(3) ШАРИАТ ВА ЖАМИЯТ (“Ёшлик” журнали, 1992 йил)
Тошкентдаги “Тўхтабой” масжидининг имоми Обидхон Собитхон ўғли билан суҳбат
давоми
III ҚИСМ
ТОҲИР МАЛИК:
– Алиакбаровнинг ислом илмидан хабарлари борми?
ОБИДХОН СОБИТХОН ЎҒЛИ:
– Аъзам аканинг қаерда, қайси диний китобни ўқигани ҳам номаълум, мадрасанинг юзини тамом кўрганмас. Унинг ўрнида бир мусулмон одам ишлаши керак эди. Ҳамманинг кўз ўнгида уйингизни ўғри уриб кетса, алам қиладими, йўқми? Эшитишимча, шу гаплардан кейин, Алиакбаровни ОТПУСКАГА чиқаришибди. Сувдан қуруқ чиқишнинг йўли ҳам кўп экан. Сув эса лойқаланиб қолаверар экан. Ҳа, шундай, Алиакбаровга ўхшаш аслида дин ишига мутлақо нолойиқ одамлар ёки ўшалар билан оғиз-бурун ўпишиб, уларнинг кўрсатмасисиз бирор қадам боса олмайдиган манқурт кишилар мусулмонлар ичида бор бўлган жойда фитна бўлмай иложи йўқ. “Аргументы и факты” ҳафталигининг бир неча сонларида (36, 40, 51) масиҳийларнинг черковларига ҳам даҳрийларни тиқиб ташлашгани, христианларни ҳам ўз ҳолига қўйишмагани ҳақида ўқиган бўлсангиз керак.
ТОҲИР МАЛИК:
– Жуда кўп гапларингизга қўшилган ҳолда, битта эътирозим ҳам бор. Сиз касалнинг келиб чиқиш тарихи ҳақида айтдингиз, тўғри, касални даволаётган пайтда унинг тарихига эътибор берилади, лекин кўпроқ амалий ишлар ҳам қилинади-да. Исломга бўлиб ўтган тазйиқлар, таъқиблар, таъқиқларни унутишга ҳаққимиз йўқ. Тарих – бизни тарбиялайдиган бир фан. Энди ўтмишда йўл қўйган камчиликларимиздан тўғри хулосалар чиқаришимиз керак.
Таъқиб ва тазйиқлар фақат ислом динига эмас, насроний динига, яҳудийларга – барча динларга нисбатан бўлди. Барча динларнинг йирик вакиллари қамалди, сургун қилинди, лекин яҳудий ва насроний динларига қараганда, бизнинг ислом динимиз вакиллари орасида ихтилофлар кўпроқ кўзга ташланиб қолмаяпдимикин?
Орасида кучли ихтилоф бўлган дин ёки партия давлат ишларига тўлиқ аралашиш имкониятларидан, жамиятни тозалаш, жамиятни ривожланиш ишларидан маҳрум бўлади. Аввало, мана шуни идрок қилиб олишимиз керак эмасмикин? Дин мамлакат ишларига камроқ аралашсин, деб балки, мана шу ихтилоф уруғлари атайлаб сочилаётгандир?
Биз онгсизлик қилиб, кўзимиз юмуқ ҳолда ана шу ихтилоф уруғларини татиб кўриб, нотўғри йўлдан юриб кетяпмиз. Биз Туркистон нима учун иккига бўлиниб кетганини, учта хонликнинг оқибати нима бўлганини сира унутмаслигимиз шарт. Ихтилофга сабаб бўладиган одамларни, мен таклиф қилар эдим-ки, масжидга йўлатмаслик керакмикин?
Бу баҳсли масала, албатта.
Эндиги савол, ислом ҳизби – партияси ҳақида. Айрим мусулмонлар: “Ҳеч қандай партия керак эмас, исломнинг ўзи – партия дегани. Қуръони карим – низом, ҳадислар – программа”, – дейишяпди. Мана шу масалага муносабатингиз?
ОБИДХОН СОБИТХОН ЎҒЛИ:
– Сиз: “Насроний ва яҳудий динларда унчалик бўлиниш йўқ”, – деган бир гап айтиб ўтдингиз. Бу унчалик тўғри эмас. Масиҳийлик жуда кўпга бўлиниб кетган. Бизда эса Худога шукр, бундай эмас. Ҳозирча гуруҳларга бўлиниб олиб, бир-бири билан курашиб ётганлар эса, асли, битта одамлар. Худо хоҳласа, яқинда улар бирлашиб кетадилар, ахир ҳаммалари ака-укалар-ку. Шунинг учун: “Ихтилоф уруғини сочяпсан”, – деб одамларни масжидга келтирмай қўйиш ҳам тўғри келмайдиган нарса, деб ўйлайман. Сиз айтгандай, мусулмонлардан бошқа учинчи одамлар борга ўхшайди. Адоват уруғини еб қўйиб, бир-бири билан урушаётган одамларнинг биттасини масжиддан чиқарган билан муроса тикланмайди, чунки масжиддан чиқариш – мамлакатдан, дунёдан чиқариш деган сўз эмас. Шу Ўзбекистонда бирга яшар эканмиз, бир-биримиз билан келишмасак, гоҳ у томон ғолиб, гоҳ бу томон ғолиб бўлиб, умримиз жанжал билан ўтаверади. Шунинг учун ҳаммамиз бир-биримизга ака-ука, ота-бола эканлигимизни тушунтириб боришимиз керак, Худо хоҳласа, ҳаммамиз яна бир-биримиз билан топишиб кетамиз.
Исломдаги мазҳаблар жуда унақанги кўп эмас, асосан, тўртта мазҳаб, ҳамма мазҳаб тарафдорлари бир-бирларини ҳурмат қилишлари, эътироф этишлари вожиб, аммо масиҳийликда юздан ортиқ мазҳаб борлигини китоблардан ўқиб биляпмиз, булар бир-бирини мутлақо инкор қиладиган, мутлақо тан олмайдиган даражада бўлиниб кетганлар.
Кейинги масала – ислом партияси ҳақида. “Ислом ҳизбини тузиш жуда зарур”, – деган одамларга қаршилик қилишга асосимиз йўқ. Тузмаслик керак деганлар ҳам ўзича – тўғри. “Қуръон бу – устав, ҳадис бу – программа”, – деган жўн таъбирга эса мен рози эмасман. Қуръонни уставга, ёки ҳадисни программага бараварлаштириб бўлмайди. Устав ҳам, программа ҳам одам томонидан ўйлаб чиқарилган, ўзгариб турадиган нарса. Қуръон билан ҳадис эса ҳеч қачон ўзгармайди. Менимча, кимнинг қуввати-кучи етарли бўлса, шу одам ўртага тушади, ўша одам ғолиб чиқаверади.
Ҳаракатга жон-жаҳди билан қаршилик қилаётган одамнинг эса, нимасидир бор. Ўзи заиф одамлар кўпинча кучли одамларнинг ўртага тушиб қолишидан қўрқади-да, майдонни тўсиб қолишга ҳаракат қилади. Фақат ўртада якка ўзим бўлсам, дейди. Кучли рақибга рўбарў бўлиб қолса, енгилиб қолишдан чўчийди, одамзот ўзига мустаҳкам бўлсин, ўзига ишонсин.
ТОҲИР МАЛИК:
– Мен бир нарсадан чўчийман: шу партиянинг тузилиши кучларни бўлиб ташлайдигандай туюлади. Яқин тарихимизга мурожаат қиладиган бўлсак, Октябрь инқилоби арафасида ва ундан кейин “Шўройи исломия”, “Уламо” деган жамиятлар ҳам бўлган. Инқилобчилар шундай жамиятларга бўлиниб, парча-парча бўлиб кетишган. Оқибатда, асосий мақсад, йўналишлари бир четда қолиб кетиб, қилган ишлари бир-бирлари билан олишишдан иборат бўлиб қолган. Ислом партиясининг юзага келиши шундай оқибатларни бошимизга солмасмикин, деган ташвишимиз ҳам бор.
ОБИДХОН СОБИТХОН ЎҒЛИ:
– Назаримда, ташвишга ўрин йўқ. Кўрайлик, одамлар ҳаракат қилиб кўрсин. Агар кераксиз бир куч сифатида майдонга чиқса, ҳаётнинг ўзи бир четга суриб қўяди. Бундай ҳоллар тарихда жуда кўп бўлган. Ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам жуда кўп жамиятлар юзага чиқишган, лекин йил ўтар-ўтмай совун кўпигидай йўқ бўлиб, жимиб кетишган.
(Давоми бор)