(5) ШАРИАТ ВА ЖАМИЯТ (“Ёшлик” журнали, 1992 йил)

Тошкентдаги “Тўхтабой” масжидининг имоми Обидхон Собитхон ўғли билан суҳбат

давоми

V ҚИСМ

ТОҲИР МАЛИК:

Мана шу масалада бир фикрни айтиш керак, бизда дин давлатдан ажратилган. Мактаб давлатники бўлгани учун дин мактабдан ҳам ажратилган. Лекин дин бир қоронғу бурчакка қамаб қўйилган, ўлимга маҳкум этилган деган гап ҳам эмас. Мана шу, “ажратилган” деган тушунчани сўзма-сўз, ҳарфма-ҳарф тушунганимиз учун ҳам биз маънавий жиҳатдан жар ёқасига келиб қолдик

.

Давлат одамлари ҳам, дин одамлари ҳам бир ҳаводан нафас олишади, бир сувдан ичишади, бир жойда, ҳатто бир уйда яшашлари мумкин. Айтайлик, мен давлат одами бўлсам-да, менинг бувам ёки бувим намозхон бўлсалар. Биз қандай қилиб ажралишимиз керак? Бир-биримиз билан келишмасдан яшашимиз лозимми? Мен шуни сира тасаввур қила олмайман.

Диндорлар орасидаги нифоқ ҳақида куйиниб гаплашдик, давлат ва дин, дин ва мактаб орасидаги нифоқ ҳам жуда хавфли. Яна яқин тарихимизга қайтайлик: жадидлар эски мактабларга ислоҳ киритишмоқчи эди. Улар дунёвий илмларни билмасдан туриб, миллатни озодликка олиб чиқиш мумкин эмаслигини тушуниб етишди. Жадидларнинг деярли барчалари жуда катта диндор олимлар эди. Масалан, Маҳмудхўжа Беҳбудий ёки Мунаввар қори.

Қизиғи шунда-ки, жадидларни ўша пайтдаги оқ подшою губернатордан тортиб, ўз уламоларимизгача рад этишган. Туркистон ҳокими учун жадидлар хавфли куч эди. Диндорларнинг барчаси эмас, айрим жоҳиллар ҳам бўлган, улар назаримда, ўша эски мактаблардаги пайшанбаликлардан қуруқ қолишдан қўрқишгандир балки. Уларни уламо дейиш ҳам қийин, мактабдорлар деймиз, шекилли. Энди ўша келишмовчиликнинг яна чиқиб қолишидан ташвишдаман.

Ҳозир ўзингиз айтдингиз, ислом одамлари ҳеч қачон дунёвий илмларга қарши бўлмаган, ҳатто ҳадисларда ҳам дунёвий илмлар олиш зарурлиги айтилган. Энг сўнгги мисол: сиз имомлик қилаётган масжидга Саудия Арабистонидан Салмон қори келдилар. У киши 13 ёшларида қори бўлган эканлар. Лекин, дорулфунунда математика фанидан таҳсил кўрар эканлар. Ёшларимизга Салмон қорининг ҳаётлари ўрнак бўлиши керак деб ўйлайман. Дин ва илм олиш борасидаги ҳозир ўзингиз бошлаган фикрни давом эттирсангиз.

ОБИДХОН СОБИТХОН ЎҒЛИ:

– Жадидлар ҳаракатини эслаб ўтдингиз, жадидларга қарши бўлган одамларни эслаб, “улар уламо эмас” деган фикр ўтди. Менимча, бу нарсаларни сал бошқачароқ тушуниш керак. Ўша жадидчилик ҳаракатига қаршилик қилган одамлар ҳам, мадрасанинг оддийгина савод ўргатадиган даражасидагиа муаллимлари эмас.

Гап ёшлар ҳақида кетар экан, уларни қудратли тўлқинга ўхшатиш мумкин. Аммо бу кучли оқимни жиловлаб, уни жамият, халқ манфаатларига мувофиқ равишда етаклай оладиган куч мана шу муқаддас дину диёнатимиздир. Оталар: “Илгари ёшлик чоғимизда кўчада беш-тўртта қария гаплашиб турган бўлса, уларнинг олдидан қандай қилиб ўтиб кетишни била олмай, истиҳола қилиб қолар эдик”, – дейдилар. Бу ўша замондаги катта ёшлиларга Аллоҳ ато қилган ва улар авайлаб сақлай олган дин-имоннинг ёшларга таъсир этган салобатидан эди.

Илгари, исломнинг таъсири кучли бўлган кезларда катталар билан ёшлар, ота-оналар билан фарзандлар ўртасидаги муносабатлар ўз меъёрида бўлган. Ҳолбуки, очарчилик ва уруш йилларидаги оғир шароитларда ҳам ёшлар муаммоси бугунги кунлардаги каби қўрқинчли бўлмаган экан. Ислом инсонни, айниқса ёшларни шарм-ҳаёли, сабр-бардошли, ақлли, илмли қилиб тарбиялайди. Аммо биз хали ёшларимизни ислом, Қуръон таълимотлари билан етарли суғора олмаган эканмиз, ишқилиб, очарчилик ёки бошқа бирор кўнгилсизлик юз бермасин-да.

Ҳаётнинг ҳар хил қаттиқ синовларига дош бериб, бели букилмай, боши эгилмай юриб бориш учун одамзот ёшлик чоғидан бошлаб имон тарбиясидан баҳраманд бўлиши керак. Бизлар фарзандларимизнинг мана шу ҳақларини тўла-тўкис адо эта олмасак, уларнинг ҳидоятга чанқоқ қалбларини имон суви билан қондириш йўлларини топмасак, ақллари, миялари чарчоқ нималигини билмай ишлайдиган пайтларда Ибн Сино-ю Беруний, Хоразмийлар эгаллаган Қуръон билимларидан мукаммал бохабар қилиб қўймасак, уларга нон бермасдан, қасддан оч ўлдиргандан ҳам кўпроқ зулм қилган бўламиз. Дарахтдан мева талаб қилишдан олдин унинг атрофида неча йиллаб тер тўкиш керак. Ёшларда одоб-ахлоқ, меҳр-оқибат, илм-маърифат кўришни истасак, уларга ислом тарбиясини ўз вақтида берайлик, дейман.

Қадим алломалар хусусида фикр юритсак, улар Қуръонни яхши ўзлаштиргандан кейин дунёвий билимларни пухта эгаллаганлар. Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Форобий, Ал-Берунийлар бир вақтнинг ўзида жуда катта ислом уламолари ҳам бўлганлар. Хоразмий ҳисоб-китоб илмидан фойдаланиб, Қуръони каримдаги мерос оятларидан келиб чиқиб мерос тақсимлаш борасида математик йўллар билан жуда кўп рисолалар ёзиб қолдирганлар. Бу дунёвий билим билан диний билим бир-бирларига боғлиқ эканлигининг битта мисоли. Мерос масалаларини ечиш учун одам махсус ҳисоб қоидаларини ўзлаштирмаса, бу нарсаларни тўғри ҳал қилиши қийин бўлади.

Дунёвий билим ҳақида гапирганда бир жўнроқ мисолни айтиб ўтиш керак. “Правда” газетасининг июл сонидаги хабар ҳаммани ҳайратга солди: коинотда учиб юрган фазогирлар бир ажойиб воқеанинг гувоҳи бўлишган. Уларнинг текширишларидан маълум бўлишича, ер юзидаги шаҳарлардан қандайдир бир ғайритабиий нур чиқиб турар экан. Баъзисидан кучлироқ, баъзисидан кучсизроқ, худди осмондаги юлдузларнинг бири кучли, бошқаси кучсиз бўлгани каби. Улардан: “Ердаги қайси шаҳар кучли нур таратиб турар экан?” – деб сўрасалар, “Макка шаҳри”, – деб жавоб берибдилар. Кучсиз нур таратадиган шаҳарлар ҳақида сўрашганда, уни ҳам яшириб ўтирмасдан: “Бизнинг шаҳарлар”, – деб айтибдилар.

Бу нурларни албатта, ҳеч вақт одамзот ёқмаган, пайдо қилмаган, ҳатто илм-фанга ҳам ҳозирча бу сирлар номаълум. Макка – мусулмонларнинг муқаддас Каъбаси жойлашган табаррук шаҳар. Аллоҳ таоло уни шундай қилиб улуғ этибди экан, шу нарсанинг кашф этилиши, дунёвий илм орқали ҳосил бўлади. Ўзимча ўйлайман, муқаддас Каъбадан таралиб ётган шу нурни биринчи бўлиб мусулмон кишилар кўриши керак эмасмиди? Мўминлар кашф қилиши керак эмасмиди? Албатта, шундай эди. Қуръони каримдаги оятларда (“Ар-Роҳман” сураси) сизларда ҳеч қандай куч-қудрат йўқ-ки, Аллоҳ таолонинг қўйган чегараларидан чиқиб кета олсаларингиз, бу самавотнинг сарҳадларидан фақат қудратли бир қувват билан чиқиб кета олишингиз мумкин, деган мазмундаги оятларни баъзи уламолар далил келтириб, мана шу коинотга чиқиб, фазони тадқиқ қилишга ишора бўлса керак, деган сўзларни ҳам айтганлар.

Биринчи бўлиб космосга чиққан одам ким, деганда шошиб-пишиб: “Ҳа, бизнинг космонавтимиз – Юрий Гагарин”, – деб айтишлари мумкин. Биринчи бўлиб ҳавога кўтарилган, одамнинг қадами бундан кейин ҳам ета олмайдиган жойларга учиб бориб келган одам, аслида, бизнинг пайғамбаримиз – Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом Меърож кечасида жуда кўп сирру асрорларнинг шоҳиди бўлиб қайтганлар. Яна бир нарсани мен бу ерда такрорлаб ўтишни жоиз деб биламан, агар халқимизнинг мана шу дунёвий билимлари ривожланса, фан-техника тараққиёти агар яна ҳам юксаладиган бўлса, Қуръони каримнинг хали бизнинг ақлимиз етмаётган жойлари очилади. Шу кунда биз кўп уламоларнинг тадқиқотларидан шу нарсаларни аниқлаб турибмиз-ки, илм-фан ҳайратда қоларли даражада Қуръони каримга хизмат қиляпди.

Ҳолбуки, илгари атеистлар: “Илм-фан ривожланса, дин туманга ўхшаб тарқалиб кетади”, – деб жуда шов-шув кўтаришиб, ҳовлиқишиб юришарди. Таажжуб-ки, бунинг акси бўляпди. Фан-техника ривожланган сари унинг ютуқларини шундай олиб келсангиз, Қуръон карим баён этган ҳақиқатларни тасдиқлаб турибди. Масалан, “Ёсин” сурасининг 38-40 оятларида Қуёшнинг ҳаракатланиб, ўз орбитасида сузиб бораётгани аниқ қилиб айтилган. Лекин офтоб ҳақида илм-фаннинг кашфиётлари яқиндагина тўғриланди. Бир минг тўрт юз йил илгари Қуръон шу гапни айтган маҳалда, бутун дунёга машҳур олимлар хали бу даражага етмаган эканлар. Уларнинг назарларида офтоб осмоннинг марказида қимирламай туради, ҳеч қаёққа юрмайди. Бошқа сайёралар офтоб атрофида айланади, деб тасаввур қилар эдилар. ХVI асрга келгандан кейингина Коперник гелиоцентрик система назарияси асосида олам марказида Қуёш туришини исботлади. Ундан кейин Қуёш ҳам ўз ўқи атрофидаги бутун оиласи билан қандайдир бир марказ атрофида ҳаракат қилар экан, деган фикрга фан олимлари яқинда келдилар. Демак, ислом фанга қарши эмас, балки ундан бир қанча муддат ўзиб кетган бўлар экан.

Қизиғи шунда-ки, дин бир гапни гапирган бўлса, эртасига ўша гапидан қайтаётгани йўқ. Аммо фан кеча бир маълумотни келтирган бўлса, бугун унинг зиддини кашф қиляпди. Фан олдиндан тахмин қилади, режа қилади, бугун фанда тўғри бўлган нарса эртага нотўғри бўлиб чиқаверади. Дин – битта гапиради, фан эса диннинг ўша битта қилиб кесиб айтган ҳақиқатига барибир айаниб-айланиб келиб қолади. Мана шунинг ўзи ҳам фан ҳақидаги тушунчани тўғрилаб олишга кифоя қилса керак. Мусулмонлар фанни яна-да чуқурроқ ўрганишлари учун бир ундов бўлса керак.

Бугунги кунда Қуръон каримда жуда ҳам кўп мисоллар, жуда ҳам қизиқ-қизиқ нарсалар шу фан орқали исбот бўлаётганини кўриш мумкин. Масалан, ер атрофи ҳаво қатлами билан ўралиб, инсон учун муносиб бўлган ҳаво қатлами ердагина мавжуд эканлигига бўлган ишораларни оятлардан ўқиш мумкин. Қуръони каримда бешта нарсани Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди, дейилган. Шундан биттаси – онанинг қорнидаги фарзанд ўғилми ёки қизми, буни ҳеч ким билмайди, дейилган. Ҳозирги кунга келиб, кўпчиликка маълум-ки, баъзи жиҳозлар орқали онанинг қорнидаги болани туғилишидан бир неча ой олдин қиз ёки эркаклигини аниқлаш мумкин экан.

Ҳадисга қарасак, худди мана шу оятларнинг шарҳи сифатида Пайғамбар айтадилар-ки, онанинг қорнида ҳомила ётганига 42 кун бўлган вақтда осмондан бир фаришта тушиб, у туғиладиган боланинг ризқини, умрини, бахтини ёзар экан. Кейин охирида Аллоҳдан: “Ё Роббим, буни ўғил ёзайми, қиз ёзайми?” – деб сўрар экан. 42 кун бўлганда Аллоҳ таоло айтар экан: “Ўғил ёзгин” ёки “Қиз ёзгин” деб. Агар Аллоҳ Ўзи билдирмаса, бу 42 рақамини Расулуллоҳ қаердан олганлар? Энди бояги яратилган асбоблар ҳам соатма-соат 42 кун тўлмагунча ажратиб бера олмас эканлар. Шу 42 кунгача инсоннинг ҳамма аъзолари пайдо бўлар экан-у, лекин жинсий аъзоси ажрамай турар экан. Бу ёқдаги аъзолари мукаммал бўлгандан кейингина жинсий аъзоси ё ўғил,ё қизга ажрар экан. Уни эса Пайғамбаримиз ўзлари айтиб қўя қолганлар.

Демак, асбоблар ёрдамида у нарсани ажратган одам биринчи бўлиб билиб олган киши эмас. Фаришта аввал келиб, ёзган бўлади. Фаришта билди деган сўз у сирликдан чиқди, демакдир. 42 кунга қадар бола ўғил бўладими, қиз бўладими, фақат битта Зот – Аллоҳнинг Ўзига маълум эди. 42 кун бўлгандан кейин фариштасига айтди, демак, фариштасига маълум бўлди. Бу ёқда дўхтирларимиз билишган бўлишса, фариштадан кейин билган бўладилар. Мана бу ҳам фан билан диннинг ўртасини боғлашга кифоя қиладиган нарса.

(Давоми бор)