Янги ҳилолни кузатиш бўйича баъзи муҳим маълумотлар
Бисмиллаҳ…
Алҳамду лиллааҳ…
Ягона Илоҳимиз Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз, улуғ пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳнинг салавотлари бўлсин деб дуолар қиламиз…
Аммо баъд.
Биз ҳозир Мадинаи мунавварада 1445-ҳижрий сана муборак рамазон ойининг 29-куни кундузида турибмиз.
Иншоаллоҳ ҳалироқ қуёш ботиш вақти (қуёш ботиб бўлганидан кейин, қоронғу тушиб қолишидан олдинги лаҳзаларда) қуёш ботган томонда янги ойнинг биринчи кунидаги ҳилоли кўринармикин ёки кўринмасмикин, деб Суннати Набавийяга мувофиқ тарзда баъзи мусулмонлар ҳилол одатда уфуқда кўриниш берадиган тарафга тикилиб қараб кузатадилар. Янги ҳилолни кўришга муваффақ бўлганлар кўрган нарсалари ҳақида очиқ-ойдин гапириб маҳкамада – расмий қозилар ҳузурида гувоҳлик берадилар.
Шундан кейин, ана шу давлатдаги (мисол тариқасида айтамиз, биз яшаб турган Саудия давлатидаги) мусулмонлар жамоати эътироф этган расмий маҳкама ўз қарорини эълон қилади ва натижада бу қарор шу ерларда яшаётган мусулмонлар жамоати бир овоздан қабул этишлари фарз бўладиган қарор бўлади!
Қайсидир минтақада (ёки бирон давлатда) яшаётган мусулмонлар жамоати ўзлари эътироф этган расмий маҳкама қарорига ҳаммалари бир бўлиб эргашиб турган пайтлари кимдир уларнинг бу бирликларини бўлиб чиқиши ҳаром иш бўлади, гарчи ана шу мусулмонлар жамоати ўша куни ўша қарорлари билан хато қилиб қўйишган бўлсалар ҳам.
Мусулмон жамоат қўлларидан келганича тўғри қарор чиқаришга ҳаракат қилган бўлсалар, аммо инсон сифатида хато қилиб қўйсалар Ғафуру Раҳим Зот Аллоҳ таоло уларнинг хатоларини албатта кечиради.
Бироқ, мусулмон жамоат ўзлари учун қабул этадиган расмий маҳкама қозиларида топилиши шарт қилинадиган сифатлар бўлади. Ислом шариатимиз бутун коинотни яратган Аллоҳ таоло нозил қилган мукаммал шариат бўлгани учун ҳам мусулмон қозиларда топилиши шарт қилинган сифатларни баён қилиб берган. Бу борада барча уламолар бир овоздан иттифоқ қилган баъзи сифатлар ва шартлар мавжуд. Ана шу шартлардан бири, қозилар мусулмонлардан кимдир «мен янги ҳилолни кўрдим» деб даъво қилиб келса унинг даъвосини яхшилаб текширмасларидан туриб, унга дарҳол ишониб қолишлари ва дарҳол қарор чиқариб юборишлари жоиз эмас! «Мен янги ҳилолни кўрдим» деб даъво қилган одам ишончли мусулмонми, янги ҳилолни қандай кузатишни биладиган одамми ёки йўқми, ўзи бугун шундай ҳолатда янги ҳилол биз яшаб турган жойнинг осмонида мавжудмиди ё йўқмиди, фалакиёт уламоларидан бўлган ишончли мутахассислар бу борада нима дейишмоқда, билиб-билмасдан бизнинг осмонимизда ўша пайт йўқ бўлган нарсани биз ўзимизча бор деб қарор бериб юбормайлик деб, шошилмасдан, ҳолатни яхши ўрганиб, саҳиҳ ва тўлиқ илмга эга бўлиб, кейин қарор беришлари даркор!
Шариатимизнинг мукаммаллиги кўринишларидан бири шуки, илоҳий муқаддас шариат ҳукми ҳеч қачон коинотда очиқ-ойдин ҳақиқат бўлиб турган нарсага зид келмайди.
Масалан, агар фалакиёт уламолари бир овоздан «ҳозир осмонда ҳилол кўриниши имконсиз, ой ўзи ҳозир бу бизнинг тепамиздаги осмонда эмас, қуёшдан олдин ботиб, нариги томонларга кетиб бўлган» деб турган бўлсалар, шу пайт бир оддий, содда ёки бу соҳада илми бор ёки йўқлиги номаълум бўлган баъзи шахслар келишиб: «биз янги ҳилолни кўрдик» деб даъво қилишса, бу даъвони тўғри деб қабул қилиш мумкин эмас, жоиз эмас асло. Зеро, шариат ҳукми ва коинотда ўз исботини топган ҳақиқатлар ҳеч қачон бир-бирига зид келиши мумкин эмас. Бундай ҳолатда биз (яъни, мусулмонлар жамоати эътироф этган адолатли қозилар) фалакиёт уламоларининг ичларидан мусулмон ва ишончли мутахассис деб эътироф этилган олимларнинг гувоҳликларини эътиборга олишимиз шарт.
Мусулмон жамоат осмонда мавжуд бўлиб турган янги ҳилолни кўрмай қолишлари мумкин ва бу хатолари кечирилиши ҳақида илоҳий ваъда бор, лекин ўша пайт осмонда умуман мавжуд бўлмаган нарсани бор қилиб олишлари мумкин эмас, асло.
Шу ўринда баъзи муҳим ҳадиси шарифларни ёдга олишимиз лозим деб ўйлайман
1-ҳадис:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиси шарифларида айтганлар:
«إذَا رَأَيْتُمُوهُ فَصُومُوا، وإذَا رَأَيْتُمُوهُ فأفْطِرُوا، فإنْ غُمَّ علَيْكُم فَاقْدُرُوا له»
أخرجه البخاري (1900)، ومسلم (1080)
«Қачонки уни (янги ҳилолни) кўрсангизлар, бас, рўза тутинглар (рамазон ойини бошланглар), қачонки уни (янги ҳилолни) кўрсангизлар, бас, оғиз очинглар (рамазон ойини тўхтатинглар). Агар (булутли об-ҳаво туфайлими ёки бошқа бирон сабаб бўлиб) кўринмай қолса, бас, уни (ойни) ўлчаб ҳисобланглар».
(Саҳиҳул-Бухорий: 1900-ҳадис, Саҳиҳи Муслим: 1080-ҳадис)
2-ҳадис:
«صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ وأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ، فإنْ غُبِّيَ علَيْكُم فأكْمِلُوا عِدَّةَ شَعْبَانَ ثَلَاثِينَ».
أخرجه البخاري (1909)، ومسلم (1081)
«Уни кўриб рўза тутинглар, уни кўриб оғиз очинглар (рўзадан тўхтанглар). Агар у (ҳилол) сизларга кўринмай қолса ўша шаъбон ойини ўттиз кун ҳисоблаб тўлдиринглар».
(Саҳиҳул-Бухорий: 1909-ҳадис, Саҳиҳи Муслим: 1081-ҳадис)
3-ҳадис:
» الصومُ يومَ تصومون ، والفطرُ يومَ تفطرون ، والأضحى يومُ تُضَحُّونَ»
أخرجه الترمذي (697)
«Сизлар рўза тутишни бошлаган кунингиз рўза бошланган бўлади, оғиз очган кунингиз фитр – рўза тутилмайдиган кун (шаввол ойининг биринчи куни) бошланган бўлади, азҳо байрами ҳам сизлар қурбонлик қилишни бошлайдиган кунингиз бошланади».
Ушбу ҳадисларда ҳам бошқа ҳадисларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни жамоат бўлиб амал қилишга чақирганлар ва янги ҳилол бизнинг кўзимизга баъзан кўринмай қолиши ҳам мумкинлигига ишора қилганлар.
Аммо, осмонда ўша пайт умуман мавжуд бўлмаган нарсани «кўришингиз мумкин» ёки «умуман йўқ нарса ҳам кўзларингизга кўриниб қолиши мумкин, ўшанда ҳам ҳилолни кўрдик деб ҳисоблайверинглар« демаганлар, асло. Бу соғлом ақлга мутлақо зид нарса.
Шариатимиз – илоҳий шариат ҳеч қачон соғлом ақлга зид бўлган нотўғри нарсага ёки умуман йўқ нарсани бор қилиб олишга буюрмаган, хурофотга мутлақо рухсат бермаган.
Мусулмонлар жамоатининг расмий маҳкамадаги адолатли қозилари ҳузурида фалакиёт соҳасида ҳам ишончли мутахассислар мавжуд бўлиши шарт. Исломий маҳкама бу борада қолоқ бўлишига динимизда изн йўқ.
Мутақаддим уламоларимиз қадимдан дунёвий илм-фан соҳаларида ҳам, хоҳ тиббиёт, хоҳ фалакиёт, хоҳ ҳарбий, хоҳ бошқа… барча-барчасида ўша даврларга муносиб даражада пешқадам бўлганлар.
Фиқҳий аҳкомлар бўйича мутахассис бўлган фуқаҳоларимиз фалакиёт илмидан ҳам бохабар бўлганлар.
Мисол
1
Фалакиёт илмида маълум бўлган ҳақиқатлардан бири, қуёш тутилиши янги ҳилол бошланишидан озгина олдин рўй беради. Қуёш тутилишига сабаб – қуёш тутилаётган лаҳзада биз яшаб турган мана бу Ер жисми билан қуёш ўртасидан осмондаги ой ўтиб кетаётган бўлади.
Ҳанбалий мазҳаб фуқаҳоларидан бири машҳур олим Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ақл ва нақл бир-бирига зид келмаслигини исботлаб ёзган буюк китобида бир ўринда шу мавзуга ҳам тўхталиб шундай деган:
«… كسوف الشمس لا يكون إلا عند الاجتماع قبل الإهلال…».
(درء تعارض العقل والنقل: 5/294 )
«… Қуёш тутилиши ижтимоъ пайти (қуёш, ой ва Ер бир қаторга терилиб жамланганда) иҳлолдан олдин (яъни, янги ҳилол бошланишидан олдин) содир бўлади…».
(Даръ таорузил-ақл ван-нақл китоби: 5-жилд, 294-бет)
2
Шофеий мазҳаб фуқаҳоларидан бири аллома Дамирий ҳам айтади:
«… شهد برؤية الهلال واحد أو اثنان فقط، واقتضى الحساب عدم إمكان رؤيته، قال الشيخ: لا تقبل الشهادة به؛ لأن الحساب قطعي والشهادة ظنية، والظن لا يعارض القطع.
والبينة شرطها: إمكان ما شهدت به حسًا أو عقلًا أو شرعًا؛ لا استحالة المشهود به، والشرع لم يأت بالمستحيلات، ولم يأت لنا نص من الشرع أن كل شاهدين تقبل شهادتهما.
ولأن الشاهد قد يشتبه عليه أو يرى ما يظنه هلالًا وليس بهلال، أو تريه عينه ما لم ير، أو يكون جهله عظيمًا يحمله على أن يعتقد أن في حمله الناس على الصيام أجرًا، أو يكون ممن يقصد إثبات عدالته فيتخذ ذلك وسيلة إلى أن يزكى ويصير مقبولًا عند الحكام.
وكل هذه الأنواع قد سمعناها ورأيناها، فيجب على الحاكم في مثل ذلك أن لا يقبل هذه الشهادة ولا يحكم بها ويستصحب الأصل في بقاء الشهر؛ فإنه دليل شرعي محقق حتى يتحقق خلافه، ولا يقول: الشرع الغى قول الحساب مطلقًا والفقهاء قالوا: لا يعتمد، فذلك إنما قالوه في عكس هذه الصورة؛ لأن ذلك فيما إذا دل الحساب على إمكان الرؤية وهذا عكسه…».
النجم الوهاج في شرح المنهاج (3/ 275):
«Ҳилолни кўргани ҳақида фақат бир киши ёки икки киши гувоҳлик берса, лекин (фалакий) ҳисоб бу нарса – ҳилолни ўша пайт кўриш имконсиз эканлигини тақозо қилиб турган бўлса, анави киши(лар)нинг кўрганлиги қабул қилинмайди. Чунки, (ўша ҳолатдаги фалакий) ҳисоб қатъий нарса, (бир ёки икки киши) кўрганлиги эса гумон – қатъий ҳақиқат эмас. Қатъий нарсани гумон билан рад қилинмайди. Очиқ-ойдин ҳужжат деб қабул қилиш мумкин бўлган нарсага ҳиссий – сезиб туриладиган томондан ёки ақлий ёки шаръий томондан ҳилолни кўриш имконияти мавжуд бўлиши шарт. Кўрдим деб даъво қилинаётган нарса – ҳилол воқеликда уни кўриш амри маҳол бўлган ҳолатда бўлмаслиги даркор. Шариат амри маҳол – умуман имконсиз бўлган нарсаларни иқрор этмаган. Шариатда «икки киши гувоҳлик берса ҳар қандай ҳолатда ҳам уларнинг гувоҳлиги қабул қилиниши керак» деган далил йўқ. Чунки, ҳилолни кўраётган одам чалкашиб қолиши эҳтимоли мавжуд ёки ҳилол деб ўйлаётган нарсаси ҳилол бўлмаслиги мумкин ёки хаёлидан ўтаётган нарсани кўзим билан кўрдим деб ўйлаб қолиши ҳам мумкин… Шундай экан, ҳоким (қози) бундай гуоҳликни қабул қилмаслиги вожиб-фарз, асл қоида бўйича тугаб бораётган ой ҳали тугамади деб ҳисоблаши лозим, бу шаръий далил ҳисобланади, то унга хилоф бўлган нарса – янги ҳилол зоҳир бўлгани аниқ – очиқ ҳақиқат бўлгунга қадар…».
(Ан-Нажмул-ваҳҳож китоби: 3/275)
3
Ҳозирги замон уламоларидан бири Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ ҳам фатволар тўпламида бир саволга жавоб бериш асносида шундай деган:
«إذا كسفت الشمس بعد الغروب وادعى أحد رؤية القمر هالاً في بلد غابت الشمس فيه قبل كسوفها فإن دعواه هذه غير مقبولة؛ للقطع بأن الهلال لا يرى في مثل هذه الحال، فيكون المدعي متوهماً إن كان ثقة، وكاذباً إن لم يكن ثقة. وقد ذكر العلماء قاعدة مفيدة في هذا: «أن من ادعى ما يكذبه الحس لم تسمع دعواه».
(مجموع فتاوى ورسائل الشيخ محمد بن صالح العثيمين رحمه الله، المجلد 13، كتاب صلاة الكسوف)
«Қуёш ботганидан сўнг (қуёш ҳали ботмаган жойларда) қуёш тутилса ва биров келиб янги ҳилол чиққанини ўз кўзи билан кўрганини даъво қилса, қуёш тутилишидан олдин у ерда (ҳилол кўрингани даъво қилинган ерда) ботиб бўлган бўлса, у кимсанинг даъвоси қабул қилинмайди. Чунки, қатъий равишда маълум бўлган нарса шуки, ҳилол бундай ҳолатда кўринмайди. Бундай ҳолатда «ҳилолни кўрдим» деб даъво қилган киши агар ишончли инсон бўлса у ҳилолни кўрдим, деб ўйлаб хато қилаётган бўлади. Аммо ишончсиз кимса бўлса, у ёлғон гапираётган бўлади. Бу борада уламолар фойдали қоида зикр қилганлар: «Кимки аниқ ҳис қилиб турилган (яъни, очиқ-ойдин билиб турилган) ҳақиқатнинг зиддини даъво қилса, унинг даъвосига қулоқ тутилмайди…».
(Манба: Мажмуу фатово ва расоил Ибн Усаймин: 13- жилд, Кусуф китоби).
Шундай экан, янги ҳилолни кузатиш пайти у (ҳилол) бизнинг тепамиздаги осмонда ўша пайт мавжуд эмаслигини фалакиёт мутахассислари айтиб гувоҳлик бериб турган бўлишса, кимдир келиб «мен янги ҳилолни кўрдим» деб даъво қилса унинг гувоҳлигини қабул қилиш жоиз бўлмайди. Чунки, фалакиёт мутахассислари бир овоздан айтиб турган нарса инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат ҳисобланади. Ҳар бир соҳада ана шу соҳанинг ишончли мутахассисларининг гаплари эътиборга олинади.
Аллоҳ ҳаммадан Билувчироқ Зот.
Мақола муаллифи / Муҳиддин Обидхон ўғли
Мадинаи мунаввара
1445-ҳижрий сана, 29-рамазон
2024 милодий сана, 8-апрел