Дунган халқи уламоларидан шайх Сулаймон домла – Қуръони карим муфассири – Охиратга риҳлат қилдилар
«Барчамиз Аллоҳнинг қулларимиз, барчамиз У Зотнинг ҳузурига қайтгувчимиз»
Сулаймон Сусуза домламиз 1950 йил таваллуд топган, Қирғизистон давлати фуқароси, узоқ йиллар давомида ислом илмлари билан шуғулланиб, дунган халқига таълим-тарбия майдонида кўп хизмат қилиб яшаган буюк аҳли илм устозлардан.
Сулаймон домла 80 йилларда Ўзбекистонга сафар қилиб, Андижон шаҳрида шайх Абдулвали қори акадан ҳам таҳсил олганлар.
Умрларининг охирги йилларида дунган тилида қатор исломий китобларни тасниф этдилар. Жумладан, Қуръони каримни бошидан охиригача тафсир қилиб чиқдилар, Саҳиҳул-Бухорий таржимасини ҳам тамомладилар . Мадинаи мунавварага Масжиди Набавий ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зиёратларига келган пайтлари ана шу тафсир китобларидан бир нусха ҳадя қилиб кетган эдилар. Биз (мен ва бир қатор ёш йигит толиби илм биродарлар) 90 йиллар ўрталарида Бишкек шаҳрида ҳужрада турган пайтимиз Сулаймон домла уйларига меҳмонликка олиб кетиб, дунганча лағмонлар пишириб меҳмон қилардилар. Ўзбек тилини биз ўзбек йигитларидан кўра яхшироқ билардилар. Ўзбекча гаплашганларида овозларини эшитган киши у кишининг ўзбек эканлигида шубҳа қилмай қоларди. Катта ўғиллари Абдулазиз биродаримиз билан бирга Мадина Ислом университетида бирга ўқиганмиз. Ўғиллари ҳам биз билан ўзбек тилида бемалол гаплашадилар.
Меҳрибон Раббимиз Сулаймон домламизни Ўз раҳматига олсин, фирдавс жаннатларида олий мақомларга кўтарсин.
Жанозалари эртага (2024 йил 5-октябр шанба куни) пешиндан кейин қуйидаги манзилда ўқилади.
Чуй, Бишкек, Сокулук ул. Линейная 4
Мақола муаллифи / Муҳиддин Обидхон