(6) ШАРИАТ ВА ЖАМИЯТ (“Ёшлик” журнали, 1992 йил)

Тошкентдаги “Тўхтабой” масжидининг имоми Обидхон Собитхон ўғли билан суҳбат

давоми

VI ҚИСМ

ТОҲИР МАЛИК:

– Ҳозир жуда кўп диний китоблар чиқяпти. Кузатишимизга қараганда, китобларнинг саводи чатоқроқ. Оятлар турли китобларда турлича талқин қилиб етказиб бериляпти. Энг ташвишланарли ҳол шунда-ки, диний китоблар Аллоҳ таолонинг сўзлари, айрим одамлар учун чайқовчилик манбаига айланиб қолди.

ОБИДХОН СОБИТХОН ЎҒЛИ:

– Бу масалада икковимизнинг фикримиз бир хиллиги кўриниб турибди. Аллоҳнинг оятларини, дини ислом таълимотларини пуллаб, шу орқали бойлик орттиришлик – ўтакетган даражада нодонлик, шафқатсизлик, тошбағирлик, салкам имонсизлик,

имонсизликка олиб бориб қўядиган нарса. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Дин ишларини осон қилинглар, нафратлантирманглар”, – деганлар. Мана шу китобларни қиммат қилиб сотиш Пайғамбаримизнинг мана шу ҳадисларига қарши иш. Осонлаштиринглар, дейилган бўлса, булар қийинлаштиряптилар. Чиройли кўрсатинглар, деган бўлсалар, булар ёмонлаб кўрсатяптилар. Масалан, дунёвий китоблар магазинларда турибди, арзон баҳода. Биров қарамайди. Керак бўлган, сувдан ҳам зарур бўлган китобларимиз эса топилмайди. Топилса ҳам қиммат.

Бунинг устига қоғоз йўқ, у йўқ, бу йўқ деб турган бир маҳалда тепасига “бисмиллаҳ”ни ёзиб қўйиб, бу ёғи қуруқ афсонадан иборат бўлган китобларни пуллаб, сотиш билан овора бўлиб ётибдилар. У ҳам ҳаётнинг бир чеккасида давом этаверадиган мавзу, нокерак эмас-ку, лекин ҳозирги кунда зарур бўлмаган нарса – туш таъбирими ёки эркаклар билан аёллар ўртасидаги жинсий алоқалар қандай бўлиши керак экани ҳақидаги нарсалар ортидан пул ишлаш билан овора бўлган чайқовчи, пулпараст, молпараст, дунёпараст, нафсига қул бўлган одамларнинг ишига ўхшаб кетади. Пул бўлса, чангалда шўрва дегандек, кимнинг пули бўлса, китоб чоп қилдириб, ўшандан пул ишлашга йўл очилиб қолганга ўхшайди. Бунинг ҳам бир чегараси бўлиши керак. Диний мавзуда чиқаётган асарлар учун маълум бир комиссия ташкил қилиниб, ўшаларнинг назоратидан ўтказиб, рухсати билан кейин чиқарилса, яхши бўлар эди.

ТОҲИР МАЛИК:

– Ҳозирги кунимизда нима кўп, фолбин кўп, экстрасенс кўп. Яна бунинг устига, эшитишимизга қараганда, айрим жойларда пайғамбарлар ҳам пайдо бўла бошлабди. Бу тарих учун янгилик эмас, Пайғамбаримиздан кейин ҳам бир қанча одамлар пайғамбарликни даъво қилишган. Лекин яқин орада, бир неча юз йил атрофида шу гап йўқ эди, мана яна чиқиб қолди. Ана шуларга муносабатларингиз?

ОБИДХОН СОБИТХОН ЎҒЛИ:

– Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида Аллоҳ таоло Қуръони каримда охирги пайғамбар, пайғамбарларнинг хотимаси, муҳри деган оятларни туширган. Хуллас бу кишидан кейин бошқа пайғамбар келмаслиги аниқ. Расулуллоҳ ўзлари: “Мен охирги пайғамбарман, мендан кейин пайғамбар чиқмайди”, – деган гапларни қатъий қилиб айтганлар, ёлғон пайғамбарлар чиқишини ҳам эслатганлар. Тарихда ўзини пайғамбар деб эълон қилганлар ҳам бўлган. Булар замоннинг элагидан тушиб қолиб, оқибатда уларнинг ким эканлиги маълум бўлиб, одамлар орасида шармандаси чиқиб қолаверар экан.

Сиз айтаётган қашқадарёлик –  ёлғончилардан бири бўлади, бу ҳам узоққа бормайди, бу ҳам барибир жавобини олади. “Бу энди қанақа ҳолат?” – дейилса, бу жинлар билан бўладиган муомала. Жинлар ҳозирги кунда анча қўзғолиб қолди, афтидан буларнинг ҳам президенти ошкоралик бериб юборганга ўхшайди. Илгари қилмаган ишларини энди қилишябди. Ҳеч кутилмаган воқеалар бўляпти. Ўшалар замон охир бўлиб қолганданми, бир ҳунаримизни кўрсатиб қолайлик, дебми, ҳар кимга келиб ётишибди. Улар асосан илмсиз одамларга келишади. Илмли одамларни қўлга олиш қийинроқ бўлади. Баъзи бир одамлар ҳам соддароқ, илмсиз одамлардан фойдаланади-ку. Пул бериб, бошқа қилиб, ўзига сотиб олганга ўхшаш, илмсизроқ одамларни, соддароқ одамларни, лақмароқ одамларни жинлар ўзига қул қилиб: “Сен пайғамбар бўлдинг”, – деб оддий одамларда йўқ баъзи бир хабарларни ҳам бериб туради, шу билан ақлни ўғирлайди.

 

Жинларда ҳам анча-мунча ахборот бор. Одамларнинг ақли етмайдиган ишларга уларнинг ақли етади. Шу билан кўпчиликни йўлдан уриб, ўзига сажда қилдиради, қул қилиб олади. Ўша фолбинлар ҳам худди шу нарсалар. Фолбин нима-ю, ўша “Мен пайғамбарман” деган нима, орасида айтарлик фарқ йўқ, номи бошқа холос. Бунга ишонганлар, “Фалончи пайғамбар бўлибди”, – деганлар диндан чиқади. Пайғамбаримизнинг охирги пайғамбар эканликларига мункир бўлади. Пайғамбарга қарши бўлган бўлади. Одам кофир бўлиб қолиши мумкин. Худо асрасин.

Давоми бор