнинг фазилати улуғ.
Валлоҳу аълам.
Шайх Обидхон қори, Швеция
1429 ҳ. 6 рабиул-охир (2008 м. 12 апрел)
•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•
«Ислом Овози» таҳририяти
https://telegram.me/islomovozi
Podcast: Play in new window | Download