(4) ШАРИАТ ВА ЖАМИЯТ (“Ёшлик” журнали, 1992 йил)

Тошкентдаги “Тўхтабой” масжидининг имоми Обидхон Собитхон ўғли билан суҳбат

давоми

IV ҚИСМ

ТОҲИР МАЛИК:

– Яна бир масалага эътиборингизни тортаман: бундан ўн-ўн беш йил олдин чин мусулмонлар кўп эди юртимизда. Улар ҳеч нарсадан қўрқмай, фақат худо дейишар эди. Тамадан ҳам йироқ эдилар. Мана энди эркинлик берилиб, дарвозалар ланг очилгандан кейин, юрагида имони бори ҳам, йўғи ҳам кира бошлади. Намозхонликдан фақат ўз манфаати учун фойдаланадиган одамлар гуруҳи пайдо бўляпди. Кўриб қўйинглар, мен мусулмонман, мен намозхонман, мен яхши одамман, дейиш учунгина намоз ўқийдиган, онда-сонда масжидга чиқадиган мунофиқ тоифа пайдо бўлди

.

Депутатлик сайлови арафасидаги курашларда номзодини қўйган бир биродаримиз жойларда, учрашувларда намозлар ўқиб, масжидларга чиқиб юрган эди. Лекин ибодатлари қабул бўлмадими, ҳар ҳолда депутатликка ўтмади… Яқинда бир жойда ўтириб қолдик. Нима учун у сергап бўлиб кетди, десам, коньяк ичиб ўтирган экан. Ибодатлар ҳам депутатликка кураш билан бирга тугаган. Афсус-ки, бу биттагина мисол эмас. Шунинг оқибатиданми, масжидларда, баъзи имомларнинг атрофларида ислом илмининг нозик нуқталарини билмайдиган, жоҳил одамлар тўпланиб олиб, кўп келишмовчиликларни келтириб чиқаришяпди. Яъни, болаларга шўро мактабларига борманглар, деган гапларни айтишлари, жамиятга ихтилофлар соладиган гапларни айтишларини мен фақат жоҳилликдан деб тушунаман. Ислом илмидан мукаммал хабардор муллалар, уламолар бундай гапларни айтишмайди. Хўш, мана шундай бир гуруҳлар пайдо бўлган ҳолатда биз нима қилишимиз керак?

 

ОБИДХОН СОБИТХОН ЎҒЛИ:

– Шўро мактабига бормаларинг, деяётган одамларга қулоқ солинса, биз уларга юз фоиз қўшилмасак-да, лекин бу гапларнинг тагида жон борлиги кўринади. Ислом партиясини тузиш фикри қаердан пайдо бўлди? Балки, ҳозир одамларнинг эҳтиёжини қондириши керак бўлган расмий ташкилотлар ўша талабларни қондира олмаётгани, заифлик қилиб қолгани ислом партиясига эҳтиёжни юзага келтиргандир. Шунга ўхшаш, “Болаларни шўро мактабига юбормаймиз”, – деяётган кишилар нима учун шундай деяпди, деган савол ўртага қўйилса, менимча, масала ойдинлашади. Шўро мактабларининг ҳозирги аҳволи талабга жавоб бермаслигидан шундай гаплар келиб чиқяпди.

Шўро мактабларидаги ўқитиш савиясининг пастлиги, ўқиб чиқаётганларнинг кўпчилиги ўз исм-фамилиясини ҳам тўғри ёза олмаслиги, ахлоқсизлик, одобсизликнинг кучайиши бир томон бўлса, айрим ўқитувчиларнинг турғунлик даврини очиқдан-очиқ қўмсаб, болаларнинг имонига, эътиқодига дахл қилаётгани бир томон бўлиб, ачинарли ҳолатни юзага чиқаряпди. Қизларнинг рўмол ўрашлари, миллий кийинишларига қарши тазйиқлар, ҳақоратлар мусулмон одамларнинг иззат-нафсига тегмоқда.

Мусулмонларга келсак, буларнинг орасида ҳам боя айтганимиздек, хали тўлиқ шаклланмаган одамлар бор. Уларнинг жаҳли чиқариб қўйилгандан кейин нима пайдо бўлади, албатта қўпол муомала келиб чиқади-да. Хўш, у ёқда зиёлилар ақлли бўладиган бўлса, қўл остидагиларни шунақа ҳолатга келтирмасдан, бир тартибда ушлаб туришсин. Устозлар ўзларига гап орттирмаслик учун ана шунақа вазиятларни келтириб чиқармасликлари керак эди. Ўша гап-сўзлар, келишмовчиликлар мактабдан бошланяпди, шундай нохуш кайфиятларни устозларнинг ўзлари юзага келтириб қўйишяпди-да, буни кўргандан кейин ота-оналар чидамасдан боласини мактабга юбормайман, деган охирги сўзни айтиб, охирги ўқни отиб қўйишяпди.

Бу мактабларни ташлаб, болаларимизни дунёвий илмлар билан таъминлай олмаслигимиз аниқ. Болаларимизга дунёвий билимлар жуда керак, диний билимлар қатори, сув билан ҳаво сингари. Иккови ҳам жуда керак. Мусулмон боласи ибодат қилишни хоҳласа, ана шундай шароитда мактабга бориб ўқишларига қаршилик қилишга устозларнинг қонуний, ҳуқуқий асослари бормикин?.. Бундан ташқари, қизларнинг рўмоли ўқимайди, калласи ўқийди. Уларга яхшилаб илм берилса, менимча, орада зиддият ҳам келиб чиқмайди.

Давоми бор