(7) ШАРИАТ ВА ЖАМИЯТ (“Ёшлик” журнали, 1992 йил) охирги қисм

Тошкентдаги “Тўхтабой” масжидининг имоми Обидхон Собитхон ўғли билан суҳбат

ОХИРГИ ҚИСМ

ТОҲИР МАЛИК:

– Мана, сиз билан кўп нарсалар ҳақида фикр алмашдик. Имомнинг вазифаси фақат беш маҳал намоз ўқиш эмас. Сиз кўп одамлар билан муомалада бўласиз, хонадонлар, мактаблар, турли ташкилотларга суҳбатга бориб турасиз, худди бир жамоат арбобидек, бўш вақтингизни топиш қийин. Ҳар ҳолда, бўш вақт бўлади, ана шу бўш вақтингизни нималарга сарфлайсиз? Мана, китобларингизни кўриб турибмиз, ҳазрат Навоийнинг китоблари бор, мана, қомуслар, ҳатто Ожеговнинг “Рус тилининг изоҳли луғати” турибди. Умуман, бизни қисқа бўлса ҳам таржимаи ҳолингиз, бугунги кунда дин ходимининг нима билан нафас олаётгани қизиқтиради. Бугунги адабиётга муносабатингиз қандай?

ОБИДХОН СОБИТХОН ЎҒЛИ:

– Ҳаётимнинг диққат-эътиборни ўзига тортадиган жиҳати йўқ. Оддий бир ишчи-хизматчи оиласида, оддий бир диндор оиласида, имон-эътиқодли, ихлосли, илми бўлмаса ҳам, лекин шу эшитганига маҳкам амал қиладиган бир тақволи хонадонда туғилганман, Худога шукр қиламан. Ота-онам машҳур одамлардан эмаслар. Оддий меҳнаткаш одамлар. Бола-чақасини ҳалол, покиза ризқ билан боқайин, деб қийналиб ҳаёт кечираётган одамлар. Адамиз ёшликларидан: “Ўғил кўрсам, Худонинг йўлида хизмат қиладиган бўлсин…”, – деб ният қилар эканлар.

Ёшликдан бошлаб, ўзим ҳам қандайдир ички қизиқишим билан, ички муҳаббатим билан шу дини исломга эътиқод қўйдим. Мактабда ўқиган кезларим исломга нисбатан жуда нотўғри муомала, муносабат устун бўлган пайтлар эди. У пайтларда бировни мажбурлаб-қизиқтириб, унга исломни мақтаб ҳам тушунтириш қийин бўлган маҳаллар эди. Лекин Аллоҳ таолога шукрлар бўлсин – ким, Худонинг Ўзи менинг қалбимга шу динимизга, имон-эътиқодимизга бўлган муҳаббатни берганга ўхшайди. Мактабда ўқиб юрган пайтларимиздан бошлаб, бир устозга чиқиб, қатнаб таълим олдик. Наманганда Муҳаммадхон Махдум деган бир устозимиз бўлардилар, у киши ҳозир вафот этиб кетдилар, Аллоҳ раҳмат қилсин, ётган жойларини Худо нур билан тўлғазсин. Етмиш олтинчи йилда уйландик, уйлангандан сўнг ҳам тузукроқ илм олишга ҳаракат қилавердим, саксонинчи йилда Тошкентдаги мадрасага кириб, тўрт йил шу жойда ўқидим. Саксон бешинчи йилдан бошлаб, “Ҳазрати имом”даги масжидда имом ноиби бўлиб, кейин саксон тўққизинчи-тўқсонинчи йилдан бу масжидга ўтиб, мана ҳозир шу ерда ишлаб турибман.

Энди ҳозир кундаги вазиятга келадиган бўлсак, имомнинг вазифасини ўзингиз яхши тушуниб айтаяпсиз. Ҳозирги бўлаётган воқеа-ҳодисалар, албатта ҳар бир одамни қизиқтиради, ҳеч ким бундан четда туриши мумкин эмас. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадислари ҳам шуни тақозо қилади. Замонасини яхши билган одам – яхши мусулмон, деб мақтаганлар Пайғамбар. Мукаммал, бутун мусулмон бўлиш учун одамзот замонасини яхши билсин, деганлар. Бу деган сўз – замонасининг сиёсатини ҳам, тарихини ҳам, адабиётини ҳам, ишқилиб, ҳозирги кунда одамларнинг диққат-эътиборида нима бўлса, худди ўшани ҳар бир оддий мусулмон, имом, муфти ёки қози эмас, мансабдор эмас, оддий мусулмон бу дунёнинг бугунги кундаги оқимини беш қўлдай билиши керак. Ўшандагина замона билан баб-баробар қадам ташлаб юра олади. Замонга яроқли одам бўлади. Шу маънода радио ҳам, телевизор ҳам, бошқа матбуот ҳам назаримиздан четда қолмаслиги керак.

Тан олишимиз керак, ҳозир ахборот ҳам, ахборот манбалари ҳам жуда кўпайиб кетди-ки, қайси бирини ўқиб, қайси бирини кўришга одам вақт топа олмай қолади. Айниқса, мен жуда ҳам қийналаяпман, десам бўлади. Лекин иложи борича, қўлимиздан келганича, кузатиб борамиз, ҳатто баъзи бир одамлардан махсус ахборотларни олиб, ўшаларнинг суҳбатига бориб туришга, ўшалардан баъзи нарсаларни ўрганишга ҳаракат қиламан. Жарида ва ойномаларни ўзимиз ўқий олмаганимизни бошқа ўқиганлардан сўраб-суриштириб, кузатиб турамиз. Радио-телевизорлар – албатта доим кузатувда бўлиб турадиган нарсалар.

Адабиёт масаласига келсак, энди аста-секинлик билан адабиётда ҳам тозаланиш, покланиш даври келаётганга ўхшайди, лекин очиғини айтганда, адабиёт шунча вақтнинг бу ёғида, энди сиз ҳам адабиётчи бўлганингиз учун Сиздан узр сўрайман, лекин очиғини айтайлик, адабиёт узоқ вақт тирикчилик манбаи бўлиб келди. Ҳалол, покиза одамлар ҳам бўлган. Лекин кўп ишлар яхши бўлмади-да. Мана энди бу ёғига адабиёт эътиқодга хизмат қилиши керак, деб ўйлайман. Диёнатга хизмат қилиши керак. Адабиётнинг бир жавҳари бўлиши зарур. Шунча вақтдан буён асос деб билинган нарса – жавҳар эмас экан. Асосий жавҳар – фақат пул экан. Энди фақат эътиқод, имон бўлиши керак.

Охиратда бериладиган мукофотдангина одамзот умидвор бўлса, унинг иши муваффақият билан тугайди. Агар адабиёт кўчасига кириб, шу ишнинг мукофотини шу кўчанинг нариги бошига бормасдан олиш керак бўлса, олади ҳам, йўқотиб ҳам кетаверади. Кўп қоғозлар исроф қилинди. Кўп адабиётчиларнинг умри. Афсус-ки, бефойда ўтиб кетди. Энди уларни халқ эсламайди. Эсласа ҳам, бир нохуш кайфият билан эслайди. Унақанги бўлиб адабиётчи бўлгандан кўра, яхшиси бир гадо бўлиб ёки фаррош бўлиб умр кечирган афзал. Буни мен фақат адабиётчиларгагина эмас – адабиётчилар мендан хафа бўлишмасин – ўзимга ўхшаган одамларга ҳам шундай дейман. Диндорларга, руҳонийларга, масжидларнинг имомларига ҳам шу гап. Ҳақиқий мукофотни биз Аллоҳдан жаннатда олишимизга умид қилишимиз керак. Ўшанда ёзилган асар ҳам бир умр сақланиб қолади, тарихга тилло ҳарф билан ёзилгандек бўлади, иншоаллоҳ. Бу дунёда ёзган асарингиз учун, балки тазйиққа учрарсиз, балки маломат тошлари ёғилар. Шунинг ҳаммасига сабр қилиб, ўша маломат тоши отилганда тиз чўкмаса, имондан кечмаса, бу одамнинг асари тарихга битилиб, ҳамма одам учун шоҳ асар бўлиб, жаннатга борганда ҳам иншоаллоҳ, кўп яхшиликларга сазовор бўлса керак.

Валлоҳу аъламу биссавоб.

(Шу билан ушбу тарихий суҳбат якунига етди. Иншоаллоҳ энди бу суҳбатнинг PDF нусхасини ҳам сайтимизга юклаб қўямиз. Меҳрибон Раббимиз устозимиз шайх Обидхон қори акага шифои комил ва чексиз ажрлар ато этсин, марҳум адиб Тоҳир Малик акага ҳам кўп-кўп дуолар қиламиз. Ушбу суҳбатни ёзиб олган, ўқиган, сақлаб келаётган, тарқатган, бизга ҳам етказган ва ундаги панд-насиҳатларга амал қилаётган барча биродарларимиздан Аллоҳ рози бўлсин, мазлум халқимизнинг аҳволини ислоҳ этсин, икки олам бахт-саодатини насиб айласин).